Халқаро хабарлар
Афғонистон ташқи ишлар вазири Додфар Спанта БМТнинг янги раиси Пан Ги Мунга мактуб йўллаб, Покистоннинг икки давлат чегарасига тўсиқ ўрнатиш ва уни миналаштириш режасидан ташвиш билдирди.
“Европа ва Осиёнинг узоқ йиллик тажрибаси шуни кўрсатдики, тўсиқ тортиш ва мина ўрнатиш миллатларнинг бирлашиши ва тинчликнинг равнақ топишига олиб келмайди”, - деди вазирлик вакили.
Кун янгиликлари
Трамп сайловчилар овоз беришига кўра 312 та овоз йиғди
Қўшма Штатлардаги Сайловчилар ҳайъати ноябрь ойида бўлиб ўтган сайловга мувофиқ равишда Дональд Трампга овоз беришган.
CNN хабарига кўра, республикачи Трамп 312 та, унинг рақиби – Демократик партия тамсилчиси Камала Ҳаррис эса 226 та овоз олган. Президентликка сайланиш учун Сайловчилар ҳайъатининг 538 та овозидан 270 тасини йиғиш лозим эди.
Овозлар ҳар бир штатдаги сайлов натижаларига қатъий риоя қилинган ҳолда берилган.
Сайловчилар ҳайъати бир жойда тўпланмайди – овоз бериш ҳар бир штатда алоҳида-алоҳида ўтказилади. CNN бу гал ҳам ўтган сафарги сайловда бўлган каби сайлов натижасига қарши чиққан сайловчи бўлган эмас.
Конгресс Трампни 6 январь куни расман ғолиб деб эълон қилади, 20 январь куни эса сайланган президент қасамёдга келтирилади. Бу Дональд Трамп учун иккинчи президентлик муддати бўлади. У 2017-2021 йилларда ҳам АҚШ президенти вазифасини бажарган.
БМТнинг Суриядаги элчиси: Ўтиш даври ва янги қонунлар лозим
БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен Дамашққа ташрифини якунлади. Мамлакатнинг янги раҳбарияти билан учрашган БМТ махсус вакили: “Янги Суриянинг бошланишини кўриш умиди бор”, дея некбинона тахмини билан ўртоқлашди. Педерсенга кўра, бу умидни амалга ошириш учун Сурияда янги конституция қабул қилиниши лозим.
“Евроньюс” хабарига кўра, БМТ махсус вакили бутун Сурия жамоатчилиги ишончига сазовор бўлган сиёсий ўтиш даври заруратига эътибор қаратган.
Педерсен 18 декабрь куни журналистлар билан суҳбат чоғида, жумладан, янги конституция сурияликларнинг барчаси томонидан қабул қилинадиган янги ижтимоий келишувни таъминлаши кераклигини айтган. Ўташ даври тугаганидан сўнг, БМТ махсус вакилига кўра, эркин сайлов ўтказиш лозим бўлади.
Ҳозирги пайтда Сурияни назорат қилаётган исёнчиларнинг асосий кучи “Ҳайъат Таҳрир уш-Шом” гуруҳи бўлиб ҳисобланади. Унинг БМТ вакили Гейр Педерсен билан муҳокама қилинган йўналишларга риоя қилиш-қилмаслиги ҳозирча ноаниқ бўлиб қолмоқда. Ҳукмрон гуруҳ муваққат маъмурият тузган, у “қутқарув ҳукумати” аъзолари томонидан ташкил этилгани айтилмоқда.
Амалдаги ҳокимият мамлакатни 2025 йилнинг март ойигача назорат қилади, бироқ Жўлоний номи билан танилган янги ҳукмрон Аҳмад аш-Шаръа янги легитим ҳукуматга ўтиш қай тартибда амалга оширилишига оид саволга аниқ жавоб берган эмас, дея қайд этилган “Евроньюс” мақоласида.
Москвада бошпана сўраш учун келган қорақалпоғистонлик фаол ушланди
Москвадаги “Шереметьево” аэропортининг паспорт назоратида Ўзбекистон сўрови билан қорақалпоғистонлик фаол Жеткербай Абдираманов қўлга олинган. У бошпана сўраш мақсадида Россияга учиб келган эди. Бу ҳақда Туркманистон Хельсинки фонди ҳуқуқбон Виталий Пономарёвдан олинган маълумотга таянган ҳолда маълум қилди.
