Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:06

Раъно Усмонова: "Рустамбанк" асосчининг ҳеч кимга ёмонлиги йўқ


"Озодлик" радиоси Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган сиëсий маҳбусларнинг турмуш ўртоқлари билан ўтказаётган туркум суҳбатларнинг навбатдаги меҳмони Рустам Усмоновнинг рафиқаси Раъно Усмоновадир.

Рустам Усмонов 1948 йилда Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида туғилган. Ўзбекистон мустақиллигидан сўнг майдонга чиққан таниқли тадбиркор ва республикадаги биринчи хусусий тижорат банки – “Рустамбанк” асосчиси. 1998 йилда порахўрлик, тажовузкорлик ва ноқонуний валюта операцияларида айбланиб 14 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мустақил кузатувчилар фикрича, биринчи хусусий банк эгаси сифатида шуҳрат топган Р.Усмоновнинг мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси билан алоқаси унинг президент Ислом Каримов қаҳрига учраши ва оғир жазога тортилишининг бош сабабидир.

“Озодлик” билан суҳбатда Раъно Усмонова ҳозир Қаршидаги қамоқхонада сақланаëтган 60 ёшли турмуш ўртоғининг 10 йиллик тутқунликдаги ҳаëти ҳақида ҳикоя қилади.

Раъно Усмонова: Аҳволлари жуда ҳам оғир. Қон босими ошган. Бунинг устига, бошқа касалликлари ҳам кўп. Шунда ҳам бечора руҳини кўтариб, 10 йил бўлган бўлишига қарамай, ўзини тутиб юрибди. Мен борсам, у менинг руҳимни кўтаради. Мен унимас, у мени қўллаб-қувватлайди.

Озодлик: Қамоқда қийнашлар, азоб беришлар йўқ эканми?

Раъно Усмонова: Йўқ. Уни ҳурмат қилишаяпти-ю, лекин ўзи қийналяпти.

Озодлик: Асосан нимадан қийналяпти?

Раъно Усмонова: Қамоқда ўтиришнинг ўзи бўлмаса керак. Ўзини жуда камтарин тутганларига озгина қийналиб қоляпти, шекилли.

Озодлик: Раъно опа, кўпчилик эсласа керак, мустақилликдан кейин Ўзбекистон телеканалларида “Гўнгдан олтин олиб, бойишни истайсизми?” деган реклама берилар эди. Менимча, бу Рустам ака тадбиркор сифатида бошлаган ишининг биринчиси эди. Бир эслайсизми, ўшанда нималар қилган эдилар?

Раъно Усмонова: У пайтда ўзларининг пули ҳам йўқ эди. Лекин шу пайтда Красноярскдан биогумус олиб келиб, ўзлари катта меҳнат қилиб, шундан дорилар қилса бўлади ва яхши помидорларни етиштирса бўлади, деб реклама қилиб роса ҳаракат қилган эдилар.

Озодлик: Шундан кейин Рустам ака Ўзбекистонда машҳур бўлиб кетдилар ва биринчи хусусий банкка асос солдилар, тўғрими?

Раъно Усмонова: Ҳа, ўшанда биринчи банкни ўзлари очдилар. Ишлари юришиб, банкимиз роса ривожланиб кетган эди.

Озодлик: Бугунги кунда “Рустамбанк”нинг тақдири нима бўлди?

Раъно Усмонова: “Рустамбанк”ни ëпишган. Лекин унинг орқасидан нима бўлди, деб ҳеч ким текширмаган. Ҳозир “Рустамбанк”ка тегишли бўлган иморатлар бузилиб ëтибди.

Озодлик: Қўйилган сармояларнинг ҳаммаси йўқ бўлиб кетдими?

Раъно Усмонова: Ҳа, йўқ бўлиб кетди. Ҳеч нарса қолмади.

Озодлик: Рустам ака шунга ҳам сиқилсалар керак. Бир яхши ниятда бошлаган ишининг охири шунақа бўлиб турса?

Раъно Усмонова: Албатта, сиқилади. Лекин буни шахсан менга билдирмайдилар. Жуда сиқилади, деб болалар айтади. Шу нарса бўлиши керак эди, деб мени кўп руҳан қўллайди.

Озодлик: 10 йилдан бери амнистияга туширишмаяпти?

Раъно Усмонова: Мен мурожаат қилмаган жой қолмади. Неча марта Каримовга Рустам аканинг айби бўлса кечиринг, деб хат ëздик. Ҳалигача жавоб йўқ.

Озодлик: Яна 4 йиллари қолди, шундайми?

Раъно Усмонова: Ҳа.

Озодлик: 4 йилдан кейин чиқишларига умид қиляпсизми?

Раъно Усмонова: Синглим, меҳр куни кўчада кўзим. Сал нарса эшитилса ҳам Рустам акам Худодан бўлиб чиқиб қолдимикан, дейман. 10 йил ўтди. 10 йилдан бери шу нарса билан ўтираман. Балки бунақа бўлар, балки унақа бўлар деб, Худога ишониб ўтирибмиз.

