Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:55

“Иегово гувоҳлари” жарима тўлайдиган бўлди


Бухоро вилоятидаги Когон шаҳри суди 7 кишини ноқонуний фаолият юритган “Иегово гувоҳлари” ташкилотига аъзоликда айблаб, барчасига энг кам иш ҳақининг 2 баробаридан 10 баробарича миқдорда жарима солди.

Суд расмийларининг “Регнум” ахборот агентлигига маълум қилишича, Фозила Ибодова исмли аёл бошчилигидаги бу гуруҳ аъзоларидан бир неча ўн нусхада тақиқланган диний адабиётлар, хорижда чоп этиладиган диний-тарғибот мазмунидаги журналлар мусодара қилинган. Бу гуруҳ Ўзбекистонда тақиқланган фаолият – миссионерлик билан шуғуллангани аниқланган. Ўзбекистон қонунчилигига биноан расман рўйхатдан ўтмаган ҳар қандай гуруҳ фаолияти мамлакатда тақиқланган.

Фаолияти тақиқланган диний гуруҳларга аъзоликда айбланиб жазоланиш Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари, жумладан, Тошкент, Хоразм, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистонда ҳам кузатилмоқда.

Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги вазиятни ўрганиб келаётган мустақил журналист Комилжон Ашуров аслида мамлакатда ўзга дин вакиллари, айниқса, насроний динига алоқадор турли диний оқимлар фаоллиги кузатилаётганини билдирди.

“Аксар ҳолларда бундай гуруҳлар одамларни моддий манфаатдорлик йўли билан ўз сафига жалб қилишга уринаётгани ҳақида маълумотлар кўп. Аммо мусулмон бўлгани билан дин аҳкомларига риоя қилмайдиган кўпчилик ҳозир фақат тирикчилик ташвишига ўралашиб қолган. Уларни фарзандларини домига тортиб бораётган хоҳ диний, хоҳ бошқа турдаги оқимлар қизиқтираётгани йўқ. Аксинча, болалари кутилмаганда диндор бўлиб қолганидан хурсанд”, - дейди К.Ашуров.

Нима бўлган тақдирда ҳам, журналист фикрича, бундай фаолият юритаётган фуқароларнинг жазога тортилиши ҳар қандай ҳуқуқий меъёрларга зиддир.

Аксар халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги диний эркинликлар вазияти ёмонлигини таъкидлаб келади. Жумладан, Вашингтонда жойлашган Ҳадсон университетининг Диний эркинликлар тадқиқот маркази Ўзбекистонни диний эркинликлар аҳволи ўта ёмон бўлган Эрон, Ироқ, Саудия Арабистони, Шимолий Корея ва Туркманистон каби давлатлар сафига қўшди.

Ўзбекистонда диний эркинликлар вазиятини кузатиб бораётган “Форум-18” ташкилоти вакили Феликс Корли Ҳадсон институти тадқиқотлари хулосасига тўлиқ қўшилади ва сўнгги вақтларда диний эркинликлар бузилишида учраётган умумий ҳолатлар ҳақида тўхталар экан, бу давлатда ҳам мусулмон ва ҳам номусулмон диний жамоалар вакиллари босим остида қолаётганини таъкидлади.

“Мусулмон жамоалари давлатнинг қаттиқ назорати остида қолиб келмоқда ва бу назорат жамоаларнинг ичидан бошқарилади. Бироқ бошқа дин вакиллари устидан ҳам назорат тобора кучаймоқда ва назорат бу диний жамоалар фаолиятини кузатувчи хуфялар, баъзан эса уларни таъқиб қилиш ёрдамида амалга оширилмоқда. Энг муҳими, мамлакатда рўйхатдан ўтмаган диний жамоаларни тақиқлагани халқаро нормаларга мутлақ зиддир”, - дейди Феликс Корли.
XS
SM
MD
LG