Абдираманов Россияга Бирлашган Араб Амирликларидан учиб келган. У Ўзбекистонда констутуциявий тузумга тажовуз қилиш (Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-банди) ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш (ЖК 244-1 моддасининг 3-банди) моддалари бўйича қидирувга берилган. Россия Чегара хизмати ходими Пономарёв билан суҳбатда фаол депортация қилинмаслиги, балки экстрадиция иши бўйича эҳтиёт чорасини белгилаш учун судга олиб кетилишини билдирган. Фаолдан бошпана сўрашга оид ариза қабул қилишдан бош тортилган, чунки, россиялик чегарачига кўра, бу уларнинг вазифаси эмас.
Ўзбекистонда ўзига қарши жиноят иши очилганидан кейин Абдираманов Қозоғистонга кетган, бироқ 2022 йил ёзида у Ўзбекистон конституциясига Қорақалпоғистонни суверенитет ҳуқуқидан маҳрум қилиш кўзда тутилган тузатишлар киритилишига қарши имзо тўплагани учун қўлга олинган. 2023 йилнинг январь ойи охирида у миграция қонунчилигини бузгани учун Қирғизистонга чиқариб юборилган.
Абдираманов Қирғизистондан Туркияга учиб кетган, кейин эса бошпана сўраш учун Молдовага йўл олган, бироқ у ортига қайтариб юборилган. Пономарёвга кўра, бир неча кун олдин фаол Истанбулдан БААга депортация қилинган, эндиликда унинг Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистонга кириши тақиқланган. Абдирамановнинг танишлари Россиядан бошпана сўраш “иложсизлик уриниши” бўлганини айтишмоқда.
2022 йил кузида Қозоғистонда қорақалпоғистонлик камида беш нафар фаол ҳибсга олинган. Уларнинг ҳаммаси мамлакатдан бошпана олиш учун илтимоснома топширишган, бироқ судлар бу аризаларни рад этган. Бунинг ортидан БМТнинг Қозоғистондаги доимий мувофиқлашувчиси офиси Остонани қорақалпоғистонлик фаолларнинг бошпана сўрашга оид аризаси миллий ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига мувофиқ равишда кўриб чиқилишини кафолатлашга чақирган.
2022 йил июль ойи бошида Нукусда норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Бу чиқишлар расмий Тошкент Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва унинг мамлакат таркибидан чиқиш ҳуқуқини бекор қилиш кўзда тутилган Ўзбекистон Конституциясининг янги лойиҳасини эълон қилгани ортидан бошланган. Мазкур воқеалар мустақил Ўзбекистон тарихида 2005 йили Андижонда кузатилган чиқишлардан кейинги энг қонли воқеалар бўлган. Ўзбекистон расмийлари маълумотига кўра, икки кун ичида Нукусда 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши тан жароҳати олган. Ўшанда 500 киши қўлга олинган эди.
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти (HRW) Қорақалпоғистонда куч ишлатар тузилмалар ходимлари тинч намойишчиларга нисбатан ҳаддан зиёд куч қўлланилгани, натижада кўплаб одам оғир жароҳатлар олгани ёки ўлдирилганини қайд этган. Норозилик намойишлари ортидан Конституцияга баҳсли тузатишлар бекор қилинган. Ўзбекистон расмийлари тартибсизликлар уюштирилишида “ташқи кучлар”ни айблашган.
Сурия янги ҳукумати: Москва ўз ҳозирлигини қайта кўриб чиқиши лозим
Суриянинг янги ўтиш даври ҳукумати сиёсий бўлими вакили Убайда Арнавут Москва иттифоқчиси — собиқ президент Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Россияни бу мамлакатдаги ўз ҳарбий ҳозирлигини қайта кўриб чиқишга чақирди. Бу ҳақда Euronews хабар қилди.
