Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:35

Туркиянинг Ироқ шимолидаги ҳарбий ҳаракатлари давом этяпти


Ироқ ҳукумати мамлакат шимолида Туркия ҳарбийлари ўтказаётган амалиёт Ироқ суверенитетига дахл қилиш эмас, деб баёнот берди. Бироқ ҳукумат расмий вакили Али ал-Даббоҳ турк ҳарбийлари амалиётлари ҳудуддаги барқарорликни издан чиқармаслиги лозимлигини таъкидлади.

Ироқ ҳукуматининг ушбу баёноти янграган бир вақтда Ироқ шимолида Туркия ҳарбийларининг курд исёнчи гуруҳларига қарши ҳарбий амалиётлари давом этмоқда. Курд ишчилар партияси етакчилари ҳам ҳарбий ҳаракатлардан чекинмаслигини билдирмоқда. Шунингдек, Курд ишчилар партияси етакчиси Туркияда яшаётган курд ёшларини Анқаранинг Ироқ шимолига қилаётган ҳарбий юришига қарши курашга чорлади.

Ушбу партия тарафдори бўлган “Фират” ахборот агентлиги хабарига кўра, Курд ишчилар партияси етакчиси Баҳоз Эрдал агар расмий Анқара партияга зарар етказса, Туркияда яшаётган курд ёшлари бу давлат шаҳарларини вайрон қилишидан огоҳлантирган.

Туркия ҳарбийлари эса 21 февраль – пайшанба куни Ироқ ҳудудига ҳужум уюштирди. Туркия ҳарбийлари таъкидича, курд исёнчи қўшинлари бу ҳудудни ўз бошпанасига айлантирган ва Ироқ ҳукумати уларга қарши етарли даражада кураш олиб бора олмаяпти.

Айни ҳудудда яшовчи оддий аҳоли вакиллари эса тобора кучайиб бораётган жанг ҳаракатларидан қаттиқ қўрқувга тушган.

“Улар ҳарбий самолётлар ва артиллериядан биз яшаётган ҳудудни ўққа тутди. Улар бешга яқин кўприкни вайрон қилди. Қишлоғимизга ҳужум эса шанба кунигача давом этди”,- дейди ҳаво ҳужумлари уюштирилаётган ҳудудда яшовчи курд фуқароси Ҳамид.

Ҳам Бағдод ва ҳам Анқаранинг иттифоқчиси бўлган АҚШ раҳбарияти эса ҳар икки томонни низога тезроқ барҳам беришга чорламоқда. АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс Австралияга қилаётган сафари чоғида Вашингтоннинг ҳарбий амалиётни тезроқ тугатиш тўғрисида Туркия раҳбариятига қилган чақириғини такрорлади. Роберт Гейтс кейинги ҳафтада Туркияга сафар қилишини билдирган.

Ушбу жараённи кузатаётган эксперт, Анқарадаги Яқин Шарқ техника университетининг халқаро муносабатлар профессори Ҳусайн Бағчи фикрича, Туркия ҳарбийларининг ёлғиз ўзи Курд ишчилар партияси ҳаракатига барҳам бера олмайди.

“Жаҳдидан Туркия ҳарбийлари ўз амалиётларини муваффақиятли якунлайдигандек туюлади, аммо амалиётлар бу ҳудудда жиддий муаммо бўлиб қолаётган Курд ишчилар партияси ҳаракатларини тўхтата олмайди”,- дейди туркиялик профессор Ҳусайн Бағчи.

Жанг ҳаракатлари бораётган ҳудуддан олинган хабарларга кўра, амалиётларда бир неча минг турк ҳарийси иштирок этмоқда. Туркия ҳукумати қўшинлар сони бобида ҳали расмий маълумот бергани йўқ, бироқ аскарлар имкон қадар қисқа вақт ичида ортга қайтишини таъкидламоқда. Шунингдек, бу жанг ҳаракатларида 79 жангари йўқ қилингани ва турк ҳарбийларидан 7 нафари нобуд бўлгани маълум қилинган.

Курд ишчилар партияси эса турк аскарларидан 20 нафарини ўлдиргани ва Туркия ҳарбийларининг шанба куни ўтказишга уринган “Кобра” номли ҳарбий амалиётини барбод қилганини айтмоқда. Бироқ ҳозир томонлар айтаётган бу маълумотларни жанглар баланд тоғлар бағрида бораётгани боис аниқлашнинг имкони бўлмаяпти.

Айни вақтда Ироқ Курдистони етакчилари агар тинч аҳоли вакилларига бу ҳужумлардан зарар етса, кучли қаршилик кўрсатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Туркиянинг Курдистон билан чегараси асосий қисми ўтган Сизра шаҳрида яшовчи тадбиркор Озод Урек ҳудудда вазиятнинг таранглашиши икки мамлакат орасидаги зарур транспорт қатновига жиддий зарар етказиши мумкинлигидан сўзлади.

“Биз бу кескинликка тезроқ барҳам берилишини жуда истаймиз. Биз эсимизни таниганимиздан буён бу ҳудудда ҳамиша тўқнашувлар бўлиб келган. Агар бу кескинлик тугаса, биз ҳам ҳудудга ўз сармояларимизни киритишимиз, бизнесимизни қилишимиз мумкин, ниятларимизга етишимиз мумкин. Ҳар йили шундай ният қиламиз, аммо ҳар йили ҳам ниятларимиз саробга айланиб келмоқда”,- дейди тадбиркор.

Курд ишчилар партияси 1984 йилда Туркия шимоли-шарқида қуролли исёнларини бошлаганидан буён 30 мингдан ортиқ одам ўлдирилган. АҚШ, Европа Иттифоқи ва Туркия раҳбарияти Курд ишчилар партиясини террорчилик ташкилоти ҳисоблайди.

Айни вақтда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Муҳаммад Али Ҳусайний расмий Анқара ҳарбий амалиётларини кучайтиргани боис, Эрон Туркия билан чегараларидаги қўшинларини қўшимча куч билан мустаҳкамлаганини маълум қилди.

Эрон қўшинлари минтақанинг ғарбий ҳудудларида “Курдистонда озод ҳаёт учун” партияси жангчиларига ёрдам берган эди. Бу партия эса Курд ишчилар партияси билан алоқадор экани айтиб келинади.
XS
SM
MD
LG