Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:50

Амакиси яратган режимнинг диссиденти


Мустақил журналист Жамшид Каримов руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилганига бир йил бўлди. “Чегара билмас мухбирлар ташкилоти” яна бир бор Жамшиднинг саломатлигидан хавотир билдириб, унинг дарҳол озод этилишини талаб қилди.

Ташкилот вакиласи Элза Видалнинг айтишича, Жамшиднинг ортиқ у ерда қолиши номақбулдир.

“Бир йил жуда узоқ муддат ва биз унинг саломатлигига жиддий путур етган бўлиши мумкинлигидан хавотирдамиз. Соппа-соғ одамнинг бу қадар узоқ муддат давомида мажбуран даволаниши унинг саломатлигига таъсир ўтказмай қолмайди. Президентнинг жияни бўлиш Жамшид учун катта муаммоларни туғдирди”, – деди Элза Видал.

Лекин Ж.Каримовнинг яқинлари унинг саломатлигини қониқарли, деб баҳоламоқда. Унинг онаси Маргарита Каримованинг “Озодлик” радиосига айтишича, шифохонада Жамшидга алоҳида эътибор билан қаралмоқда.

Унинг акаси эса ўзининг баъзи нарсалар ҳақида гапиришдан қўрқиши ҳақида билдирди.

Жамшиднинг яқинлари унинг яқин кунларда озод этилишига умидлари катта эканини айтмоқда.

Мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партияси Ж.Каримовнинг руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилиши юзасидан мустақил текширувлар ўтказди.

Партия етакчи Нигора Ҳидоятованинг айтишича, Жамшиднинг яқинлари бугунги кунда кучли босим остида қолмоқда ва шу сабаб улар бу ишга ҳуқуқ ҳимоячиларининг аралашувини истамаётир.

“Жамшиднинг саломатлиги эса аслида абгор аҳволда, - деди Н.Ҳидоятова. - Уни охирги марта кўришганида у руҳан эзилган ҳолда эди. Самарқандаги режимли руҳий касалликлар шифохонасида одам ўзини яхши ҳис қила олмаслиги табиийдир”.


Ҳамкасбларининг таъкидлашича, Жамшид президент амакиси Ислом Каримовни танқид этгани учун ҳукумат буюртмаси асосида айнан шундай шифохонага жойлаштирилган.

Жамшиднинг бир йил аввал калтакланиб, руҳий касалликлар шифохонасига ташланиши шошилинч ва барча қоидаларга зид равишда амалга оширилгани ҳам айтилади.

Нигора Ҳидоятованинг билдиришича, текширув натижалари Жамшидни шифохонага жойлаштириш масаласи суд қарорисиз ҳал қилинганини кўрсатган.

“Тўғрисини айтсам, барча нарсаларни ҳам айтиб бера олмайман, чунки қалбаки суд қарори нусхасини кўрган одамга зиён етиши мумкин. Бир одамни руҳий касалликлар шифохонасига клиникага жойлаштириш учун суд қарори керак. Ҳужжатлар билан таниша олган одам суд қарорининг умуман йўқлигини айтмоқда”, - деди Н.Ҳидоятова.

Жамшид ва бир неча ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан жазо сифатида тайинланган мажбурий даволаниш Ўзбекистонда ҳамон ўзга фикрловчиларга нисбатан советларнинг энг даҳшатли усуллари қўлланилаётганини кўрсатади.

Журналист Жамшид Каримов эса ўзининг президент амакиси даврида энг узоқ муддат давомида руҳий хасталиклар шифохонасида қолаётган диссидентга айланди.
XS
SM
MD
LG