“Мен Россия Сурия ҳудудидаги ўз ҳозирлиги ва ўз манфаатларини қайта кўриб чиқиши лозим, деб ҳисоблайман”, деган Арнавут. Унга кўра, Москва ўзида “Сурия халқига қарши душманлик йўқ”лигини намойиш қилиш учун янги маъмурият билан ҳамкорлик қилиши мумкин.
Россия Сурияда иккита ҳарбий базага эга: булар Латакия порти яқинидаги Хмеймим ҳаво базаси ва Ўртаер денгизи соҳилида жойлашган Тартусдаги ҳарбий-денгиз базасидир. У ерда россиялик ҳарбийлар ҳозирлигига оид шартнома Москва билан Дамашқ томонидан 2017 йилда 49 йил муддатга тузилган. Мазкур базалар Кремлнинг стратегик жиҳатдан энг муҳим объектларидан бўлиб ҳисобланади.
Тартусдаги база айниқса жуда аҳамиятли, чунки у Россияга тўғридан-тўғри Ўртаер денгизига чиқиш учун ягона йўл, денгиз машқлари ўтказиш ва ҳарбий кемалар жойлаштириш учун ягона нуқта ўлароқ хизмат қилади.
Ғарб разведкаси ва таҳлилчилар Россия қўшинлари Суриядан олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида маълум қилишган, бироқ Москва ҳали бу маълумотни тасдиқлаганича йўқ.
Аввалроқ Россия ҳарбий техникасининг катта карвони Латакиядан Тартус тарафга қараб йўлга чиққани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Тадқиқотчилар сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилишиб, Тартусдаги базага юк машиналари ва БТРлар келганини аниқлашган. Айни пайтда тасвирларда ҳарбийлар ҳам, транспорт кемалари ҳам кўринмайди.
Бундан ташқари, Россия сўнгги кунларда Дамашқ яқинидаги ҳудудлардан Латакиядаги Хмеймим ҳаво базасига камида 400 нафар ҳарбийни йўллагани ҳақида хабар қилинган эди.
Кремль сўзчиси Дмитрий Песков куни кеча Сурияда Россия базаларининг ҳозирлиги масаласига ҳозирча аниқлик киритилмагани ва у янги расмийлар билан мулоқот йўли билан ҳал қилинишини билдирган.
Аксилҳукумат кучлари томонидан Дамашқ эгаллаб олингани ортидан бир ҳафта ўтар-ўтмас россиялик ҳарбийларнинг кўчирилиши Россия қўшинлари Суриядан олиб чиқиб кетилиши мумкинлигига оид тахминлар урчишига сабаб бўлган.
Ўз навбатида, CNN телеканали манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда Россия кемалари Тартусдан Ливияга йўл олгани ҳақида хабар қилди. Телеканал суҳбатдошларига кўра, айни пайтда Россия Бенғози портидан база тақдим этиш талаби билан мамлакатнинг катта қисмини назорат қилаётган маршал Халифа Хафтарга кучли босим ўтказмоқда.
НАТО иттифоқи Украинага ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштиради
НАТО иттифоқи ғарб ўлкаларидан Украинага ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштириш вазифасини ўз зиммасига олди. Бу НАТОга нисбатан скептик кайфиятда бўлган АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампдан дастак механизмини ҳимоялашга қаратилган қадам ўлароқ кўрилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.
Бироқ дипломатлар, Трамп даврида АҚШ ўз дастагини қисқартириш орқали Украинага ҳали ҳам жиддий зарар бериши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда, НАТОга ваколатлар берилиши чекланган самарага эга бўлиши мумкинлигини эътироф этишмоқда. АҚШ НАТОнинг Киевга ҳарбий ёрдамнинг энг катта қисмини етказиб берувчи устун кучи бўлиб ҳисобланади.
Кейинги йилнинг 20 январидан президентлик ваколатларини қабул қилиб оладиган Трамп Украинадаги урушни тез орада якунлаш истагини билдирган.
НАТОнинг Украинадаги янги миссияси штаби (NSATU) Германиянинг Висбаден шаҳрида жойлашган Clay Barracks АҚШ базасида жойлашган.
