Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:22

Адмиралнинг ташрифи фақат ҳарбий мақсадни кўзлаганмикин?


http://uza.uz/ru/images/410t.jpg АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони адмирал Уильям Фэллоннинг Ўзбекистонга ташрифи кузатувчилар ўртасида турли фикрлар пайдо қилаётир.

Айрим кузатувчилар ташриф фақат ҳарбий мақсадни кўзлаганини айтаётган бир пайтда бошқалари буни АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларини яхшилаш йўлидаги ҳаракат сифатида баҳолаётир.

“Азия плюс” ахборот агентлиги 22 январь куни тарқатган хабарда Тошкентга сафари чоғида адмирал Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базасини очиш масаласини кўтармаслиги билдирилган.

Ўзбекистон 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин АҚШнинг Хонободдаги ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариб юборганди.

Лондондаги стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Оксана Антоненко ҳам “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Уильям Фэллоннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида ҳарбий база масаласи муҳокама этилиши эҳтимолдан йироқлигини таъкидлади.

“Мен ҳарбий база қайта очилишига катта шубҳа билан қарайман. Мен бу имконсиз, деб ўйлайман. Фаллоннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Афғонистон ва ўзаро ҳамкорлик, шунингдек, хавфсизлик каби умумий масалалар муҳокама этилиши мумкин. Чунки АҚШ Ўзбекистон билан ҳеч қачон алоқани узмаган. Шу боис, АҚШ қўмондонининг Ўзбекистонга ташрифи ғайриоддий воқеа эмас”, – дейди британиялик таҳлилчи.

Лондондаги мудофаа масалалари билан шуғулланувчи Жейнс Дифенс тадқиқот маркази таҳличиси Петер Фалстед ҳам АҚШ чет элларда доимий базалар очиш сиёсатини юритмаётганига эътибор қаратди.

“Ҳозир АҚШ дунёнинг турли минтақаларидаги иттифоқчилари билан доимий база очиш ҳуқуқини эмас, балки зарурат пайдо бўлган вақтда жанубий базалардан вақтинча фойдаланишга рухсат бериш тўғрисида келишув имзолаш сиёсатини олиб боряпти”, – деди Петер Фалстед.

Сиёсий шарҳловчилар адмирал Фэллоннинг Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонга ташрифидан фақат ҳарбий мақсадлар кўзланмаганини, балки бу Ўзбекистон-АҚШ ўртасида дўстона муносабатларни қайта тиклаш йўлидаги уриниш эканини таъкидлаётир.

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қарши санкцияларни 2007 йил май ойида қисман бекор қилгани Тошкент ва Ғарб муносабатлари илиқлаша бошлаганига дастлабки ишора бўлди. Кузда АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланган Ричард Норланд эса икки мамлакат ўртасида дўстона муносабатларни қайта тиклаш йўлида юқори даражада дипломатик уринишни бошлаб юборгани айтилади.

Декабрь ойида Ўзбекистон конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан қилган чиқишида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу уринишларга ижобий жавоб ишорасини қилганди.

“Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон ва АҚШ, Европа давлатлари орасида ҳали ҳам давом этаётган ўзаро тушунмовчилик ҳақида башорат қилувчилар, агар содда қилиб айтадиган бўлсак, шундай муносабатларни сақлаш ва шундан манфаат топиш тарафдорлари борлигини сезиш, кузатиш қийин эмас. Бундай ҳолатларга нисбатан нима дейиш мумкин? Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида барча яқин ва узоқ қўшнилар, шу жумладан, АҚШ ва Европа билан ҳам ўзаро манфаатли, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик алоқаларини олиб боришнинг доимий тарафдори ва биз бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз”, – деган эди Ўзбекистон раҳбари.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел январь ойи бошида Тошкентда бўлганди. Унинг Ўзбекистон раҳбарлари, жумладан, И.Каримов билан қандай масалаларни муҳокама қилгани оммага ошкор этилмади.

АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони адмирал У.Фэллоннинг Тошкентга ташрифи, таҳлилчилар фикрича, Вашингтоннинг Тошкент билан дўстона муносабатларни тез фурсатда қайта тиклаш истагида эканига ишора бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG