Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:34

Германия Европада Ўзбекистонга ҳам оналик, ҳам оталик қилмоқда


ЕИга аъзо аксар давлатлар Ўзбекистонда президент сайлови ўтмагунга қадар санкцияларни сақлаб қолиш лозимлигини таъкидлаётган бир пайтда Германия уларни бекор қилиш ташаббуси билан чиқмоқда.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Андижон воқеалари сабабли Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жорий этилган санкцияларни ўз кучида қолдириш ёки бекор қилиш масаласини 15 октябрь куни Люксембургда бўлиб ўтадиган учрашувда муҳокама этади.

ЕИ санкциялари Ўзбекистонга қурол-яроғ эмбаргоси ва Андижондаги намойишнинг қонли бостилишига масъул 8 расмий учун тузилма ҳудудига киришга тақиқни ўз ичига олади.

Бу санкциялар икки бор узайтирилган ва ЕИ ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги муҳокамаларидан сўнг ўз кучида қолиши кутилмоқда. Зеро, тузилманинг аксар давлатлари Ўзбекистонда президент сайловига қадар санкцияларни бекор қилиш президент Каримов режимини дастаклаш сифатида тушунилиши мумкинлигини англамоқда.

“Эртами-кечми, ЕИ Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини ўзгартиради. Чунки ҳозирнинг ўзида Ўзбекистон билан боши берк кўчага кирган мулоқотни жонлантириш нияти йўқ эмас. Бироқ санкцияларни сайловгача бекор қилиш Андижонда амалга оширган ишини тан олмаган режимни қўллаб-қувватлашдек тушунилиши мумкин”, - деди Швеция Ташқи ишлар вазирлиги мулозими.

Швеция, Буюк Британия, Ирландия ва Нидерландия Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкцияларни ўз кучида қолдириш лозимлигини ёқлаб чиқаётган асосий давлатлар саналади.

Айни пайтда Германия ва ЕИга раислик қилаётган Португалия санкциялар самарасиз қолаётганига ишора қилиб, уларни Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари масаласидаги конструктив мулоқотга алмаштириш кераклигини таъкидламоқда. ЕИга Германия раислик қилган муддат давомида тузилма Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан яқин алоқа ўрнатишга қаратилган стратегияни ишлаб чиққан эди.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг таъкидича, энди мазкур жараёндан Ўзбекистонни чиқариб юбориш нотўғри бўлар эди.

“Бирдан Марказий Осиёнинг мана шу муҳим давлати билан муносабат қилишдан бош тортсак, ҳеч қандай муваффақиятга эришмаймиз. Қора нарсанинг бир-икки кунда оққа айланишини кутаётганлар воқеъликка тўғри баҳо бермаган бўлади. Санкция масаласи сўнгги бор кўриб чиқилаётганида барчамиз Ўзбекистонни мулоқотга рағбатлантиришга келишган эдик ва шундан сўнг кичик бўлса-да, ижобий силжишлар бўлди”, – деди Германия дипломати.

Швеция ТИВ мулозими фикрича, ЕИнинг Ўзбекистон масаласида боши берк кўчага кириб қолгани тузилманинг Ўзбекистон борасидаги мавқеи бошданоқ муштарак бўлмаганининг оқибатидир.

“Аввалданоқ ЕИнинг мавқеи муштарак бўлганда эди, Ўзбекистонга босим ўтказиб туриш имконли бўларди”, - деди у.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел эса Ўзбекистон масаласида ЕИ давлатларининг охир-оқибат муросали қарорга келишига ишонишини билдириш билан чекланди.
XS
SM
MD
LG