Ўтган йиллар ичида ғарбдан Украинага ҳарбий ёрдам юклари етказилишини тақрибан 50 та мамлакатни ўз ичига олган ва АҚШ етакчилик қилган Ramstein гуруҳи мувофиқлаштириб келган. Рамштайн гуруҳи мажлислари Германиядаги АҚШ базасида ўтказилган.
Польша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш ўтган ҳафтада Reuters агентлигига берган интервьюсида НАТОнинг Вашингтондаги саммитидан кейин альянс Ясенкадаги чорраҳа учун катта масъулияни ўз зиммасига олганини билдирган. Польша Украинага хориждан ёрдам беришда асосий транзит нуқтаси бўлиб ҳисобланади.
АҚШ: Мэдисондаги мактабда чиққан отишмада камида 4 киши ҳалок бўлди
АҚШнинг Висконсин штати Мэдисон шаҳридаги мактабда 16 декабрь куни номаълум шахс мактабда одамларни ўққа тутган. Маҳаллий полиция ҳодиса чоғида ҳужумчи дохил камида тўрт киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган. Яна камида олти киши жароҳатлар билан касалхонага етказилган.
Христианлик мактабида отишма маҳаллий вақт билан эрталабки соат 11 ларда содир бўлган. Ҳужумчи ўсмир бўлгани айтилмоқда. Полиция унинг шу мактаб ўқувчиси бўлганини истисно қилмаяпти, бироқ ҳали конкрет маълумотларни келтиргани йўқ. Шунингдек, ҳужумчининг полиция томонидан отиб ўлдирилганми ёки ўзини ўзи ўлдирганми − бу ҳам ҳамон очиқланган эмас.
Ўқувчилар ва ўқитувчилар мактабдан эвакуация қилинган, мактаб яқинидаги кварталлар ўраб олинган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳужумчи якка тарзда ҳаракат қилган бўлиши мумкинлигини айтишиб, шаҳардаги бошқа мактаблар ва жамоат жойлари учун хавф йўқлигини билдиришган.
2024 йил бошидан буён АҚШдаги мактаб ва бошқа ўқув даргоҳларида 322 та отишма ҳодисаси қайд этилган, яъни кунига ўртача қарийб биттадан отишма тўғри келган. Бу ҳолатларнинг аксариятида қурбонлар бўлган эмас.
Судья Нью-Йоркдаги иш бўйича Трампнинг айбдорлигига оид қарорни бекор қилмади
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида 16 декабрь куни судья 2016 йилдаги сайлов кампанияси чоғида сайлов жамғармасидан ноқонуний равишда маблағ харфлаганликка оид иш юзасидан Дональд Трампни айбдор деб топиш бўйича суд ҳайъати томонидан чиқарилган ҳукмни бекор қилишдан бош тортди.
Судья Хуан Мерчан Трамп адвокатларининг мамлакат Олий судининг президент ўз расмий ваколатлари доирасида амалга оширилган хатти-ҳаракатлари учун таъқиб қилинмаслиги ҳақидаги қарори Дональд Трампни бу иш бўйича жавобгарликдан озод қилишига оид важларини рад қилган. Айблов вакиллари Трампга нисбат берилган жиноятлар у томонидан президент сайловигача содир этилганини урғулашган.
Кузатувчилар таъкидича, Дональд Трамп судьянинг бу қарори устидан юқори инстанция судига мурожаат қилиши ҳамда бошқа ҳуқуқий аргументларга таянган ҳолда суд ҳайъати ҳукми бекор қилинишига уриниб кўриши ҳам мумкин.
Нью-Йоркдаги суд ҳайъати жорий йилнинг май ойида Дональд Трампни айбдор деб топган эди. Трамп ўрталарида гўё бўлиб ўтган жинсий алоқа ҳақида жим туриши учун порноактриса Сторми Дэниэлс тўланган пулни яшириш мақсадида ҳисоботни сохталаштирганликда айбланган. Бироқ судья бу иш бўйича ҳукм чиқишини икки марта кейинга қолдирган. Айблов судьяни Дональд Трампнинг 2029 йилда тугайдиган президентлик муддати охиригача ҳукм чиқармасликка чақирган. Бироқ, таҳлилчилар тахминича, судья сайланган президентни қамоқдан сақлаб қолишга қарор қилиб, ҳукмни яқин орада эълон қилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Германия парламенти канцлер Шольцга ишончсизлик билдирди
Германия парламенти коалицион ҳукумат тарқаб кетганидан кейин федерал канцлер Олаф Шольцга ишончсизлик вотуми билдирди.
