Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:38

Аксилтеррор тузилма йиғилишига қизиқиш катта


27 март куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Тошкентда навбатдаги йиғилишини ўтказади. Унда анъанавий масалалардан ташқари Хитойнинг Тибет мухтор туманидаги вазият муҳокама этилиши кутилмоқда.

Шунинг учун одатдаги терроризм, экстремизм, айирмачиликка қарши кураш масалалари муҳокама этиладиган бу йиғин халқаро жамоатчилик эътиборини яна бир карра Тошкентга қаратиши мумкин.

Ҳозирча Минтақавий аксилтеррор тузилма кенгашининг Тошкентдаги қароргоҳи ва Ўзбекистон расмий матбуоти йиғилиш кун тартиби ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот тарқатгани йўқ. Аммо Тошкентдаги мустақил манбалар ушбу йиғилишда Пекинда ўтадиган Ёзги Олимпиядага соя солаётган Тибетдаги вазият бўйича Хитой вакили махсус маъруза қилиши кутилаётганини билдирди.

Бироз вақт муқаддам ШҲТ Тибет мухтор туманидаги вазият борасида ўз баёнотини эълон қилган эди. Баёнотда ташкилотга аъзо Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Россия ва Хитой Тибетни Хитойнинг ажралмас қисми ва бу масала, шаксиз, Хитойнинг ички иши, деб ҳисоблаши таъкидланган.

“Биз Тибетда содир бўлган воқеалардан, айниқса, Пекинда ўтадиган Ёзги Олимпия ўйинлари арафасида ғаразли сиёсий мақсадлар йўлида фойдаланишга бўлган ҳар қандай уринишларга қаршимиз. Ишончимиз комилки, Хитой Халқ Республикаси раҳбарияти Олимпиада ўйинларини, спортчилар ва хорижий меҳмонлар хавфсизлигини энг юқори савияда таъминлай олади”,- дейилади баёнотда.

Афтидан, 27 март куни Тошкентда бўладиган йиғилишда халқаро ҳамжамият диққат марказида турган айни масала бўйича ШҲТ аъзолари якдил равишда Хитойга ён босишини яна бир карра ифода этади ва шубҳасиз, бу ташкилотдаги асосий ўйинчи бўлган Хитой учун ўз сиёсий муаммоларини ҳал қилиш йўлидаги бир восита бўлади, деб ҳисобламоқда аксар таҳлилчилар.

Хусусан, тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов Тибетдан кўлами қолишмаган муаммолар ШҲТга аъзо бошқа давлатларда ҳам борлигига эътиборни қаратади.

“Дейлик, Россиянинг ўзида Чеченистон ва шунга ўхшаган жойларда Тибетдан ҳам кўлами қолишмайдиган даражада айирмачилик ҳаракатлари мавжуд бўлиб келган ва ҳозир ҳам йўқ эмас. Лекин бундай баëнотлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам ШҲТнинг айнан Тибетга қаратилган баëноти Хитойдан ташқари бошқа давлатлар мақсадлари ëки манфаатларига яқин. Бу муаммони Хитойнинг ўзи ечмай, ШҲТ доирасига олиб чиқиши ташкилот фаолиятини мураккаблаштириши мумкин”,- деди Фарҳод Толипов.

Россиялик сиёсий шарҳловчи Виталий Портников ҳам айни фикрни таъкидлар экан, 27 март куни Тошкентда қилинадиган баёнотлар мазмуни мутлақо кутилаётгани, аслини олганда ШҲТ айнан Тибет масаласига эътибор қаратадиган ташкилот эмаслигини айтди.

“Бу ташкилотга умуминсоний қадриятлар эмас, асосан, ўз сиёсий манфаатларидан қайғурган давлатлар аъзо бўлган ва бундай муаммоларга улар ҳам худди Хитой каби муносабатдадир. Умуман олганда эса ҳозир гап Тибет мустақиллиги эмас, балки унинг алоҳида маданиятга эга тўлақонли мухторият сифатидаги мақомини сақлаш, хусусан, хитойлаштиришга қарши ҳаракатлар ҳақида бормоқда”,- дейди россиялик таҳлилчи.

Унинг фикрича, ташкилотга аъзо давлатларнинг бу борада Хитойга хайрихоҳлик билдириши ҳам Пекин раҳбариятининг Ёзги Олимпияда арафасида Тибетдаги вазият боис, халқаро ҳамжамият билан юзага келаётган мушкулотларини енгил қила олмайди.

“Маълумки, ШҲТ собиқ совет ўлкалари ва Хитой ўртасида умумий чегараларни биргаликда қўриқлаш бўйича ўзаро келишув декларацияси заминида вужудга келган. Яъни бу ташкилотнинг халқаро миқёсда нуфузга эга бир тузилма сифатида тан олинади, дейишга ҳам жиддий асос йўқ”,- дейди Виталий Портников.
XS
SM
MD
LG