Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:03

Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги мустаҳкам...ми?


2005 йилги Андижондаги воқеалардан сўнг Ўзбекистон ва Россия ўртасида тобора ривожланиб бораётгандек кўринаётган алоқалар борасида кузатувчилар турлича фикрлар билдирмоқда.

Ўзбекистондаги Минтақавий сиёсат жамғармаси раҳбари Сайфуддин Жўраев “Press-uz.info” сайтига берган интервьюсида 2006 йилда Ўзбекистон ва Россия алоқаларининг ривожланиш динамикаси икки давлатнинг муҳим миллий манфаатлари бир-бирига жуда яқинлигини, халқаро хавфсизлик масалаларидаги қарашлар бир хил экани ва халқаро соҳада томонлар бир-бирларини чуқур тушуниши ва қўллаб-қувватлашга интилаётганини кўрсатганини айтган.

Бироқ айрим кузатувчилар Ўзбекистон ва Россия муносабатлари сунъий равишда ривожланмоқда, деган фикрда. Аслида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари қандай?

С.Жўраев сўзларига кўра, 2005 йилда Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 2 миллиард доллардан ошган. 2006 йилда эса бу кўрсаткич 25-30 фоиз ошиши тахмин қилинмоқда. Бошқа манбаларга кўра, ўтган йил Ўзбекистонда 430 та Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси, Россияда эса 284 та Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолият юритган.

Россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳар қандай ҳамкорлик мустаҳкам бўлиши табиий ҳол эканини айтади.

“Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар қанчалар яқин бўлишидан қатъи назар, бу ҳамкорликдан қочиб қутулиб ва унга халал бериб бўлмайди. Албатта, сунъий тўсиқлар билан халал бериш мумкин. Масалан, 90- йиллар охирида Ўзбекистон президенти билан Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин ўртасидаги муносабатлар бузилгач шундай бўлган эди. Шунга қарамай, Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги муносабатларни бузиш жуда қийин. Чунки икки халқни жуда кўп тарихий ва маданий ришталар боғлаб туради”, – дейди А.Дубнов.

А.Дубнов Ўзбекистон, айниқса, ҳарбий соҳада Россиядан ички бозор нархида қуроллар сотиб олишдан, иқтисодий соҳада эса Россия инвестициясидан фойда кўраётганини таъкидлади.

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун Россия ва умуман МДҲдан яхшироқ бозор йўқ. Айниқса, Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан иқтисодий ва бошқа санкциялар жорий этган ҳозирги пайтда. Россиядаги ишчи ўринлари ва Россиянинг Ўзбекистонга ётқизиши мумкин бўлган инвестициялари оддий ўзбекистонлик учун катта ёрдам ҳисобланади ”, - деди россиялик таҳлилчи.

Бироқ ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев бу фикрларга қўшилмади.

“Биз қанақадир мавҳум, фақат мутахассисларга аён кўрсаткичлар нуқтаи назаридан эмас, балки халқ кўзи билан қарасак, муносабатларнинг кучайиши, товар оқимларининг Ўзбекистондан Россияга бориши ёки Россиядан Ўзбекистонга келиши кузатилаётгани йўқ. Биринчи навбатда, Россия томонидан Ўзбекистонга гуманитар ёрдамларнинг деярли йўқлигини кўрсатиш керак. Агар Америка билан стратегик ҳамкорлик вақтида ўнлаб ташкилотлар Тошкентда фаолият олиб борган ва улар ҳаётнинг турли жабҳаларида конкрет шахсларга, халққа, фуқароларга ёрдамлар ва хизматлар кўрсатган бўлса, ҳозир Россия томонидан бу борада бирор иш олиб борилаётганидан бехабармиз. Шунингдек, Россиядан кенг истеъмол моллари ва бошқа маҳсулотларнинг келиши ва ҳатто маданий соҳада ҳам кўзга ташланарлик борди-келди ёки бир жонланиш кузатилаётгани йўқ. Ўзбекистонлик мардикорлар ҳақида гапирсак, улар аввал ҳам бўлган ва МДҲ доирасида эришилган битмлар асосида уларга имкон яратилган. Лекин ўзбекистонлик мардикорларнинг алоҳида ҳимоя қилинаётгани ёки улар ўзаро битимлар асосида ишлаётгани тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ”, - деди К.Алиев.
XS
SM
MD
LG