Рустам Усмоновнинг оиласи бундан ўн йил муқаддам аксарият ҳавас, балки ҳасад билан қараган оилалардан бири эди. Раъно опа ҳам кўпчилик назарига тушган бадавлат оиланинг бахтли бекаси, уч фарзанднинг онаси эди. Тақдир эврилишлари Раъно опани нафақат турмуш ўртоғи елиб-югуриб топган бойлик ва нуфуздан, балки унинг ўзидан ҳам жудо қилди. 10 йилдирки, Рустам Усмонов тиканли симнинг нариги томонида, Раъно опа эса бу ëғида яшамоқда. Бу йиллар, шубҳасиз, 60га яқинлашиб қолган Раъно опанинг ҳаëтида ўз муҳрини қолдирди...

Раъно Усмонова: Қалбим ҳали ҳам ўша-ўша. Лекин 10 йил ичида мен тортган азобларни ўзим биламан.

Озодлик: Нима сизга энг кўп изтироб беради?

Раъно Усмонова: Менга энг кўп изтироб бергани 60 ëшга кириб ҳали ҳам қамоқдан чиқмагани. Ҳар сафар аҳволини кўриб қийналаман. Болаларим энди бир кунини кўрар. (Ўксиниб йиғлаб) Фақат ўзларини кўриб жуда қийналаман.

Озодлик: Ўзингизнинг соғлиғингиз қанақа?

Раъно Усмонова: Менинг қон босимим баланд. Ҳар доим 200дан ошиқ туради. Жазони ижро этиш бош бошқармасига Рустам акани яқинроқ қилиб беринглар, бориб келишим қийин бўляпти, деб ëздим. Лекин... (чуқур хўрсиндилар)

Озодлик: Сизга ҳеч қанақа босимлар, милицияга чақириб савол-жавоб қилишлар бўлмайдими?

Раъно Усмонова: Йўқ, унақа нарсалар йўқ. Ҳеч ким бизни безовта қилмайди.

Озодлик: Маҳаллада муносабат қанақа?

Раъно Усмонова: Ҳозирча ҳурмат қилишади. Яна ким билади... Рустам ака ҳурматга арзимайдиган одам эмас эди. Ҳурмат билан сўрашади.

Озодлик: Яхши-ëмон кунингизда хабар олиб турадиганлар атрофингизда борми?

Раъно Усмонова: Укаларим бор. Ўшалар етади менга.

Озодлик: Қирғизистонга ҳам чиқиб кетган экансизлар, тўғрими?

Раъно Усмонова: Ҳа.Жалолободда Рустам аканинг туғилган жойлари бор. Мен ўзим ҳам жалолободликман.

Озодлик: Одамнинг бошига озгина оғир кун тушса, айниқса, аëллар: “Эй Худо, гуноҳим нима эди”, деб йиғлашни бошлайди. Сиз мана 10 йилдан бери азоб чекаëтган одамсиз. Шунақа саволни сиз ҳам берасизми ëки тақдирга тан берганмисиз?

Раъно Усмонова: Нега энди? Тақдирга тан бераман. Бу Худонинг иши. Лекин мен шундай ҳаракат қилаëтган одамни тушунишмаганига хафаман.

Озодлик: Қийналиб кетган пайтларингизда юпанчни нимадан оласиз? Нима билан овунасиз?

Раъно Усмонова: Болаларим, невараларим билан овунаман. Болаларимга қараб туриб, мен улар учун яшашим керак, дейман.

Озодлик: Бобомиз нимага 10 йилдан бери қамоқда, деб болалар сўраса, нима дейсиз уларга?

Раъно Усмонова: Гоҳида саволига жавоб ҳам бера олмай қоламан. У одамни яхши десам, қамалиб ўтирибди, ëмон десам, ëмон эмас. Нима дейишимни ҳам билмайман.

Озодлик: Рустам аканинг чиқиш-чиқмаслигини, амнистияга тушиш-тушмаслигини ҳал қиладиган одамларга айтадиган гапингиз борми?

Раъно Усмонова: (ўксиниб йиғлаб) У одамни тўғри тушуниш керак, холос. У одамнинг ҳеч кимга ëмонлиги йўқ. Айбим бўлса кечирсин, деб неча марта ëзди. Билмасдан бирорта айб қилиб қўйган бўлсам, шуни кечирсин, деб ўзлари ҳам, болаларим ҳам минг марта сўради. Тўғри тушунишсин у одамни. Кечиришсин. Бошқа нарса сўрамайман.

Озодлик: Рустам акага айтадиган гапингиз борми?

Раъно Усмонова: (йиғлаб) Уларга фақат сабр-тоқат.
XS
SM
MD
LG