Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:27

Жанубий Корея ҳам ўзбеклар учун бехавотир эмас


Жанубий Кореянинг Ёси шаҳридаги ноқонуний муҳожирларни депортацияга қадар сақлаш марказида юз берган ёнғинда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаросининг исми Эркин Чоршанбиев экани маълум бўлди.

Аниқланишича, 1960 йилда туғилган Э.Чоршанбиев Жанубий Кореяда ноқонуний ишлаётгани учун ҳибсга олинган ва ватанига депортация қилинишини кутаётган эди.

Ёнғин тамаки қолдиғидан чиққани тахмин қилинмоқда. Ўзбекистонлик фуқаро билан бирга беш хитойлик ва шахси ҳали номаълум уч муҳожир ҳам ёниб кетган. Яна 18 муҳожир шифохонага ётқизилган, улар орасида ўзбеклар борми ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи миграция агентлиги вакилининг билдиришича, Э.Чоршанбиев вазирлик орқали эмас, балки мустақил равишда қисқа муддатли виза билан Жанубий Кореяга кетган ва вақтида ортга қайтмасдан, у ерда ноқонуний пул топишга қарор қилган.

Ташқи миграция агентлиги Жанубий Кореяга ҳар йили шартнома асосида 2-3 минг атрофида ишчи жўнатади. Расмийларнинг айтишича, бу шахслар чет элга чиқишдан олдин тегишли тайёргарлик, жумладан, тиббий кўрикдан ўтади, зарурий ҳужжатларни ҳозирлайди. Шундан сўнг 3 йил муддатга меҳнат шартномаси тузади ва тиббий суғурталанади. Улар аввалдан кореяликлар томонидан белгиланган жойдагина ишлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сўнгги вақтларда Жанубий Кореяга боришнинг камхарж, аммо ноқонуний йўлларини ҳам ўзлаштирган. Бахтсиз тасодиф туфайли юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган Э.Чоршанбиев ана шундай минглаб ноқонуний меҳнат муҳожирларидан биридир.

Айни вақтда яна минглаб ўзбекистонликлар, асосан, ёш-ёш йигитлар Жанубий Кореяга кетиш учун Ташқи миграция агентлигига ҳужжат топширган ва ўз навбати келишини кутиб юрибди.

Улардан бири Жиззах вилоятида яшайдиган Шаҳобиддин бу мамлакатга бориш учун Ташқи миграция агентлигига ҳужжат топширганлар ҳозир уч йиллаб навбат пойлашига тўғри келаётганини айтади. Шу боис, узоқ навбат кутиш ўрнига бошқа йўл билан, жумладан, меҳмон ёки сайёҳ бўлиб бориб, кейинчалик у ерда узоқ муддатга қолишга қарор қилувчилар кўпайган.

Жанубий Кореяга кетишни мақсад қилган яна бир ўзбекистонлик ёш йигит Бахтиёр ўзига ўхшаганларни бу мамлакатга етказиб қўйишни ваъда қилувчи компаниялар ҳам борлигини айтади. Етиб олгандан кейин туғиладиган муаммоларни эса борувчиларнинг ўзи ҳал қилади.

Бахтиёрнинг таъкидлашича, ҳозир қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, шунингдек, Россияга қонуний-ноқонуний кетиш йўлларини яхши ўзлаштириб олган ўзбекистонликлар Жанубий Кореяга ҳам турли йўллар билан кетишнинг ҳадисини олган.
XS
SM
MD
LG