Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 12:31

“Эрк”нинг норозилик акциялари кўлами кенгаяди


Ўзбекистон “Эрк” демократик партиясининг Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида 15 ноябрь куни бошланган узлуксиз норозилик акцияси президент Ислом Каримовнинг узил-кесил истеъфосига қадар давом этиши режалаштирилган.

Швецияда яшаётган ўзбек мухолифатчилари БМТнинг Стокгольмдаги ваколатхонаси ва Швеция Ташқи ишлар вазирлиги биноларига яқин майдонда чодирлар тикиб, “Сиёсий маҳбусларга озодлик”, “Каримов, муддатинг битди, кет” каби шиорлар битилган плакатлар ва яқинда Қирғизистонда отиб ўлдирилган журналист Алишер Соиповнинг фотосуратларини илиб қўйди.

“Ушбу норозилик тадбиридан мақсад дунё ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистондаги вазият - халқ аҳволининг кундан-кун ёмонлашаётганига қарамай, конституцияга зид тарзда Ислом Каримовнинг учинчи бор президентликка даъво қилаётгани ва ноқонуний ўтказилаётган сайловга қаратишдир”, - деди “Эрк” партиясининг Европа бўлими раҳбари Дўстназар Худойназар.

Ҳозир Стокгольмда анча совуқ. Чодирда ҳамиша икки киши тунаб қолмоқда. Намойишчилардан икки нафари қаттиқ шамоллаб ҳам қолган. Совуққа қарамай, чодирларда қолаётган пикетчилар ўз соғлиғидан кўра халқ озодлигини ўйлаётганини билдирди.

“Халқимнинг озодлиги учун мен нафақат ўз соғлиғимни, балки ҳаётимни беришга ҳам тайёрман ва шундан хурсандманки, бугун Швецияда кўпчилик юртдошларимиз худди мен сингари фикрлайди”, - деди Д.Худойназар.

“Эрк” партияси Стокгольмдагига ўхшаш пикетларни Европанинг бошқа давлатларида ҳам ўтказиш ниятида.

“Бизнинг ёнимизга, масалан, Франция ва Испания каби мамлакатлар фуқаролари келади ва уларнинг Ўзбекистондаги аҳвол ҳақида билиши бизни ҳайратга солади. Улар бизга хайрихоҳлигини билдирмоқда, бизга сидқидилдан ҳамдардлигини намойиш этмоқда”,- дейди Дўстназар Худойназар.
XS
SM
MD
LG