Шольцга 733 нафар парламент депутатидан фақат 207 нафари ишонч билдирган, улар Шольц мансуб бўлган Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) вакилларидир. 394 та овоз ишончсизлик учун берилган, 116 нафар депутат эса овоз беришдан тийилган. Парламент ишончига эга бўлиш учун Шольц камида 367 та овоз йиғиши лозим эди.
Бундестагнинг Шольц кабинетига ишончсизлик билдириши кутилган ҳодиса эди. Сиёсатчилар парламентга муддатидан илгари сайлов санаси (23 февраль) юзасидан ҳам аллақачон келишувга эришишган.
Овоз бериш олдидан Шольц депутатлар олдида чиқиш қилди. “Сиёсат – ўйин эмас”, деган канцлер Эркин демократик партияни коалиция тарқалишида айблади. Мазкур коалицияга ГСДП билан “Яшиллар” партияси ҳам кирган. Шольц мамлакат мудофааси учун “кенг кўламли инвестициялар” киритишга чақирган ва Германия “Европада Украинанинг энг кучли тарафдори” бўлиб қолишини ваъда қилган. Айни пайтда канцлер “немис аскарларини бу урушга ҳеч қачон йўлламас”лигини ва можарони шиширмаслигини айтган.
Ҳукуматга ишонч билдириш бўйича овоз бериш ўтказилишини Шольцнинг ўзи талаб қилган. Бу талабни у бюджетни молиялаштириш масаласи бўйича ихтилофлар туфайли ноябрь ойида молия вазири Кристиан Линднерни ишдан олгани ортидан илгари сурганди. Линднер Эркин демократик партиянинг лидери ҳам бўлиб ҳисобланади. Шундан сўнг коалиция тарқалиб кетган.
Эндиликда Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер парламентни тарқатиб юбориши лозим. Бу ишни амалга ошириш учун унинг ихтиёрида 21 кун бор, бироқ мазкур қарор тез орада қабул қилиниши ва муддатидан илгари сайлов 23 февраль куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Қирғизистон: Вазирлар Маҳкамаси раиси Жапаров истеъфога чиқди
Қирғизистонда 16 декабрь куни Ақилбек Жапаров Вазирлар Маҳкамаси раиси лавозимидан истеъфо берган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Манбалар қайдича, у президент маъмурияти ходимлари ва ҳукумат аъзолари билан хайрлашган.
60 ёшли Жапаровнинг истеъфоси сабаби расман очиқланмаган.
Ақилбек Жапаров Вазирлар Маҳкамаси раиси ва давлат раҳбари администрацияси раҳбари лавозимига 2021 йилнинг октябрь ойида киришган эди. У мазкур лавозимда уч йилдан кўпроқ ишлаб, Қирғизистон тарихида ўз курсисида энг узоқ ўтирган бош вазирлардан бирига айланди.
2005 йилгача парламент депутати бўлган Ақилбек Жапаров Лола инқилобидан кейин молия вазири, иқтисодиёт ва савдо вазири ҳамда бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
2010 йил апрелидаги инқилобдан сўнг у “Ор-номус” партиясидан депутат бўлиб сайланган. Бир йил ўтгач, коалицион ҳукуматда молия вазири этиб тайинланган. 2015 йили Ақилбек Жапаров “Бир Бўл” партиясидан депутат бўлиб сайланган.
Озодлик қирғиз хизмати хабарига кўра, истеъфога чиққан Ақилбек Жапаров ўрнига Вазирлар Маҳкамаси раиси вазифасини Адилбек Касималиев бажариб туради.
Исроил Дублиндаги элчихонасини ёпиб қўйди
Исроил Ирландиянинг энг йирик шаҳри бўлган Дублиндаги ўз элчихонасини ёпди. Бунга оид қарорни Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар очиқлади.
