Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:31

Жавобсиз қолаётган саволлар


Ўзбекистонда президент сайлови ва давлат раҳбарининг ваколат муддати хусусида билдирилаётган кескин қарама-қарши фикрлар мамлакат қонунчилигидаги парадокслар натижаси сифатида кўрилмоқда.

Ўзбекистон қонунчилигига, аниқроғи, “Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайловлар тўғрисида”ги қонунга биноан мамлакат президентининг ваколат муддати у қасамёдга келтирилган кундан расман бошланган, деб ҳисобланади.

2000 йил 22 январь куни президент Ислом Каримов 250 депутат қаршисида қасамёд қабул қилган ва демак шу кундан унинг президентликдаги иккинчи муддати бошланган бўлади. 2007 йил 22 январь куни мамлакат қонунчилигига биноан унинг 7 йиллик президентлик муддати тугайди.

Аммо кейинги президентни сайлаш, президентлик сайлови масалаларида расмий Тошкент мутлақо сукут сақлаб турган бир пайтда президентликка номзодини илгари сураётган гуруҳлар бу ҳақда ўзлари сўраб, суриштириб билишга уринмоқда.

Шундай гуруҳлардан бири президентликка иқтисодчи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Жаҳонгир Шосалимов номзодини илгари сурмоқчи. Куни-кеча Ж.Шосалимов ўз сафдошлари билан Марказий сайлов комиссиясига борган ва комиссия аъзоси Жаноббой Содиқов билан учрашиб, баъзи саволларга жавоб олишга уринган.

“Биз ҳурматли президентимиз Ислом Каримовнинг муддати 2007 йил 22 январда тугаши ва ундан кейин ҳолатлар бўйича савол-жавоб қилдик. МСК аъзоси Жаноббой Қосимов бизга президентлик сайлови Олий Мажлис раисининг 2002 йил 5 апрелдаги 337-11-қарори асосида 2007 йил 23 декабрга белгиланганини айтди. Ҳозирги президентнинг Конституция бўйича беш йил, кейин референдум йўли билан 7 йилга чўзилган ваколат муддати 22 январда тугайди. Ундан кейин пайдо бўладиган ҳуқуқий бўшлиқ эса Олий Мажлис раиси қарорида кўзда тутилмаган. Бу ҳақдаги саволларимизга эса мулозим жавоб бера олмаслиги, агар эътирозларимиз бўлса, Конституцивий судга мурожаат қилишимиз мумкинлигини айтди. Биз эса қонунларни ҳурмат қиламиз. Аммо ноқонуний қонунларга кўра иш тута олмаймиз. Шунинг учун мен президентлик учун номзодликка даъвогар сифатида бу масала бўйича ечим чиқариб беришини сўраб, Конституциявий судга мурожаат қилмоқчиман”, - дейди Ж.Шосалимов.

Ўзбекистонда 2007 йил сайлов руҳида ўтишига оптимистлик руҳида умид билдираётган ўзбекистонлик иқтисодчининг Конституцияга биноан амалдаги президентнинг ваколат муддати тугайдиган 2007 йил 22 январдан сайлов ўтказилиши кутилаётган 2007 йил 23 декабргача бўлган даврда давлат раҳбарининг легитим ёки легитим эмаслиги каби масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида МСКдан жавоб олишга уриниши натижа бермаган.

Ўзбекистонлик жамиятшунос Комрон Алиев ҳам президент ваколати ва янги сайлов муддати борасидаги чалкашликлар жавобсиз қолаётганини айтади.

“Ҳозир бу масала ҳақида Ўзбекистон расмийлари мутлақ жим. Сукутда. Шу боис, айни мавзудаги ҳар қандай саволга ёзма равишда расмий жавоб олинсагина бир нарса дейиш мумкин. Аммо бундай расмий жавобни бера оладиган амалдорнинг топилиши ҳозир даргумон. Чунки ҳақиқатда ҳам мураккаб вазият юзага келган. Конституция бўйича 22 январда амалдаги президентнинг ваколат муддати тугайди. Аммо ҳукумат сайловни 23 декабрга қолдирган экан, бунга асос қилиб келтирадиган ҳужжатлари ҳам бор бўлиши керак. Аммо қанақа ҳужжат булар? Буни тахмин қилиш қийин”, - дейди К.Алиев.
XS
SM
MD
LG