Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:00

Ун контрабандаси кучаймоқда


Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати тарқатган маълумотларга кўра, ўтган ҳафтада Қозоғистоннинг “Мирзакент” чегара заставасида контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб ўтиб кетилаётган 21 тонна ун ушлаб қолинган.

Айрим кузатувчилар ўтган ҳафтада Қозоғистон расмийлари сентябргача ғалла экспортига чеклов қўйгани ун контрабандаси кучайишига сабаб бўлаётганини таъкидламоқда. Аммо қозоғистонлик таҳлилчи Қанат Берентаев ғалла сотишга чекловнинг ун экспортига дахли йўқлигини айтади.

“Ғалла экспорти тақиқланган пайтда бунинг буғдой унига дахли йўқлиги бевосита таъкидлаб ўтилган. Ҳатто ўша пайтда: “Бизда тегирмонлар бекор турибди, яхшиси, донни унга айлантириб, ўша унни экспорт қилаверинглар”, қабилида маслаҳат берилганди. Шу жиҳатдан, қўлга олинган контрабанда ун бу иш билан боғлиқ бўлмаса керак”,- деди Қанат Берентаев.

Кузатувчилар минтақа давлатлари, хусусан, Ўзбекистонда етиштирилаётган ун сифати пастлиги қозоқ унини ҳатто контрабанда йўли билан бўлса ҳам мамлакатдан олиб чиқиб кетишга уринишлар авж олишига сабаб бўлаётганини таъкидлайди.

Ўзбекистонлик расмийлар мамлакатда ғалла мустақиллигига эришилганини тантанавор эълон қилганига қарамай, мамлакатнинг Қозоғистон унига эҳтиёжи катта.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашев Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришгани ҳақидаги ҳисоботлар турғунлик йилларидан бери давом этиб келаётган қўшиб ёзиш иллатининг бир кўриниши эканини айтади.

“Ҳар битта бажарилган ёки бажарилмаган ишни қўшиб ёзиш ва ё сохталаштириш тенденцияси ҳозирги кунгача давом этиб келяпти. Ғалла мустақиллигиям бир афсона. Албатта, сон жиҳатдан ғалла мустақиллигига эришган бўлишимиз мумкин, лекин Ўзбекистонда етиштириладиган ғалланинг кўпи ем учун тайёрланадиган, емдан бошқа нарсага ярамайдиган буйдой бўлади”,- дейди Абдусалом Эргашев.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Қозоғистондаги коррупция даражаси юқорилигича қолаверса, ҳеч қандай фармон ва қарор контрабанданинг олдини ололмайди.

“Коррупция даражаси Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам деярли битта поғонада. Энди Қозоғистон унлари Ўзбекистонга контрабанда йўли билан кириб келади. Лекин ўша айланма йўллар билан Ўзбекистонга кираётган контрабанда маҳсулотларига қўйиладиган норасмий тўловларнинг даражаси шунчалик ошади, шунинг учун ҳам аҳолига етиб келаётган ун нархи ҳам шу даражада кўтарилиб бораверади. Яна калтак оддий меҳнаткаш халқнинг елкасида синади”,- дейди Абдусалом Эргашев.

Ўзбекистонлик айрим фермерлар мамлакатда Қозоғистонники каби сифатли буғдой етиштириш мумкинлиги, аммо бу ҳам солиғу божхонадаги коррупция туфайли амалга ошмаётганини таъкидлади.

“Уруғлик божхонадан ўтказилаётган пайтда солиқ жуда катта қўйиляпти. Шу сабабли бизга четдан кираётган дон маҳсулотларини имкон даражасида божхона солиқларидан озод қилиниб, очиқ олиб кириш йўлга қўйилса, яхши бўлар эди”, - дейди ўз исми ошкор қилинишини истамаган ўзбек фермери.

Унинг фикрича, расмийлар мамлакатга сифатли уруғлик олиб кирилишига шароит яратган тақдирда Ўзбекистонда ҳам бемалол Қозоғистонники каби сифатли буғдой етиштирса бўлади.
XS
SM
MD
LG