Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:30

Ўзбекистон Европага эшикларини яна очмоқчи


Ўзбекистон яқин келажакда Ғарб тузилмалари билан ҳамкорлигини қайта тиклаш ниятидадир. Расмий Тошкент ўзига мойил Германиянинг Европа Иттифоқи раҳбарлигига киришганидан унумли фойдаланмоқчи.

Бу ҳақда гапирган ҳукумат мулозими Ўзбекистон нафақат Россия, балки кенг халқаро жамоатчилик билан яқин муносабат ўрнатишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Аммо Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатларни қайта ўрнатиш осон бўладими?

АҚШнинг Жон Ҳопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти вакили Сванте Корнелл бу борада тўсиқлар йўқ эмаслигини айтади.

“ЕИ якка сиёсий ўйинчи эмас. Тузилма Марказий Осиё борасида ягона ташқи сиёсатга ҳам эга эмас. Бу эса турли давлатларнинг Ўзбекистондаги манфаатлари ЕИнинг умумий манфаатлари билан тўқнаш келиши мумкин, деганидир. Германиянинг Марказий Осиёдаги нуфузи Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилаш йўлида қўл келиши мумкин”, - дейди С.Корнелл.

Ўзбекистон расмийлари ЕИнинг Андижондаги қонли воқеалар борасидаги мавқеи жиддий юмшатилишига умид боғламоқда.

Ўзбекистон Андижон воқеалари юзасидан халқаро тергов ўтказилишига ижозат бермаган эса-да, ЕИ мутахассисларининг Тошкентга келиб, бу воқеани рамзий ўрганишига имконият яратди.

“Гап энди ЕИ қолди...”,– дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозими.

Айни пайтда Европа парламентининг айрим аъзолари Ўзбекистон конституциясига киритилиши кутилаётган янги ўзгаришларни “демократик”, дея олқишлади.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган ҳукумат мулозими расмий Тошкент минтақада Россиянинг ортиб бораётган таъсирига мувозанат яратиш мақсадида ЕИ билан муносабат ўрнатаётганини яширмади. Аммо АҚШ билан муносабат ўрнатиш кун тартибида эмаслигини таъкидлади.

С.Корнелл эса МО давлатларининг АҚШ билан муносабатлари Москвада кўплаб эътирозларга сабаб бўлганини эслар экан: “Минтақа давлатларининг ЕИ билан муносабат ўрнатаётганидан эса Москва унчалик ташвишда эмас. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати Россия билан алоқаларини ёмонлаштирмасдан ЕИ билан алоқа ўрнатиши мумкин”, - деди.

Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари масаласини доимо ёдига солиб келадиган Ғарб давлатларидан ўзини изоляция қилган эди. Шундан буён мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашгани ҳам қайд этилади.

Кузатувчилар фикрича, ЕИ билан сиёсий яқинлик вазиятни бир қадар ўнглаши мумкин.

“Муҳими, Ўзбекистон ҳукумати Ғарб билан ёмонлашган муносабатларини тикламоқчи. Ҳозирча фақат Европа давлатларига кўпроқ эътибор берилаётган бўлса ҳам майли. Ҳар қалай Ўзбекистон ҳукумати Россия билан ҳаддан зиёд иттифоқчилик давлатнинг миллий манфаатларига зид эканини англамоқда”, - деди С.Корнелл.
XS
SM
MD
LG