Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:04

Қозоғистон Марказий Осиёда ўз иқтисодий таъсирини ёйиш ҳаракатида


Таҳлилчилар Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг шу ҳафтада Тожикистон ва Туркманистонга қилган сафарларини расмий Остонанинг минтақада ўз имкониятларини кенгайтиришга уриниши сифатида баҳоламоқда.

Қозоғистон кўп йиллардан бери Марказий Осиёдаги етакчи давлат бўлишга ҳаракат қилиб келди. Ҳозир унинг бу орзу амалга ошаётган кўринади.
Улкан энергетика захираларига эга бўлган бу давлатда иқтисодиётнинг ўсиши йилига ўртача 10 фоизни ташкил этмоқда. Бу ўсиш, асосан, нефть экспорти ҳисобидандир. Жаҳон бозорида нефть нархи юқорилиги Қозоғистон ширкатларига қўшни давлатларга сармоя ётқизиш имкониятини яратди.

Президент Н.Назарбоевнинг Туркманистон ва Тожикистонга сафари чоғида расмийлар билан, асосан, иқтисодий масалалар муҳокама этилди. Унинг тожикистонлик ҳамкасби Имомали Раҳмон билан ўтказган музокарасидан кейин қўшма инвестиция жамғармаси ташкил этишга келишилди. Мазкур жамғарма сармоясининг 80 фоизи Қозоғистон улушига тўғри келади.

“Бу жамғарма Тожикистон иқтисодиётига хизмат қилади. Менимча, бу Тожикистонни яхши қўллаб-қувватлаш бўлади”, – дея баёнот берди Қозоғистон раҳбари.

Н.Назарбоев ўз мамлакати Тожикистон шимолидаги Нуробод ГЭС қурилишини ҳам молиялаштиришини маълум қилди.

Имомали Раҳмон эса 2007 йилнинг январь – июль ойларида Тожикистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 57 фоиз ошганини билдирди.

Қозоғистон раҳбарининг 12 сентябрь куни Ашхободда Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан сўзлашуви пайтида ҳам асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди. Н.Назарбоев ва Қ.Бердимуҳаммедов туркман газини Қозоғистон орқали Россияга экспорт қилувчи қувур қуриш масаласини ҳам муҳокама қилди.

Ҳозир Қозоғистон ширкатлари Туркманистондаги энергия манбаларини ўзлаштиришга катта қизиқиш билдиряпти.

Қозоғистоннинг минтақадаги иқтисодий таъсири фақат Туркманистон ва Тожикистон билан чекланиб қолаётгани йўқ. Сўнгги йилларда Қозоғистон ширкатлари Қирғизистон иқтисодиётига, хусусан, унинг банк тизимига катта маблағ ётқизган.

Москвадаги Халқаро алоқалар институти профессори Сергей Лузянин Н.Назарбоевнинг бу сафарлари расмий Остонанинг минтақада иқтисодий таъсир марказига айланишни истаётганидан дарак беришини таъкидлади.

“Қирғизистон ва Тожикистон Қозоғистон билан ҳамкорлик қилишни истайди. Улар Қозоғистондан кредит олган ва инвестиция қабул қилган. Улар ҳамкорликдан манфаат кўряпти. Бошқалар, масалан, Ўзбекистон Остонанинг ташаббусига эҳтиёткорлик билан қарайди. Чунки Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида қандайдир рақобат бор. Тошкент расмийлари Остона хатти-ҳаракатини тез-тез танқид қилиб туради. Бу азалдан зиддият борлигини кўрсатади”, – дейди россиялик таҳлилчи.

Қозоғистон Марказий Осиё давлатларига ўз иқтисодий таъсирини ёйишга уринаётган ягона давлат эмас. Сўнгги йилларда Россия ва Хитой ҳам минтақа давлатлари билан иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга уриниб келмоқда.

Шунга қарамай, С.Лузяниннинг таъкидлашича, Марказий Осиёда Остона, Москва ва Пекиннинг манфаатлари тўқнашмайди.

“Остона, Москва ва Пекин ўнлаб ва юзлаб икки томонлама шартнома, келишув ва битимлар, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти сингари ташкилотлар доирасидаги йирик лойиҳалар орқали ўзаро боғланган. Бишкекда ўтказилган сўнгги саммит Хитой, Россия ва Қозоғистон Туркманистон гази борасидаги келишмовчилик ҳал этилишидан манфаатдор эканини яна бир карра тасдиқлади”, – дейди таҳлилчи.

Унинг фикрича, Марказий Осиёдаги бой ва камбағал давлатлар ўртасидаги тафовут катталашиб бормоқда. Бу митақадаги барқарор вазиятга путур етказиши мумкин. Вазият барқарорлигини таъминлаш учун Қозоғистон нафақат бу давлатларнинг энергетика соҳаси, балки соғлиқни сақлаш, маориф ва инфратузилмаларига ҳам сармоя ётқизиши керак.
XS
SM
MD
LG