Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:32

Комилжон Ашуров адолат излашдан қайтмайди


Самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва мустақил журналист Комилжон Ашуровнинг даъво аризасини апелляция тартибида кўриб чиққан суд дастлабки суд қарорини ўз кучида қолдирди.

“Қизиғи, апелляция суди қонунбузарлик бобида суд ишига асос қилиб олинаётган даъво аризаларининг асл эгалари иштирок этмаган биринчи суд мажлисидан умуман фарқ қилгани йўқ. Бунда ҳам даъвогарлар йўқ. Уларнинг номидан қатнашган томон эса судда лол-мим дея олмади. Адвокатим ва гувоҳларимнинг кўрсатмалари эса умуман инобатга олинмади”, - деди К.Ашуров “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

14 июнь куни Самарқанд шаҳри суди К.Ашуров президент сайлови тўғрисида ёзган мақоласида Самарқанд типографияси директори Рустам Содиқовга 2 миллион сўмлик маънавий зарар етказган, деб топган эди. Суд журналист сўров тарзидаги мақоласини Интернетда респондентларнинг розилигисиз эълон қилгани ҳақидаги даъвони қондирганди.

К.Ашуровнинг айтишича, даъво аризаларидан бирининг эгаси дастлабки суд мажлисидаёқ даъвосидан қайтганини билдирган. Иккинчи даъвогар эса Ўзбекистон ҳудудида эмас. У ўзининг номидан судда вакил сифатида иштирок эта бошлаган Самарқанд шаҳри типографияси директорига ҳеч қандай ишонч билдирмагани ҳақида судга ёзма равишда билдиришнома киритган. Аммо суд буларни инобатга олмаган.

“Судьялар президент Ислом Каримов томонидан тайинланар экан, бу суд тизимида адолат бўлишига ишонмайман. Мен суд қарорини қўлга олишим билан яна юқори инстанция судига мурожаат қиламан. Унда ҳам адолат қарор топмаса, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қиламан”, - деди К.Ашуров.
XS
SM
MD
LG