ТИВ раҳбарига кўра, “Ирландия томонидан амалга оширилаётган антисемитча хатти-ҳаракатлар ва риторика яҳудий давлатининг делегитимизацияси (номашруълаштириш) ва демонизациясига (шайтонлаштириш), қўш стандартларга асосланган”. Саар “Ирландия Исроил билан муносабатларда қизил чизиқларнинг барчасидан ўтиб кетди”, дея қўшимча қилган.
Май ойида Ирландия Испания ва Норвегия билан биргаликда мустақил Фаластин давлатини расман тан олган, бундан Исроил раҳбарияти ғазабланган эди.
Ўтган ҳафтада Ирландия Ғазо секторида фаластинликлар геноцид қилинаётганига оид айблов билан Жанубий Африка республикаси томонидан БМТ Халқаро судига топширилган даъво аризасига қўшилган. Аризада мамлакат расмийлари давлат томонидан амалга оширилган геноцид тушунчаси шарҳловини кенгайтиришни ҳам таклиф қилишган. Исроил бу айбловларни қатъиян рад этиб келмоқда.
Халқаро суд даъво аризасини кўриб чиқиш учун қабул қилган, уни кўриб чиқиш камида бир неча йил давом этиши кутилмоқда.
Эронда Озодликнинг собиқ журналисти 10 йилга қамалди
Эрон суди Озодликнинг Эрон хизмати — “Фардо” радиоси собиқ журналисти Ризо Вализодани 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. У “душман бўлган Америка ҳукумати”га ишлаганликда айбланган.
Маҳкама жараёнида судья давлат қораловчиси вазифасини ҳам бажарган. Эрон паспортидан ташқари АҚШ фуқаролиги ҳам бўлган Вализода жазо муддатини ўтаб бўлганидан кейин икки йил ичида мамлакатни тарк этолмайди, Теҳрон ва унинг атрофида яшолмайди ва сиёсий ташкилотларга қўшилолмайди, дея хабар қилди “Фардо” радиоси.
Вализода Озодликнинг Эрон хизмати билан 10 йил ҳамкорлик қилиб, 2022 йилда ишдан бўшаб кетган. Шу йил бошида у оиласи билан кўришиш учун Эронга борганида ушланган, кейин эса ҳибсга олинган. Бунга унинг Эрон разведкаси ва АҚШ томонидан террор ташкилоти деб тан олинган Ислом инқилоби посбонлари корпуси билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани сабаб бўлган.
Қариндошларининг айтишларича, махсус хизматлар журналистга Эронга учиб келган тақдирда унинг учун ҳеч қанақа хатар йўқлигини норасмий равишда ваъда қилишган. У ўз иши кўриб чиқилаётган пайтда судьяга бу ҳақда эслатган.
АҚШ Давлат департаменти Вализоданинг қўлга олинишини қоралаб, уни адолатсиз ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид, деб атаган. “Чегара билмас мухбирлар” ва Журналистлар ҳимоя қилиш қўмитаси Эрон расмийларини журналистни зудлик билан озод қилишга чақирган.
Сурияда Ҳофиз Асад мақбараси ёқиб юборилди
Суриядаги исёнчиларнинг тарафдорлари 11 декабрь куни Қирдаҳа шаҳрида мамлакатнинг олдинги президенти ва Башар Асаднинг отаси Ҳофиз Асад мақбарасини эгаллаб олишган. Улар собиқ ҳукмдорнинг жасади жойланган тобутни ўз ичига олувчи ёдгорлик мажмуасига ўт қўйишган. Мақбара ойналари синдирилган ва қисман талон қилинган.
Мақбарада Ҳофизнинг рафиқаси Аниса ва унинг 1994 йилдаги автоҳалокатда ўлган катта ўғли Басилнинг қабрлари ҳам жойлашган. Уларнинг жасадларига нима бўлгани номаълум, дея хабар қилди “Ал-Арабия”. Асадлар сулоласи Сурияни умумий ҳисобдан ярим асрдан кўпроқ бошқарган.
