Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:47

Журналистлардан қочадиган бош вазирнинг Киевга сафари


Икки кунлик ташриф билан Украинага келган Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Киевда мазкур мамлакат президенти Виктор Юшченко томонидан қабул қилинди.

Ш.Мирзиёев бошчилигидаги делегация Киевга Ўзбекистон ва Украина ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисига қатнашиш учун келган.

Киевдаги музокаралар сўнггида ҳукуматлараро бир неча ҳужжат имзоланди.

Расмий рақамларга кўра, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айрбошлаш ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Айни пайтда ўз энергетик хавфсизлиги борасида қайғураётган Украина Ўзбекистондаги нефть ва газ захиралари билан кўпроқ қизиқмоқда.

Украина ва Ўзбекистон бир-бирига иқтисодий жиҳатдан собиқ иттифоқ давридан буён боғлиқ бўлиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Украина Ўзбекистондан ёнилғи маҳсулотлари, рангли металлар ва пахта толаси сотиб олади. Ўзбекистон эса Украинадан қора металл, озиқ-овқат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалик техникасини импорт қилади.

Ўзбекистон-Украина ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида айни соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида гап борди. Анжуман бошланишидан аввал Украина бош вазири Виктор Янукович ўтган йиллар давомида жуда кўп ечилмаган муаммолар йиғилиб қолганини қайд этди.

Бош вазир сифатида хорижга бор-йўғи иккинчи бор (бу мақомда у биринчи марта Тожикистонга борганди) чиққан Ш.Мирзиёев Украинага ташрифини Киев вилоятидаги зотдор моллар фермасини кўздан кечиришдан бошлади.

Президент В.Юшченко билан учрашувдан сўнг эса улар биргаликда қишлоқ хўжалик техникаси кўргазмасини бориб кўрди.

Ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков фикрича, Ўзбекистон бош вазири Украина билан, асосан, қишлоқ ҳўжалиги соҳасида ҳамкорлик масалаларини ҳал этиши мумкин.

“Мирзиёев қишлоқ хўжалигини бошқа соҳалардан кўра яхшироқ билади. Бизда қандай сабзавот-мевалар борлигини ундан яхши биладиганларни топиш қийин. Бу соҳадаги саволларга у жавоб бера олади”, - дейди С.Ежков.

Аммо ўз ташқи сиёсатини, сиёсатчилар таъбири билан айтганда, “реаллаштириб” бораётган Украина Ўзбекистонга зотдор моллар сотишдан кўра кўпроқ бу мамлакатдаги нефть ва газ захираларини ўзлаштириш лойиҳаларида иштирок этишдан манфаатдор. Украинадаги сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Сергей Таран бугунги кунда Украина учун энг долзарб муаммо энергетик хавфсизликни таъминлаш эканини таъкидлайди.

“Украина ҳукумати ўз ташқи сиёсатида мамлакат манфаатлари ҳақида кўпроқ қайғуриб, инсон ҳуқуқлари ёки гуманитар соҳаларга камроқ эътибор қаратмоқда. Ҳозир эса Украина хавфсизлиги ва иқтисодиёти учун энг муҳими энергетика таъминотидир”, – деди Сергей Таран.

Украина “зарғалдоқ инқилоб”ни бошдан кечирганига қарамай, бу ғояни авторитар Ўзбекистонга ёйиш ниятида эмас. Андижон воқеаларидан сўнг Украинадан сиёсий бошпана сўраган қочқинларнинг бир қисми ҳатто Ўзбекистонга депортация ҳам қилинганди.

Украина-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссияси йиғилишидан сўнг ҳар икки давлат бош вазирларининг журналистлар олдига чиқиши режалаштирилганди. Бироқ Ш.Мирзиёев матбуот вакиллари олдига чиқишга журъат этмади. Виктор Януковичнинг матбуот котиби Денис Иванеску Ўзбекистон протоколининг бундай шартлари ўзига тушунарсиз қолганини айтди.

“Ўзбекистон бош вазиридан журналистларнинг саволларига жавоб беришини сўрадик. Аммо ўзбек протоколининг илтимосига биноан матбуот анжумани ўтказилмайдиган бўлди. Улар ўзбек протоколида бош вазирнинг гапириши назарда тутилмагани ва фақатгина давлат раҳбари матбуот анжумани ўтказишга ҳақли эканини айтди”, - деди Денис Иванеску.

Украина ва Ўзбекистон 15 йил давомида иқтисодий ришталарни сақлаб қолганига қарамай, демократия ва бозор иқтисодиётининг ривожи бўйича Украина Ўзбекистонда илгарилаб кетганини кўриш мумкин. Ўзбекистон вакиллари билан музокаралар давомида Украина томони нефть ва газ соҳаларида ҳамкорликка ишора қилса ҳам бу масалани мамлакатдан эндигина иккинчи марта чиқаётган ва матбуот олдига чиқа олмайдиган Ш.Мирзиёев эмас, фақат президент Ислом Каримов ҳал этишини яхши англайди.
XS
SM
MD
LG