Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:46

Андижонлик диндорларнинг “сиёсий ҳушёрлиги”


АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистонни эътиқод эркинлиги борасида ўта хавотирли давлатлар сафига киритганини ноҳақ ҳисоблаган андижонлик турли дин пешволари Американинг Ўзбекистондаги элчиси номига мурожаатнома йўллади.

Бу мурожаатда Андижон вилоятида яшаётган турли миллат ва конфессия вакиллари АҚШ Давлат департаменти ҳисоботидаги Ўзбекистонга оид хулосалардан, “юмшоқ айтганда, таажжуб” билдирилган.

“Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг бу қарор Америка ташқи сиёсат бошқармаларининг дин ва эътиқод эркинлиги каби долзарб масалага бир ёқлама ёндашуви ва икки хил стандарт қўллашига яна бир яққол далил экани ҳақидаги нуқтаи назарини биз тўлиқ қувватлаймиз. Биз тушуна олмаяпмиз, АҚШ раҳбарияти мамлакатимизда диний эркинлик вазиятини баҳолаётганда нимага таянган экан? Балки фаолияти мамлакатимизда қонун билан тақиқланган турли диний-экстремистик ташкилотлар устидан бораётган суд жараёнлари бунга асос бўлгандир? Балки айрим сектант черковлар Адлия вазирлигида рўйхатга олинмаганига асослангандир? Ёки Муна черкови, “Аум синрикё” ёки “Ҳизб ут-таҳрир” диний ташкилотлари рўйхатга олинмагани Давлат департаментига ёқмадими?”, - дейилади мурожаатномада.

Унда бунақа масалалар мустақил ва суверен Ўзбекистоннинг тўлиқ ички иши экани яна бир карра таъкидланади.

Мурожаатномага имзо чекканлар эса Андижон шаҳри рус православ черкови бош руҳонийси Бочаров, Андижон вилояти қирғиз маданият маркази бошқаруви раиси Маматов, Андижон вилояти корейс маданият маркази раиси ўринбосари Цой, шунингдек, арман маданият маркази раҳбари ва Шаҳрихон тумани имом хатиби Турғуновдир.

Бир неча электрон оммавий ахборот воситалари чоп қилган бу мурожаат эгалари, афсуски, радиога интервью беришдан бош тортди. Хусусан, Андижон шаҳри рус православ черкови бош руҳонийси идорасидан: “Биз бунақа интервьюлар бермаймиз. Биз метрополит билан аввалдан келишиб олишимиз керак. У хўп деса, марҳамат. Хуллас, бу масалаларда бизга мурожаат қилманг”, - деган қисқа жавоб олинди.

Андижонлик дин пешволарининг Ўзбекистон ҳукуматини қувватлаб қилган бу чиқиши ҳукумат томонидан уюштирилган бўлиши мумкин.

“Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон ҳукумати буюртмасига кўра уюштирилган чиқиш. Акс ҳолда у Андижондан ташқарига чиқмаган бўлар эди. Ҳозир Андижон, айниқса, вилоятдаги диний гуруҳлар қаттиқ назорат остида. АҚШ Давлат департаментининг бундай хулоса қилишига эса етарли асослар бор ва биз буни биламиз. Ўзбекистонда ҳамма дин вакилларининг ҳуқуқи чекланган. Масалан, биргина Андижонда масжид, черков ва диний маросимлар борадиган бошқа жойларда ҳатто микрофондан фойдаланиш тақиқланган. Рўйхатдан ўтган масжидлардан ҳам азон овозини пасайтириш талаб қилиняпти. Фаол дин пешволари, қайси динда бўлишидан қатъий назар, мунтазам назоратда”, - дейди маълум сабабларга кўра ўз исмини ошкор этмаган андижонлик диншунос мутахассис.

Ўзбекистонда диний эътиқоди учун қамалган 7 мингдан ортиқ бегуноҳ маҳбус борлиги айтилади. Уларнинг ҳаммаси бегуноҳми ёки орасида экстремистлар борми? Умуман экстремистларнинг Ўзбекистонга қанчалик хавфи бор?

Андижонлик диншунос мутахассис диний-экстремистик руҳдаги диндорлар пайдо бўлганини инкор этмайди.

“Дастлаб Тожикистон ва Кавказ ўлкаларида шундай ҳаракатлар кузатилган. Аммо улар Ўзбекистон учун жиддий хавф бўлган эмас. Яъни бундай кайфиятда уюшган куч мамлакатда йўқ ва бўлмаган ҳам. Каримов режими эса “иштони йўқнинг чўпдан ҳадиги бор” қабилида иш тутиб, “экстремист” тамғаси ноҳақ босилган норозиларнинг бутун бошли қатламини яратди. Ҳозирги ёш авлоднинг энг сара, илмли вакилларини мунтазам қамаяпти. Бунинг ортидан интеллектуал қатламда тўпланаётган норозилик кайфияти билан эса ўйнашиб бўлмайди”, - дейди мутахассис.
XS
SM
MD
LG