Ижтимоий тармоқларда исёнчилар каптагон ишлаб чиқарувчи бир неча яширин завод топилгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Сурия ўн йиллар давомида синтетик наркотик бўлган каптагоннинг энг асосий ишлаб чиқарувчиси бўлган. Кўплаб тадқиқотчилар иддаосига кўра, Сурияда каптагон ишлаб чиқарилишини шахсан Асадлар клани аъзолари назорат қилишган, бу наркотикдан мамлакатда йилига ўнлаб тонна ишлаб чиқарилган, ундан тушган ноқонуний даромад эса Сурияга келаётган жами валютанинг 90 фоиздан кўпроғини ташкил этган.
Даставвал тиббий препарат ўлароқ ишлаб чиқарилган каптагон 1986 йилдан кейин дунёдаги мамлакатларнинг аксариятида тақиқланган. Бироқ у ҳали ҳам Яқин Шарқда кенг қўлланилади. Унга “жиҳод наркотиги” дея ном берилган, чунки жангарилар тунда ухлаб қолмаслик ва ҳиссиётларини бостириш учун бу психостимуляторни қабул қилиб келишган.
Яқин Шарқ мамлакатларида (шу жумладан, вояга етмаганлар орасидаги) гиёҳвандликнинг энг асосий сабабларидан бири ўлароқ кўрилади.
Жойлардан келаётган маълумотларга кўра, исёнчилар топилган каптагон захираларини ёқиб ташлашмоқда.
The Insider: Россия ЕИдан мерганлик милтиқларини олишда давом этмоқда
Европа Иттифоқи томонидан эмбарго жорий қилинганига қарамай, Россия қўшни мамлакатлар орқали ғарб ширкатлари томонидан ишлаб чиқилган минглаб мерганлик милтиғи ва миллионлаб патронларни олишда давом этяпти. Бу ҳақда The Insider нашрининг Investigace.cz (Чехия), IrpiMedia (Италия) ва Vlast.kz (Қозоғистон) нашрлари билан ҳамкорликда олиб борган суриштирувида айтилган.
Журналистлар сўнгги йилларда Европа Иттифоқи, АҚШ ва Туркия ширкатлари Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга қурол-аслаҳа етказиб беришни кўпайтирганини аниқлашган. Бу мамлакатларга ҳар йили ўнлаб минг дона қурол олиб кирилади.
“Арманистон, Грузия, Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт уч йил ичида икки ярим бараварга (2020 йилда - 19 минг 556 та, 2023 йилда эса 53 минг 211 та) ошган”, дейилган мақолада.
Суриштирувни юритган журналистлар Италиядан Арманистонга милтиқлар экспорти тўрт йил ичида қарий 30 баравар — 2019 йилда 68 та милтиқдан 2023 йилда 1862 тагача ошганини қайд этишган. Қирғизистон 2020 ва 2021 йилларда Италиядан қурол сотиб олган эмас, 2022 йилда 882 та, 2023 йилда эса 4434 та ўқотар қурол сотиб олган. Туркиядан Грузияга қурол-аслаҳа экспорти 2019 йилда 8 минг 426 тадан 2023 йилда 18 минг 843 тагача ошган.
Европа қитъасида Россия билан боғланган энг йирик қурол ишлаб чиқарувчи корхона Люксембургдаги Beretta холдинги бўлган. 2024 йил июнида Beretta ширкатининг россиялик импортёри АҚШ Молия вазирлиги санкция рўйхатига киритилган. Айни пайтда Beretta холдинги, санкцияларга қарамасдан, Россия ширкатининг мажоритар мулк эгаси бўлиб қолмоқда.
Бундан ташқари, The Insider россиялик мерганлар (оддий фуқаролар ҳам, ҳарбийлар ҳам) Россия қуроллари ўрнига ғарб милтиқлари ва ўқ-дорисини ишлатишда давом этишаётганини қайд этган. Буни Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги Ангарский полигонида 2023 йил сентябрида бўлиб ўтган мерганлар мусобақаси баённомалари ҳам тасдиқлайди.
Reuters: Исроилда “Эрон фойдасига жосуслик қилган” яҳудийлар ҳибсга олинди
Исроилда Эрон фойдасига жосуслик қилганликда гумонланаётган 30 га яқин яҳудийнинг ҳибсга олиниши исроилликларни ташвишга солиб қўйди, дея хабар қилди Reuters агентлиги Тель-Авивдан.
