Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:43

Ёдгор Турлибеков жаримага тортилди


Қашқадарёлик 71 ёшли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков судга тортилди. У майда безориликда айбланиб, энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдоридаги жарима билан жазоланди.

Бу судга бир ярим ой муқаддам Қарши шаҳри буюм бозорида тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган Ё.Турлибеков ва бозор маъмурияти ўртасида кўтарилган можаро сабаб бўлди.

Ўшанда Ё.Турлибеков Қарши шаҳри бозорида ҳуқуқлари топталган тадбиркорлар арзи бўйича бозор директори Виктор Ашуровга учраганида ундан ҳақорат эшитгани, сўнг эса ҳеч бир асоссиз 13 соат давомида ҳибсда ушлаб турилганини билдирганди.

Бу воқеадан ҳеч қанча ўтмай Ё.Турлибеков аввалдан огоҳлантиришсиз Қарши шаҳри суди биносига олиб келинган ва адвокат ҳамда жамоатчи ҳимоячиларисиз суд залининг ўзида сўроққа тутилган.

“Мен бу аввалдан айтилмаган судда айбсизлигимни исботладим. Мени ҳақорат қилиб айтилган сўзлар ёзиб олинган кассетани эшиттирдим ва ўша ерда В.Ашуровнинг жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилдим”, - дейди Ё.Турлибеков.

Шундан кейин Ё.Турлибеков ўзини ҳақорат қилганликда айблаб, Қарши шаҳри буюм бозори директори устидан даъво аризаси киритди. 16 июль куни Қарши шаҳри жиноят ишлари суди ана шу ариза ва директор В.Ашуровнинг Ё.Турлибековни президентни ҳақорат қилганлик ва жамоат тартибини бузганликда айблаб киритган даъво аризасини кўриб чиқди.

“Суд мажлисига адвокат ҳам, жамоатчи ҳимоячилар ва кузатувчилар ҳам қўйилмади. Қарши бозори раҳбаридан норозилар ҳам судда кўрсатма бермоқчи эди. Улар ҳам қўйилмади ва В.Ашуров иккаламиз иштирокида ўтган судда бизни яраштиришга уринишди. Аммо мен рози бўлмадим”, - дейди кекса ҳуқуқ ҳимоячиси.

Суд Қарши шаҳри бозорида май ойи охирларида бўлган жанжалда ҳар икки томонни жамоат тартибини бузганлик ва майда безориликда айбдор, деб топди. В.Ашуровга 40 минг 400 сўм, Ё.Турлибековга эса 12 600 сўм миқдорида жарима солинди.

Аммо ҳуқуқ ҳимоячиси суднинг бундай ҳукмидан норози.

“Тадбиркорларнинг мурожаати асосида бозор маъмуриятига қилган мурожаатим эвазига мен кўпчилик ичида сўкиниш, ҳақорат сўзлари эшитдим, ҳатто президентни ҳақорат қилганликда айбланиб, туҳматга қолдим. Бунинг учун буюм бозори маъмуриятига берилган жазо етарли эмас”, - дейди Ё.Турлибеков.

71 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси энди суд қарори юзасидан апелляция тартибида шикоят қилмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, Ё.Турлибеков амнистия туфайли ўтган йил охирларида қамоқдан озод этилган, сафдошлари унинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун қамоққа ташланганини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG