Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:11

Ўзбекистонда журналист ўлдирилмаган, лекин...


Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси журналистлар учун хавфли давлатлар рўйхатини эълон қилди. 2003 йилдан бери рўйхатдаги биринчи ўринни Ироқ қўлдан бермай келяпти.

Қўмита ҳисоботида билдирилишича, 2007 йил давомида Ироқда 31 журналист ўлдирилган. Бу эса ўтиб бораётган йилда жаҳон бўйича ўлдирилган журналистларнинг қарийб ярмини ташкил этади. Йил давомида ўз касбий фаолиятини адо этаëтган пайтда қурбон бўлган 64 журналистнинг 7 таси Сомали ҳиссасига тўғри келади. Покистон ва Шри-Ланкада 2007 йилда бештадан журналист ўлдирилган бўлса, Россия ва Қирғизистонда биттадан журналист қасддан уюштирилган ҳужум қурбонига айланган.

Ҳисоботда айтилишича, 2007 йил давомида Ўзбекистонда бирорта журналист ўлдирилмаган бўлса-да, мамлакатдаги эркин матбуот аҳволи дунëдаги энг ëмонлардан бири бўлиб қолишда давом этмоқда.

Маркази Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ижрочи директори Жоэл Симон Марказий Осиё ахборот олиш ва тарқатиш имконияти тобора камайиб бораётган минтақага айланаётганини билдирди.

“Яқинларгача Туркманистон минтақадаги қора ўпқон бўлиб қолаëтган ва қўмитамиз ўтган йили Туркманистонни ахборот энг кучли цензура қилинадиган жаҳондаги 10 давлатдан бири сафига киритган эди. Аммо 2007 йил давомида Ўзбекистон бу борада Туркманистондан ўзиб кетди ва бугун дунëда ахборот олиш имкони энг оғир бир давлатга айланди. 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда мустақил ахборот корпуси йўқ қилинди ва сургунга чиқишга мажбур этилди”,- деди Жоэл Симон.

Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов гарчи 2007 йилда Ўзбекистонда Ироқ, Покистон ёки Афғонистондаги каби журналистлар жонига очиқча қасд қилинмаган бўлса-да, бу мамлакатда “журналистлар алоҳида бир қавм ўлароқ қириб битирилаётгани”ни таъкидлади.

“Мен журналистика вазиятини ўлдирилган журналистлар сони бўйича баҳолашни ëмон аломат, деб биламан. Вазиятни баҳолашнинг бошқа, масалан, ҳокимият эгаларининг матбуот ва журналистга кўрсатаëтган босими даражаси каби жиддийроқ мезонлари бор. Бевосита Ўзбекистонга келсак, ўзбек журналистикасида диққатга сазовор воқеалар кун сайин йўқолиб бораëтир. Бу эса Ўзбекистоннинг қўшни Туркманистон ҳолига тушганини англатади. Воқеа йўқ жойда журналист учун ўлим бошланади”,- деди Олег Панфилов.

2007 йилда ўлдирилган журналистлар қаторида қирғизистонлик 26 ёшли ўзбек журналисти Алишер Соипов ҳам бор.

“Алишернинг ўлими Қирғизистондаги вазият эмас, балки кўпроқ Ўзбекистон ҳукуматининг ўз танқидчиларига нисбатан тутадиган ëндашуви ифодасидир,- дейди Олег Панфилов. - Мен Қирғизистондаги матбуот аҳволи 2005 йил март воқеаларидан сўнг ëмонлашиб бораëтганини таъкидлаган ҳолда Алишернинг ўлимини Ўзбекистон расмийлари, айниқса, махсус хизматлари Қирғизистон ҳудудида ўз билганини қилиб юргани билан боғлайман. Гарчи Алишер Ўзбекистон фуқароси бўлмаса-да, Тошкент режимининг ашаддий танқидчиси эди”.

А.Соиповнинг ўлдириши учун масъулиятни Ўзбекистон махсус хизматлари зиммасига юклаëтганлар орасида Қирғизистон Омбудсмани Турсунбой Бакир ўғли ҳам бор. У ўз тахминини айнан Қирғизистонда мустақил журналистларни ўлдириш тажрибаси йўқлиги билан асослайди.
XS
SM
MD
LG