Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:22

Каримов НАТОга интилмоқда


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:CvzdwK2opdbeQM:http://eldib.files.wordpress.com/2007/10/800px-flag_of_nato_svg.png НАТО расмийлари Ўзбекистон билан муносабатлар яхшиланаётганини олқишламоқда. Икки ҳафтадан сўнг президент Ислом Каримов 2002 йилдан буён илк бор НАТОнинг Евроатлантика ҳамкорлиги кенгаши анжуманида иштирок этади.

НАТО билан ҳамкорлик И.Каримовга Андижон воқеалардан сўнг бузилган халқаро нуфузини бир оз ўнглаб олиш имкониятини бериши мумкин. Айни пайтда НАТО Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш орқали Афғонистондаги аҳволини яхшилаш ниятида.

НАТО минтақа давлатларининг таянчисиз Афғонистонда муваффақиятга эришиш мушкул бўлишини англайди. Минтақадаги энг мураккаб ва энг муҳим давлат бўлмиш Ўзбекистоннинг ҳамкорликка мойиллик кўрсатаётгани НАТО мулозимларини нима сабабдан хурсанд қилаётганини шу билан тушунтириш мумкин.

НАТО бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича махсус вакили Роберт Симмонснинг маълум қилишича, апрель ойи бошида альянснинг Руминия пойтахти Бухарестда ўтказиладиган Евроатлантика ҳамкорлиги кенгаши анжуманида И.Каримовнинг иштирок этиши кутилмоқда. И.Каримов НАТО анжуманида сўнгги бор 2002 йилда иштирок этган ва 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан НАТО билан ҳамкорликни тўхтатиб қўйганди.

“Ўзбекистон билан муносабатларимиз яхшиланганини олқишлаймиз. Ўзбекистон бугунги кунда кўпроқ давлатларга ўз иншоотларидан фойдаланишга рухсат бермоқда”,- деди Р.Симмонс.

НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер конституция талабларига зид равишда президентликка учинчи муддатга сайланган И.Каримовни биринчилардан бўлиб табриклаганди.

Андижон воқеалари юзасидан халқаро тергов ўтказилишини талаб қилиб келган НАТО воқеалардан бир йил ўтгач, расмий Тошкентни мулоқотга чорлай бошлаганди.

НАТОнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кучайтириш ниятини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нуфузли халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини қурбон қилиш сифатида қабул қилаётир. “Озодлик” радиосининг Брюсселдаги мухбири саволига жавоб берар экан, НАТО матбуот вакили Жеймс Апатурай бу гапларни маъқуллагандай бош ирғаб қўйди.

“Биз бевосита афғон халқининг инсон ҳуқуқларини, уларнинг яшаш ҳуқуқини таъминлашга ёрдам бермоқдамиз. Лекин айни пайтда биз Ўзбекистон билан ҳам инсон ҳуқуқлари масаласида аввалдан келишган параметрлар доирасида ишлашимиз мумкин”,- деди Жеймс Апатурай.

Бугунги кунда асосан Германия, шу жумладан, НАТО таркибидаги бошқа давлатлар ҳарбий ҳаво кучлари Ўзбекистондаги базалардан Афғонистонга юк ташиш мақсадида фойдаланиб келади.

НАТО расмийларининг эътирофича, уруш сарф-харажатларининг ортиб кетгани сабабли Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар оқсай бошлади. Шу боис, ҳозир Афғонистондаги амалиётларни таъминлаш учун зарур юкларни темир йўл орқали етказиш НАТО кун тартибидаги асосий масаласига айланди. Темир йўл транзити юкларни етказиб бериш қийматини 50 баробар пасайтиришга имкон беради ва ишга тушгудек бўлса, Афғонистон билан темир йўл орқали боғланган Ўзбекистоннинг роли янада ортиши мумкин.

Бир неча йиллик сиёсий адоватдан сўнг ўтган йил сўнггидан президент Каримов ўзининг Ғарб давлатлари ва АҚШ билан муносабатларни ривожлантириш тарафдори эканини билдирди.

Таҳлилчилар фикрича, И.Каримов ташқи сиёсатидаги янги эврилиш Россиянинг Ўзбекистондаги таъсирини камайтиришга қаратилган.
XS
SM
MD
LG