Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:48

Россиядаги сайлов ЕХҲТ кузатувчиларисиз ўтади


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси декабрь ойида Россияда ўтадиган парламент сайловини кузатиш режасидан воз кечди.

Бюро расмий сайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, шу кунгача ташкилот кузатувчиларига Россияга кириш визаси берилмаган ва экспертларнинг қайта-қайта мурожаатларига рад жавоби олинган.

Россия Марказий сайлов комиссиясига мактуб жўнатган бюро раҳбари Кристиан Строхаль эса ўз ташкилоти шундай қарорга келганидан афсус билдирар экан, бунга Россия томонининг юборилган сўровномаларга жавобни кечиктириши ва ўртадаги ҳамкорликда тўсқинлик қилаётган яна бошқа чекловлари сабаб бўлганини маълум қилган.

Бироқ шу кунга қадар мавжуд барча қийинчиликларга қарамай, ЕХҲТ кузатувчилари Россия боришга тайёр эди ва режага мувофиқ уларнинг дастлабки 20 кишилик гуруҳи 7 ноябрь, 50 кишилик гуруҳ эса 15 ноябрь куни Россияга бориши керак эди.

“Аммо бу кузатувчиларга виза берилмади ва шунга кўра, ташкилотимиз Россия томони биз билан ҳамкорлик қилиш ниятида эмас, деган хулосага келди”,- дейилади бюро баёнотида.

Бюро матбуот котиби Урдур Гуннарсдотир “Озодлик” билан суҳбатда бундай қарорга келиниши ҳақида аввал ҳам бир неча бор огоҳлантирилганига қарамай, Россия томони ҳамкорлик томон қадам ташламаганини айтди.

“Биз Россия томонидан келадиган таклифноманинг ўзини икки ҳафта кутдик. Таклифнома келгандан сўнг эса кузатувчиларимиз Россия элчихонасига мурожаат қилди, аммо виза ололмади. Ҳар гал элчихоналар ходимлари бу борада Москвадан бирорта кўрсатма олмаганини айтиш билан чекланди. Биз ташкилотимиздан уч кишилик бир гуруҳни шу ҳафтада Москвага жўнатиб, муаммони ҳал қилишга ҳам уриниб кўрдик. Улардан бири дипломат бўлгани боис, виза зарур эмас эди. Яна бири эса МДҲ мамлакатларидан бирининг фуқароси эди. Аммо бу ҳаракатларимиз ҳам бесамар кетди”,- деди Урдур Гуннарсдотир

Европа комиссияси вакиласи Кристина Ҳоҳман юзага келган вазият ЕХҲТга ўз кузатувчиларини Россияга юборишга имкон бермаганидан афсусланиш билдирди.

“Умид қиламизки, Россия томони Португалияда ўтган ЕИ-Россия саммитида президент Владимир Путин ваъда қилган барча кафолатларга риоя этади. Ўшанда В.Путин сайлов адолатли, эркин ўтиши ва Россия ЕХҲТ аъзоси сифатида ўз мажбуриятларига содиқ бўлишини ваъда қилган эди”,- деди Кристина Ҳоҳман.

Россия Марказий сайлов комиссияси аъзоси Игор Борисов ЕХҲТ бюроси нима учун бундай баёнот берганини тушуна олмаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, МСК хорижий кузатувчилар сайловда қатнашиши учун имкон қадар ҳаракат қилаётир.

Ҳафта аввалида эса МСК раҳбари бундай вазиятнинг юзага келишида халқаро кузатувчиларнинг ўзини айблаб, зарур ҳужжатларни вақтида тақдим қилмагани боис, уларга кириш визаси бериш жараёни кечикаётганини айтган эди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Михаил Каминин эса ЕХҲТнинг сайловларни мониторинг қилиш гуруҳи берган баёнотга жавобан: “Қандай қарорга келиш уларнинг ҳаққи”, дея муносабат билдиргани хабар қилинмоқда.

Шундай ҳам бу йил Россия ЕХҲТдан Давлат думасига бўладиган сайловга келадиган кузатувчилар сонига чеклов жорий этган ва фақат 70 кишига таклифнома жўнатган. Россияда 2003 йилда ўтган сайловни ЕХҲТнинг 400 кузатувчиси назорат қилган, хорижлик жами кузатувчилар сони эса 1200 нафар бўлган эди.
XS
SM
MD
LG