Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:51

“Эвин”нинг собиқ маҳбуси билан суҳбат


Эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси, таниқли жамоат арбоби Меҳрноз Сулукий бундан бироз муқаддам ҳар тун Теҳрондаги “Эвин” қамоқхонасида сақланаётган маҳбус аёлларнинг оғриқли йиғисини эшитишга маҳкум эди.

Асли эронлик, аммо Францияда яшайдиган киноижодкор бу азоблар ҳақида қамоқхона соқчиларидан сўраганида, улардан бири лўнда жавоб берган эди: “Эшитилаётган бу йиғиларнинг кўпчилиги аслида жиноятчилар эмас, балки ҳаққи учун курашган, аммо ўз эътиқоди билан тутқунликда ожиз қолган зиёли аёлларнинг фарёдларидир”.

“Озодлик” радиоси мухбири ана шу азобли кунлардан сўнг озод этилган Меҳрноз Сулукий билан суҳбатлашди.

Меҳрноз Сулукий ҳозир Парижда, ўз оиласи ва дўстлари даврасида. “Эвин” қамоқхонасидаги аёлларнинг мунгли йиғиси ортда қолди. Бироқ у бу кунларни тезда унутиш ниятида эмас.

Ҳозир Канададаги Квебек университетининг кинематография факультетида докторлик ишини қилаётган М.Сулукий Эрондаги диний озчилик вакилларининг дафн маросимларидаги диний анаъаналар тўғрисида ҳужжатли фильм олиш учун 2006 йилда Эронга борган эди.

Бироқ кутилмаганда у амалдаги режимнинг 1988 йилда қатл йилинган оппонентлари оммавий қабрига дуч келиб қолди. Шу боис, кейинчалик у ҳибс қилинди. Бу 2007 йилнинг 19 февралида содир бўлган эди.

“Бу ҳамкасбларимдан бирининг ишхонасидан чиқиб кетаётганимда бўлган эди. Ҳарбий кийимдаги ва афтидан қуролланган 5 киши мени тўхтатди. Ўшандан кейин менинг ҳаётим батамом ўзгарди”,- дея эслайди Меҳрноз Сулукий.

Ўша воқеадан сўнг у “Эвин” қамоқхонасининг бир кишилик камерасига банди қилинди ва Франциядаги ота-онаси уйини гаровга қўйиб жўнатган 85 минг евро миқдоридаги гаров пули келгунига қадар ҳибсда сақланди. Маҳаллий ҳукумат вакиллари 39 ёшли киноижодкорнинг паспортини мусодара қилган эди, шу боис, панжара ортидан чиққанидан сўнг ҳам у Эронни тарк эта олмай, судни кутди.

Ниҳоят, ўтган йил ноябрда бўлиб ўтган суд М.Сулукийни давлатга қарши тарғибот қилиш ва миллий хавфсизликка таҳдид солишда айбдор топиб, 2 минг доллар миқдорида жарима солди. Ўтган йилнинг июль ойида эса номаълум шахс Теҳронда унга ҳужум қилган эди. Оқибатда у юзидан жароҳат олиб, бир неча жарроҳлик амалиётидан ҳам ўтди. Ҳануз бу жароҳатлар оғриғидан қутулмаган Меҳрноз “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бундан ҳам оғриқлиси “Эвин” қамоқхонасидан қолган хотиралар эканини айтди.

“Мен аёл маҳбусларнинг йиғилари ва азобли қичқириқларини эшитар эдим. Мен улар террорчилар бўлса керак, деб ўйлагандим. Аммо улар ҳақда сўраганимда, бу аёллар 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами куни ҳибсга олинган аёллар эканини айтишди”,- дейди Меҳрноз.

Шу кунларда “Эвин” қамоқхонаси яна янги маҳбуслар билан тўлиб-тошган. Талабалар, аёл ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва ўзгача фикрда бўлгани боис диссидентга айланган зиёлилар банди қилинган.

“Мен Гуантанамо — АҚШ ҳарбийлари террорчиликда гумон қилган маҳбуслар сақланадиган, баҳсларга сабаб қамоқхона ҳақида айрим нарсаларни эшитганман. Бироқ шунчалик кўп талаба, аёллар, зиёлилар, ёзувчилар сақланаётган “Эвин” қамоқхонасидай яна бир зиндон ер юзида борлигига ишонмайман”,- дейди Меҳрноз Сулукий.

У ўзига қўйилган айбловларни мунтазам рад этиб келади. Унинг сўзларига кўра, у ҳибсга олинган вақтда режалаштирган ҳужжатли фильми ҳали олинмаган эди ва унинг ёнидан олинган буюмлар орасида айбловларни тасдиқлайдиган бирорта ашёвий далил топилмаган. Бундан ташқари, у Эрондаги диний озчиликлар ҳақида фильм яратиш учун Эрон Исломий маданият вазирлиги ва бошқармасидан рухсат олган. Мадомики, у оладиган ҳужжатли фильм мавзуи Эрондаги диний озчиликлар дафн маросимларидаги диний қадриятлар ҳақида экан, унинг қабристонларда ҳам бўлиши ва кутилмаганда энг йирик “Хаварон” қабристонидаги оммавий қабрларга дуч келиши ҳам табиий эди.

“Ана шундай манзараларга дуч келганимда мен камерани ўчириб қўя олмас эдим. Бу Эрон тарихининг узилмас бир қисми. Кейинчалик мен Тарбияти Мударрис университетида дарс берадиган профессор Ағхажарий билан суҳбатлашганимда у бу Эрон тарихининг бир қисми эмас, яъни бу Эрон тарихи саҳифаларига киритилмаган, деди. У мени бундан бохабар бўлишнинг ўзиёқ хавфли эканидан огоҳлантирди ҳам. Бу тарих Эроннинг бугунги раҳбарларини халқаро судгача олиб бориши мумкинлигини айтди”,- дейди М.Сулукий.

2003 йилда “Эвин” қамоқхонасига солинган ва бу ерда оғир қийноқлардан вафот этган бошқа бир суратчи – 54 ёшли канадалик Заҳро Козимийдан фарқли равишда М.Сулукийни қутқаришга эришилди. Эндиликда у ўзининг сўнгги даврда кечган мана шу кунлари ҳақида фильм ишлашни
ният қилмоқда.
XS
SM
MD
LG