Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:53

Қудратли рақибнинг садоқатли мағлубга совғаси...ми?


Ўзбекистон Олий мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Эркин Халилов ишдан бўшади. Унинг ўрнига “Адолат” социал демократик партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Дилором Тошмуҳаммедова сайланди.

13 йиллик спикер тажрибасига эга Э.Халилов, Ўзбекистон Олий мажлиси Қонунчилик палатасидан олинган маълумотга кўра, соғлиғи тўғри келмай қолгани боис, ўз аризасига кўра ишдан кетган. Ўзбекистонлик таҳлилчилар одатдаги бу расмий изоҳга қўшилмайди. Шубҳасиз, 53 ёшли Эркин Халилов соғлиғи ёмонлашгани боис ишдан олинмаган.

Икки ўғли билан боғлиқ можаролар охир-оқибат Э.Халиловнинг бошига етиши башорат қилиб келинаётган эди. 2007 йил 7 майда Э.Халиловнинг ўғли Шерзодни калтаклаганликда айбдор топилган 5 ўсмир 9 йилдан 17 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган ва Жаслиқ қамоқхонасига юборилганди. Орадан бироз ўтиб, суд қарорини ўзгартирди, жазо муддати қисқартирилди. Судланганлар Қарши қамоқхонасига кўчирилди.

Аммо Э.Халиловнинг ўғлини калтакланганликда айбланиб, 15–19 ёшдаги 5 ўспириннинг узоқ муддатларга қамалиши ва яна тўғридан-тўғри Жаслиқ қамоқхонасига юборилиши кейинчалик бориб халқаро миқёсга кўтарилган шов-шувга айланди. Буни бедодлик билиб, қамалган ўспиринларнинг қўли етган жойгача арз қилишга бел боғлаган ота-оналарининг расмий вакили — “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Абдураҳмон Ташанов ҳам Э.Халиловнинг ишдан олинишига шу воқеа сабаб бўлганини айтади.

“Ташкилотимизга 5 йигитнинг она-онаси мурожаат қилди. Биз ана мурожаатлар асосида йиғилган ҳужжатни октябрь ойи охирларида ЕХҲТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши йиллик саммитига тақдим қилдик. Ўшанда Ташқи ва Ички ишлар вазирликлари бизга бу иш бўйича раддия беришни, чунки бу ҳужжатлар шахсан Каримовга кириши мумкинлигини айтган эди. Аммо биз раддия бермадик”,- дейди А.Ташанов.

А.Ташанов бу можародан шахсан хабар топган давлат раҳбари ўтган йилнинг 6 декабридаёқ ишдан кетишга ҳозирлик кўриш ҳақида Э.Халиловни шахсан огоҳлантиргани ҳақида ҳукуматга яқин доиралардан норасмий ахборот олганини билдирди.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев ҳам Олий Мажлисга 13 йил раислик қилган Э.Халиловнинг ишдан олиниши ўғлининг ортидан кўтарилган можаролар билан боғлиқ, деган фикрда.

Эслатиш жоиз, бу можаро теграсидаги шовқин бироз вақт муқаддам Эркин Халилов жонига қамалган болаларнинг ота-оналари томонидан суиқасд қилинди, мазмунидаги гап-сўзлар тарқалганидан сўнг яна ҳам авж олган эди.

Т.Йўлдошевнинг сўзларига кўра, ўшанда Э.Халиловни қамалган йигитларнинг ота-оналари эмас, “шахсан Каримовнинг қўриқчилари калтаклаган”.

“Э.Халилов шундан сўнг нақ 20 кун шифохонада ётди. Ўғлига бир мушт туширгани учун 5 болани қаматиб юбориш ўзбошимчалик ва бу президентга хуш келмаган, фикримча. Бундан ташқари, яна бошқа қатор камчиликлари, шунингдек, ичкиликка берилгани каби ҳолатлар ҳисобга олиниб, уни ишдан бўшатиб юборишди чоғи”,- дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Аммо Ўзбекистонда болалари тўполон қилган, жиноятга қўл урган, бунинг ортидан ноҳақ одамлар қамалиб кетган амалдорлар озми? Нега энди айнан Эркин Халилов ишдан олинди? Бунинг асл сабаблари балки бошқадир...

Бу саволларга жавоб берар экан, “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова болаларининг жинояти Э.Халиловнинг ишдан кетишига бир баҳона бўлганини таъкидлади.

“Унинг ишдан кетиши ҳақида ўзи анчадан бери гап-сўзлар юрар эди, аммо бунга тузукроқ бир сабаб кўрмаётган эдик. Лекин эътибор қилган бўлсангиз, қанақадир мантиқий асос бўлмагани ҳолда қанча амалдорлар бўшатилди, қанчасининг ўрни алмаштирилди. Фақат бир нарсани аниқ айтиш мумкин, ҳукумат ичида қандайдир тортишув, ички кураш боряпти”,- дея тахмин қилади Нигора Ҳидоятова.

Хуллас, таҳлилчилар ва кузатувчилар Э.Халиловнинг ишдан олинишини кутган эди. Аммо унинг ўрнига президент сайловида И.Каримовга рақиблик қилган ягона аёл номзод – “Адолат” социал демократик партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Дилором Тошмуҳаммедова тайинланиши, таҳлилчилар фикрича, кутилмаган бўлди.

Дилором Тошмуҳаммедова президентга номига бўлса ҳам рақиблик қилган олдинги номзодлар каби ғойиб бўлмади. У Ўзбекистон тарихида парламентга спикер этиб сайланган илк аёл бўлди.

“Менимча, бу жаҳонда кузатилаётган умумий тенденция билан боғлиқ. Яъни сиёсатда аёллар фаоллашяпти. Масалан, АҚШда Ҳиллари Клинтон президентликка даъвогарлик қиляпти. Ўзбекистон раҳбарияти эса бунга бизда ҳам аёлларга йўл очилган, мазмунида президентликка номзод бўлган аёлни спикер этиб тайинлади, назаримда. Яъни бу шунчаки Ғарб учун ҳосил қилинган манзара. Биз бу аёл сиёсатда бирор нарса қила олишини кутаётганимиз йўқ”,- дейди Нигора Ҳидоятова.

Бошқа таҳлилчилар Д.Тошмуҳаммедова яқинда ўтган президент сайлови чоғида раҳбариятнинг кўрсатмаларни тўла-тўкис адо этиб, садоқатли интизомини намойиш этгани сабабли давлат раҳбари эътиборини қозонган бўлиши мумкинлигини тахмин қиляпти. Ҳар ҳолда спикер, гарчи ўта авторитар режим остида бўлса ҳам, нозик лавозим, уни ишончли одамни эгаллаши зарур. Эҳтимол, Д.Тошмуҳаммедова ана шундай ишончни сайлов чоғида қозониб улгургандир...
XS
SM
MD
LG