Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:29

Германия элчихонаси пикет қилинди


“Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” 5 декабрь куни Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси ёнида пикет ўтказди. Улар Германия ҳукумати президент Каримов режимини қўллаётганидан норозилик билдирди.

Уларнинг қўлларидаги плакатларда эса “Германия, диктатор Каримовни олиб кет!” деган чақириқлар бор эди, деб хабар қилади “Uznews.net” ахборот сайти.

“Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” вакиллари фикрича, Германия “Ўзбекистон президенти Каримовнинг диктаторлик режимини ошкора қўлламоқда” ва у расмий Тошкент билан мулоқотларни сақлаб қолиш ташаббуси билан чиққан давлатдир.

“Мен Германия Бундестагининг инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолари билан Тошкентдаги элчихонада ўтган учрашувда қатнашган эдим. Учрашув давомида Германия расмийлари расмий Тошкент билан алоқаларни тиклаш тарафдори экани, агар бу мулоқотлар тикланса, мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳам ўнгланишини қайта-қайта таъкидлаган эди. Аммо альянсимиз аъзолари бу фикрга қўшилмайди. Шу боис, биз Германия элчихонаси ёнида пикет ўтказишга қарор қилдик”, - деди альянс вакиласи Елена Урлаева.

“Европа ва умуман халқаро ҳамжамият президент Каримовнинг диктаторлик режимини жазолаши керак, - деди сўзида давом этиб Е.Урлаева. - Бундан ташқари, бу режимга бойкот эълон қилиш лозим ва Андижон воқелари, геноцид ва бизга нисбатан муносабати учун бу режим трибуналга тортилишини талаб қилиш керак”.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда қолган бир ҳовуч ҳуқуқ ҳимоячилари тобора қаттиқ сиқувга олинмоқда. Айниқса, уларни уй қамоғига ушлаб туриш, хонадонларини телефон алоқаси ва электр таъминотидан узиб қўйиш ҳоллари бўлмоқда.

“Ҳозир альянс идорасида электр токи йўқ. Аксар вакилларимиз телефонлари узиб қўйилган. Масалан, ҳозир ҳам менинг уйимда чироқ йўқ”, - дейди Е.Урлаева.

“Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” вакиллари Германия элчихонаси ёнида ўтказилган пикет немис халқига нодўстона муносабат тарзида қабул қилинмаслиги кераклиги, бу фақатгина диктатура режимини қўллаётган Германия ҳукуматига қарши норозилик ифодаси эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG