Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:36

11 сентябрь воқеаларини “уюштирган”ларга айблов эълон қилинди


АҚШ Мудофаа вазирлиги 2001 йил 11 сентябрь воқеаларига алоқадорликда гумон қилинган 6 шахсга айблов эълон қилди. Бу шахслар фитна уюштириш, ҳарбий жиноят, тинч аҳолига ҳужум қилиш, террорчилик ҳамда террорни молиялаштириш каби жиноятларда айбланмоқда.

Айбланувчилар устидан жиноят иши ҳарбий трибунал томонидан АҚШнинг Гуантанамодаги қамоқхонасида олиб борилади. Бу 11 сентябрь воқеаларида айбланган жиноий гуруҳ қўлга олинишига оид биринчи ҳолатдир. АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Жаҳон савдо маркази, Вашингтондаги Пентагон биносига уюштирилган ҳужумлар қарийб 3 минг одамни ҳаётдан олиб кетган эди.

АҚШ Мудофаа вазирлигида ўтган матбуот анжуманида сўзлаган генерал Томас Ҳартманн бу айбловлар эълон қилингунгача аниқланган маълумотлар 11 сентябрь воқеалари “Ал-Қоида” ҳаракати томонидан узоқ муддат тайёргарлик натижасида уюштирилган ҳужум эканини кўрсатаётганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, қўлга олинганлар сафидаги Холид Шайх Муҳаммад бу жиноятни уюштириш ортида турган асосий шахслардан биридир. Аввалроқ бу шахс 11 сентябрь воқеаларига алоқадорлигини тан олгани ва бундан бошқа бир неча террорчилик ҳужумларини уюштирганини айтгани ҳақида хабар тарқатилган эди.

“Айбловларга кўра, Холид Шайх Муҳаммад 11 сентябрь воқеаларининг ғоявий асосчисидир. У бу ҳужум концепциясини Усама бин Лодинга тахминан 1996 йилнинг бошларида тақдим қилган. Бу ғоя Усама бин Лодин томонидан маъқуллангандан сўнг ҳужумга тайёргарлик ва самолётни олиб қочадиган одамларни тайёрлаш операциялари Афғонистон ҳамда Покистонда олиб борилган”,- деди Томас Ҳартманн.

Айбланаётганлар орасида яна Муҳаммад ал-Қаҳтоний, Рамзи Биналшибиҳ, Али Абдул Азиз, Мустафо Аҳмад ал-Хавсафий, Волид бин Аттош бор. Волид бин Аттош самолёт олиб қочувчиларни топган ва тайёргарликдан ўтказгани айтилмоқда. Бу шасхларнинг ҳаммаси Яман, Саудия Арабистони ва Форс кўрфази давлатларида туғилиб ўсган.

Томас Ҳартманнинг айтишича, қўлга олинганлар АҚШ қонунлари асосида АҚШ ҳарбийларига қўлланиладиган тартибда судга тортилади.

“Бу ерда ҳеч қандай ёпиқ суд бўлмайди. Ҳар битта ашёвий далил, аниқланган ҳар қандай маълумот судга тақдим қилинади, ҳарбий трибуналда кўриб чиқилади. Ҳар битта факт синчков текширув объекти бўлади”,- деди генерал Ҳартманн.

Аммо генералнинг бу таҳлит баёнотига ишонмайдиганлар ҳам кўпчилик. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар АҚШ ҳарбий трибунали террорда айланаётган бу фуқароларга АҚШ ҳарбийларига тақдим қилинадиган ҳимоя ҳуқуқини бермаслигидан хавотирда. “Амнисти интернэйшнл” ташкилотининг Лондондаги тадқиқотчиси Роб Фриер ҳам шу фикрда.

“Жиддий муаммолардан бири шуки, ҳарбий ҳайъатлар фуқаролик суди тизимидан фарқли равишда далиллар етарли бўлмаган ҳолда ҳам айбловни исботлаш ҳаракатида бўлади. Бу жуда жиддий муаммо ва ҳарбий судлар мустақил эмас”,- дейди тадқиқотчи.

Айни вақтда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи аксар ташкилотлар ҳарбий судларга олиб борилган айбланувчилар ва гувоҳлардан кўрсатмалар олишда қўлланиладиган босим ўтказиш услубларини қоралаб келади. Хусусан, 11 сентябрь воқеаларида айбланаётган Холид Шайх Муҳаммадга сувга бўктириш орқали босим ўтказилганини АҚШ расмийлари тан олган эди. Расмийлар шу йўл билан Шайх Муҳаммаддан террорчилик ҳужуми ва ундан аввал содир этилган террор актлари ҳақида маълумот олишга эришилгани ҳамда бу оддий одамлар ҳаётини сақлаб қолувчи қимматга эга маълумотлар бўлганини айтган эди.

Аммо инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар, хусусан, “Амнисти итернэйшнл” бунга шубҳа қилади.

“Биз учун мавжуд яна бир катта муаммо шуки, бу каби судларда тақдим қилинадиган айрим кўрсатмалар, маълумотлар қийноқлар ва бошқа даҳшатли воситалар асосида олинган бўлиши мумкин. Қандай бўлишидан қатъий назар, бу халқаро қонунларга мутлақо зиддир”,- дейди ташкилот вакили Роб Фриер.

Айбланувчилардан тўрт нафарига авиалайнерларни олиб қочишни уюштиришга алоқадорлик айби қўйилган. Айблов томони бу шахсларга ўлим жазосини сўраш ниятида.
XS
SM
MD
LG