Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:22

“Zeromax” “Oxus Gold”ни қарз ботқоғидан олиб чиқмоқда


Ўзбекистоннинг Навоий вилояти апелляция суди Буюк Британиянинг “Oxus Gold” олтин қазиб чиқариш корхонасига юкланган катта миқдордаги жарима миқдорини кескин камайтирди.

Солиқдан бўйин товлаганлик ва бошқа айблар билан корхонага юкланган 225 миллион долларга яқин жаримадан 208 миллиони олиб ташланадиган бўлди.

Бу айблов “Oxus Gold”нинг Ўзбекистонда олтин қазиб олиш билан шуғулланувчи “Омонтойтов Голдфилдc” қўшма корхонасига нисбатан илгари сурилганди. Натижада корхона жиддий инқирозга тушиб қолганди. Айрим кузатувчилар “Oxus Gold”нинг бу инқирозни осонлик билан енгиши унинг Ўзбекистонда ўта қудратли ҳисобланиладиган “Zeromax” компанияси билан ўрнатган иттифоқчилиги натижаси эканини айтмоқда.

“Биз Ўзбекистоннинг қонуний суд жараёнидан ўтиб, керакли натижаларга эришдик. Биз ўз акциядорларимиз ва ҳукумат тавсияларига амал қилдик”, – деди “Oxus Gold” компанияси директори Ричард Уилкинс суд натижалари борасида изоҳ берар экан.

Айни пайтда компанияга қўйилаётган 17 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бошқа жарималар юзасидан ҳам суд жараёнлари давом этмоқда. Аммо компанияни банкрот қилиши мумкин бўлган асосий жарималарнинг бекор бўлиши “Oxus Gold”нинг Ўзбекистондаги фаолияти давом этишини англатади.

Ричард Уилкинснинг ишонишича, “Oxus Gold”нинг “Zeromax” билан ҳамкорлиги энди “Омонтойтов Голдфилс” учун Ўзбекистондаги фаолиятини ҳатто кенгайтириш имкониятини беради.

“Бизнинг ишонишимизча, бу жуда ҳам ижобий ҳамкорлик. “Zeromax” билан ҳамкорлигимиз Ўзбекистондаги бизнесимизни кенгайтиришга имкон беради”, – деди Ричард Уилкинс.

Ўзбекистонда энг даромадли соҳаларда жадал фаолият юргизаётган Швейцариянинг “Zeromax” компаниясига ўзбекистонлик бизнесмен Миродил Жалолов 2000 йилда асос солган ва бугунга қадар унга раҳбарлик қилиб келади.

“Oxus Gold” мураккаб суд жараёнини бошдан кечираётган бир вазиятда “Zeromax” унинг 16 фоиз акциясини сотиб олган эди. “Zeromax”нинг Швейцариядаги ижрочи директори Икром Ёқубов сўзларига кўра, “Zeromax” шу йўл орқали нафақат даромад кўриш, балки компанияни сақлаб қолишни кўзлаган эди.

Ўзбекистон солиқ идоралари ҳали ҳам “Oxus Gold”ни солиққа тортиш бўйича жараённи қайта бошлаши мумкин. Аммо компаниянинг Ўзбекистон ҳукумат доиралари билан яқин алоқа ўрнатган “Zeromax” билан ҳамкорлиги уни келажакда бу каби таҳдидлардан ҳам ҳимоя қилиши эҳтимолдан холи эмас.
XS
SM
MD
LG