Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:34

“Халқаро амнистия” яна хавотирда


“Халқаро амнистия” ташкилотининг янги ҳисоботида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари таҳликали вазиятда қолгани, ҳукумат уларга қарши шафқатсиз кампанияни давом эттираётгани таъкидланади.

“Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари 2005 йил 13 май куни Андижонда қуролсиз намойишчилар, шу жумладан, аёллару болаларнинг ўлдирилиши ҳақида бонг урушда давом этаётган экан, уларни қамоққа ташлаш ва таҳқирлаш ҳолатлари кучайиб бормоқда”, – дея қайд этади ҳисобот муаллифлари.

“Халқаро амнистия”ни айрим инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг қалбакилаштирилган жиноят ишлари асосида барча меъёрларга зид тарзда ўтказилган судларга тортилиб, турли муддатларга қамоқ жазоларига ҳукм этилгани, айниқса, хавотирга солмоқда.

Ташкилот айни пайтда қаерда сақланаётгани номаълум қолаётган андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Дилмурод Муҳиддинов, қамоқхонада ҳам тазйиқларга дучор бўлаётган “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоева, ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзова ҳамда ҳибсда қолаётган бошқа барча инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг дарҳол озод этилишини талаб қилмоқда, шунингдек, баъзи ҳуқуқ ҳимоячиларининг калтакланиб кетилиши борасида тергов ўтказишга чақирмоқда.

Ташкилот халқаро жамоатчиликни мамлакатда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб ишлаётган ҳар бир ҳуқуқ ҳимоячисини иложи борича кўпроқ ҳимоя қилишга даъват этмоқда.

Буюк Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крейг Мюррей “Халқаро амнистия” ташкилотининг америкалик мутахассислари томонидан тайёрланган мазкур ҳисоботи юзасидан фикр билдирар экан, Ўзбекистонда демократияни тарғиб этувчи гуруҳлар мутлақо ҳимоясиз қолганидан хавотирга тушаётганини билдирди.

“Бугунги кунда биз Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати таг-томири билан йўқ қилингани ҳақида гапирмоқдамиз”, – деди К.Мюррей.
XS
SM
MD
LG