Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:56

Одам савдогарлари ўз қурбонларини “бахтиёр” бўлишга мажбурламоқда


Одамларни жисмонан зўрлаш одам савдогарларнинг азалдан ишлатиб келган воситаси бўлиб келган. Бироқ яқиндан бошлаб улар ўзларига нисбатан таҳдидни камайтирувчи ва даромадларини кўпайтирувчи янги усулни ихтиро қилди.

Одам савдогарлари ўз қурбонларига руҳий босим ўтказиб, пул билан рағбатлантириб, уларни ҳам одам савдосидаги воситачига айлантирмоқда. Ушбу “инсон пирамидаси” ҳақида айни пайтда Австрия пойтахти Венада ўтаётган одам савдоси муаммосига бағишланган форумда айтилди.

Ўз қилмиши учун жазони четлаб ўтиш мақсадида одам савдогарлари энди кўп ҳам овора бўлиб, дунё бўйлаб қиз-жувон ахтариб, уларни бир амаллаб чегаралардан ўтказаётгани йўқ. Улар бу ишга тузоқларига тушиб бўлган қизларни ёлламоқда. Уларга озод қиламиз, пул берамиз, дейишади. Хуллас, кўндиришади.

Журналистлар иборасига айланиб бораётган “бахтли одам савдоси” аввал Болқон давлатлари ва Италияда пайдо бўлган, бироқ Венада ўтаётган форумда бу усул дунёнинг кўпгина мамлакатларида ҳаётга тадбиқ этилаётгани айтилди.

БМТнинг одам савдосига қарши кураш бўлими раҳбари Кристина Кангаспунтанинг айтишича, одам савдоси қурбонлари ўзларини жамият учун кераксиз ҳис қилгани сабабли ҳам ўз эгалари таклифини қабул қилади.

“Эҳтимол, одам савдосига жалб этиш энг осон бўлган одамлар айнан мана шу жабрдийда қизлардир. Улар жуда қалтис бир вазиятда бўлади ва уларни ҳеч ким ҳимоя қилмайди”,- деди БМТ мулозими.

Аниқ маълумотни олиш деярли имконсиз бўлишига қарамай, дунё бўйлаб икки ярим миллион одам мажбурий меҳнат қурбонлари ҳисобланади. Уларнинг кўпчилиги айнан фоҳишалик қилишга мажбурланмоқда. Одам савдосидан келадиган бир йиллик даромад 32 миллиард доллар атрофида экани айтилади.

Греция ва Италияда жинсий меҳнатга мажбур қилинаётганларнинг кўпчилиги Шарқий Европа, Россия, Украина, Молдова ёки Болқон давлатларидан келтирилган.

Бироқ Венада ўтаётган форумда иштирок этаётган таиландлик аксилтраффик фаоли “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Жануби-шарқий Осиё давлатларига Марказий Осиёдан, жумладан, Ўзбекистондан кўпроқ қизлар жалб қилинаётганини билдирди.

Унинг маълум қилишича, ўзбекистонлик фоҳишалар юртига бориб, кўпроқ аёлларни ўзлари билан олиб келади. Бугунги кунда Бангкокда камида 2 минг ўзбекистонлик аёл фоҳишалик билан шуғулланади.

Ўзбекистонлик фоҳишаларнинг араб давлатлари, Таиланд ёки Ҳиндистонда қўлган олинаётгани ҳақида хабарлар кўпайгани рост.

АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳуқуқларига оид 2007 йилги ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати одам савдоси олдини олиш бўйича қилган саъй-ҳаракатларга ижобий баҳо берилган эди.

Ўзбекистонда одам савдосига қарши профилактика ишларини олиб бораётган “Истиқболли авлод” ёшлар ахборот маркази раҳбари Нодира Каримованинг таъкидлашича, одам савдосига қарши кураш барча жабҳаларда тенг олиб борилиши лозим.

Айни пайтда Ўзбекистондан хорижга фоҳишалик ёки мардикорлик қилиш учун чиқиб кетаётган аёл ва эркакларнинг кўпайиб бораётгани тўппа-тўғри мамлакатдаги иқтисодий ижтимоий аҳвол билан боғлиқ масала эканини ҳам эътироф этиш керак.
XS
SM
MD
LG