Кўплаб ОАВнинг ёзишича, бу ерда гап Эроннинг ўз душмани сафига агентларини киритиш бўйича сўнгги ўн йилликлар ичидаги энг йирик уриниши ҳақида бормоқда.
Фош этилган ўнта жосуслик ячейкасидан бири ҳарбий базалар ва ҳавога қарши мудофаа тизимлари ҳақида маълумот тўплаган. Бу маълумотни Шин-Бет хавфсизлик хизмати келтирган.
Ўтган ҳафтада Исроил полицияси Эрон махсус хизматлари учун ишлаган икки жосус Исроил кучларининг Ғўлон тепаликларидаги ҳаракатига оид тафсилотларни етказиб тургани ҳақида билдирган эди.
Кетма-кет ҳибсга олишлар эронлик разведкачиларнинг икки йил мобайнида разведка маълумотларини йиғиш ва ҳужумлар содир этиш учун исроилликларни пул эвазига ёллаш бўйича бир неча уриниши ортидан содир бўлган. Бу ҳақда тўрт нафар амалдаги ва собиқ ҳарбий ҳамда Исроил хавфсизлик хизмати ходими маълум қилган. Манбалар ўз исмлари ошкор қилинмаслигини илтимос қилишган.
Шин-Бетнинг собиқ юқори лавозимли ходими онгли равишда Эрон учун ишлаш рози бўлган яҳудий фуқаролари сони кўплигини “ҳайратланарли” деб атаган.
Шин-Бет ва полиция ҳам, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Reuters агентлигининг саволларига жавоб беришмаган.
Эроннинг БМТдаги миссияси исроилликларни ёллашга ҳаракат қилинганини тасдиқламаган, аммо инкор ҳам қилмаган. Миссия “мантиқ нуқтаи назаридан” Эрон разведка хизматларининг бунга оид ҳар қанақа ҳаракати фош бўлиш хавфини камайтириш учун Эрон фуқароси бўлмаган шахсларга қаратилишини билдирган.
Кобулдаги портлашда Толибон ҳукумати вазири Ҳаққоний ҳалок бўлди
Афғонистон пойтахти Кобул шаҳри марказида 11 декабрь куни содир бўлган портлаш оқибатида “Толибон” ҳаракати (қатор давлатларда террор ташкилоти деб тан олинган) томонидан шакллантирилган ҳукуматнинг қочқинлар ишлари бўйича вазири вазифасини бажанувчи Халил Ҳаққоний ҳалок бўлди. Бу ҳақда Associated Press ва Reuters агентликлари хабар қилишди.
Қочқинлар ишлари бўйича вазирлик биносидаги портлашни худкуш террорчи амалга оширган. У ерда Ҳаққоний билан биргаликда яна олти киши қурбон бўлган. “Толибон” вакили мулозим “Ислом давлати” гуруҳи жангарилари томонидан ўлдирилганини билдирган. ИДнинг ўзи содир бўлган воқеа юзасидан изоҳ берган эмас.
Халил Ҳаққоний ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сирожиддин Ҳаққонийнинг амакисидир. Халил ва Сирожиддин Ҳаққоний толибларнинг энг радикал қаноти бўлган “Ҳаққоний тармоғи”ни тамсил этишади. Толиблар ҳокимият тепасига келганидан кейин “Ҳаққоний тармоғи” Кобулни қўриқлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.
Қўшма Штатлар бу тармоқни АҚШнинг Кобулдаги элчихонасига ҳужум ва бошқа террор хуружлари учун масъул деб ҳисоблайди. Сирожиддин ва Халил Ҳаққоний АҚШ расмийлари томонидан қидирувга берилган. 2024 йилда АҚШ Давлат департаменти Сирожиддин Ҳаққонийни ҳибсга олишга имкон яратадиган маълумот учун 10 миллион доллар, АҚШ Молия вазирлиги эса Халил Ҳаққонийга оид маълумот учун 5 миллион доллар миқдорида мукофот пули берилишини эълон қилган.