Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:17

Туркияда халқаро анжуман бўлди


Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ироқ ва қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирлари ҳамда дунёнинг етакчи давлатлари вакиллари ўртасида учрашув бошланди. Тадбирдан мақсад Ироқдаги хавфсизлик билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишдан иборат.

Истанбул йиғилишида сўзга чиққан Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий террор таҳдидини бартараф қилиш учун қўшни давлатлар билан бирга ишлашга ваъда берди.

“Юзага келган ҳозирги бўҳрон Туркия билан муносабатларимизга таъсир этмайди. Ироқ ва Туркия халқларини нишонга олаётган терроризмни мағлубиятга учратиш учун биз Туркия билан ҳамкорлик қиламиз. Дўстона Туркия халқининг тинчлик ва барқарорлигига терроризм қандай таҳдид солаётганидан биз яхши хабардормиз”, – деди Ироқ бош вазири.

Анжуманда чиқиш қилган БМТ бош котиби Пан Ги Мун Анқара ва Бағдод расмийларини курд жангарилари икки давлат ўртасидаги умумий чегарани ноқонуний кесиб ўтиши олдини олиш учун ўзаро ҳамкорлик қилишга чақирди.

Ўз навбатида, Нурий ал-Маликий қўшни давлатларни чегарани қўриқлаш учун зарурий чоралар кўришга чақирди.

“Анжуманда чегара хавфсизлиги масаласи муҳокама қилинаётганидан фойдаланиб мен қўшни давлатларни террорчилар чегара орқали бизнинг ҳудудимизга ўтишини бартараф қилиш учун лозим чоралар кўришга яна бир бор чақираман. Шунингдек, биз терроризм пайдо бўлиши олдини олиш ва сиёсий жараёнларга путур етказиш мақсадида уни молия билан таъминлаётган манбалар ҳам йўқ қилинишига чақирамиз”, – деди Нурий ал-Маликий.

Ироқда фуқаролик уруши хавфи бартараф қилинганини таъкидлаган ал-Маликий хориж давлатларни Ироқни қайта қуриш режасини амалга оширишда Бағдод расмийларига ёрдам беришга даъват этди.

Айни пайтда Туркия ҳукумати мамлакат ҳудудига ўтиб террор ҳужумлари уюштираётган уч мингга яқин курд жангарисини йўқ қилиш учун Ироқнинг шимоли-ғарбий қисмидаги тоғли ҳудудда кенг кўламли ҳарбий амалиётлар бошлаш билан таҳдид қилган. Анқара ҳукумати Ироқ чегарасига 100 минг аскардан иборат қўшин тўплаган. Улар жанговар самолётлар ва танклар билан қуролланган.

Анқара расмийлари АҚШ ва Европа Иттифоқининг террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган Курдистон ишчилар партияси жангариларига қарши курашда Нурий ал-Маликий ёрдам беришга ҳаракат қилаётганини эътироф қилган. Бироқ ўз-ўзини бошқариб келаётган Курдистон вилояти ҳукуматига Ироқ ҳукуматининг таъсири чекланган. Туркия Ироқ шимолидаги курд жангариларига қарашли лагерлар ёпилиши ва уларнинг раҳбарлари қўлга олиниб Туркияга экстрадиция қилинишини талаб этмоқда.

Истанбул анжуманида қатнашаётган Ироқ ҳукумати матбуот вакили Али ал-Даббағ Бағдод расмийлари курд жангарилари раҳбарини қўлга олиш истагида эканини маълум қилди.

2 ноябрь куни Анқарада Туркия ташқи ишлар вазири Али Бобожон билан учрашган АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс “гапирадиган вақт тугагани, ҳаракат қиладиган вақт келгани”ни таъкидлаганди. Туркияга жангарилар ҳужум қилиши олдини олишда ўз мамлакати Анқарага ёрдам беришини айтган Райс хоним Туркия ҳукуматини Ироқдаги вазиятга салбий таъсир этиши мумкин бўлган чоралар кўрмасликка чақирди.
XS
SM
MD
LG