Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:36

Ўзбек матбуоти: Зимбабвега тенглашиб...


“Фридом ҳаус” ташкилоти 2007 йилда дунё матбуотининг аҳволи ўтган йилгидан ёмонлашди, деган хулосага келди. Ташкилот ҳисоботида Ўзбекистон ҳамон ёмонларнинг ёмони бўлган энг репрессив давлатлар қаторида тилга олинган.

Бошқача айтганда, ўзбек матбуотининг аҳволи Бирма, Куба, Шимолий Корея, Экваториал Гвинея, Зимбабве ва Туркманистон матбуоти аҳволи билан бир хилда, ўта танглигича қолмоқда.

Ҳисоботга кўра, 195 тадан ортиқроқ давлатнинг 72 тасида 2007 йил давомида матбуот эркин ишладган. 59 та давлатда эса қисман эркин ишлаган. Яна 64 та давлатда эса матбуот эркинлиги чеклайди. 2006 йилда матбуот эркин бўлмаган давлатлар сони 1 тага кам, эркин бўлган давлатлар сони эса 2 тага кўп эди.

Агар аҳоли сонига қиёсланса, дунёнинг атиги 18 фоиз аҳолиси эркин матбуот овозидан баҳраманд бўлган, 40 фоизи қисман ва 42 фоизи эса мутлақ матбуот, радио ва телевидение, интернет нашрлари эрки чекланган давлатларда яшамоқда.

Ташкилотнинг “2007 йилда матбуот эркинлиги: Глобал ортга кетиш йили” номли анъанавий йиллик ҳисоботида дунё бўйлаб матбуот эркинлиги аҳволи ёмонлашгани билдирилган.

“Фридом ҳаус” тадқиқотлар дастури директори Кристофер Уолкернинг айтишича, 2007 йилда дунё матбуоти эркинлиги манзарасига кўпроқ собиқ совет ўлкаларида сезиларли даражада оғирлашган вазият соя солмоқда.

“Собиқ совет давлатлари ҳудудида биз чуқур хавотирга соладиган тенденцияларни кузатдик. Бу ҳудуддаги Болтиқбўйи давлатларидан ташқари 12 давлатнинг 10 тасида матбуот эркин эмас. Қолган иккитаси - Грузия ва Укрианада матбуот қисмангина эркин. Ўзбекистон эса ёмонларнинг ёмонлари рўйхатидан жой олган. Унда собиқ иттифоқ давлатларидан учтаси - Туркманистон, Ўзбекистон ва Беларус номи бор”,- дейди Кристофер Уолкер.

Ҳисоботнинг айнан Ўзбекистонга оид қисмида 2007 йилда ўзбек матбуоти эркинлиги аҳволи манзарасини янада ёмонлаштирган воқеалар сифатида хорижий радио-телеканаллар, хусусан, “Би-би-си”, “Озодлик”, “Америка овози”га қарши тарғибот кампаниялари кучайгани, “Немис тўлқини” радиоси мухбирларига нисбатан босим ўтказилгани тилга олинган.

Мазкур радио мухбири Наталья Бушуева Ўзбекистонни тарк этган, уч мухбир устидан жиноят иши қўзғатилган ва кейинчалик етарли асос бўлмагани боис айблов бекор қилинган эди. Аммо ўша дамда аккредитация муддати ҳам узайтирилмаётган “Немис тўлқини” мухбирлари прокуратура томонидан бир парча огоҳлантирув қоғози билан қўйиб юборилганди. Шу бир парча қоғоз айни кунларгача ҳам ўзбекистонлик 3 журналист - Юрий Черногаев, Сайёра Рўзиқулова ва Обид Шабанов фаолиятини тўлиқ чеклаган.

Ҳисоботда 2007 йил давомида тазйиққа учрагани айтилган ўзбекистонлик журналистлар сирасида аввалига 7 йилга қамалган ва кейин озод қилинган Умида Ниёзова, ҳанузгача руҳий касалликлар шифохонасида сақланаётгани айтилаётган журналист Жамшид Каримов, 2007 йил кузида калатаклаб кетилган мустақил журналист Сид Янишевнинг номи келтирилган.

Сид Янишев шу кунларга қадар Ўзбекистонда қолиб ишлаётган оз сонли мустақил журналистлардан бири ва у ҳисоботда номи тилга олинган ўзи каби мустақил журналистларга нисбатан босим айнан касбий фаолияти билан боғлиқ, деган хулосасида ҳануз қатъий.

“Бу, албатта, бизнинг касбий фаолиятимиз билан боғлиқ, деб ўйлайман. Кўплаб касбдошларим мана шундай босим ва тазйиқларни бошдан кечирди. Кўпчилиги оқибатда юртни тарк этди. Мана, президентнинг жияни Жамшид Каримов ҳануз тақдири номаълум ҳолда руҳий хасталар шифохонасида сақланяпти. Хуллас, бунақа босим остида ишлаш ўзбекистонлик мустақил журналистлар учун мутлақ тушунарли ҳол бўлиб қолди”,- дейди Сид Янишев.

У мустақил журналистлар ҳукумат босими остида ишлаш малакасига эга бўлаётган бир вақтда маҳаллий журналистлар мутлақ цензура остида ишлаш кўникмасини янада шакллантирганини қўшимча қилиб ўтди.

“Фридом ҳаус” тадқиқотчилари 2007 йилда Ўзбекистондаги расмий, миллий, маҳаллий оммавий ахборот воситалари устидан ҳукуматнинг метин назорати асло сусаймагани, аксинча, хусусий-тижорий нашрлар устидан назорат аввалгига нисбатан кучайганини қайд этган. Бунга мисол тариқасида қисқа вақт ичида одамлар орасида танилиб кетган “Одамлар орасида” газетаси келтирилади. Адади тез фурсатларда 24 минг нусхага етган хусусий ҳафталик, ҳисоботда келтирилишича, энг аввало, диний-маърифий йўналишда бўлгани ва расмий нашрларда ҳануз тилга олинмаётган ахлоқий масалаларни дадил кўтаргани учун ёпилган бўлиши мумкин.

Ҳисоботда 2007 йил кузида Қирғизистонда отиб кетилган ўзбек журналисти Алишер Соипов номи Ўзбекистондаги репрессив сиёсий режимнинг ашаддий танқидчиси сифатида алоҳида тилга олинган. Ҳисобот муаллифлари унинг ўзбек ва қирғиз махсус хизматлари ҳамкорлигида ўлдирилгани ҳақида тахминларни келтирар экан, айни вақтда бу тахминларни бевосита асословчи далиллар йўқлигини ҳам эътироф этган.

“Бундай далиллар топилмайди ҳам,- дейди “Фарғона.ру” сайти муҳаррири Даниил Кислов. - Бу қотиллик ортида айнан ҳукуматлар турибди, деган тахмин учун Алишер Соипов фаолиятининг ўзиёқ етарли далил бўла олади. Алишер Соипов Ўзбекистоннинг бугунги сиёсий режимига қарши курашган журналист эди. Унинг бу майдондан олиб ташланиши кимга керак эди? Бу саволнинг жавоби ҳануз очиқ айтилмаётгани ҳам Ўзбекистон ва унга қўшни давлатларда матбуотнинг аҳвол нақадар аянчли эканига яққол мисол, далил. Мени қайғуга соладиган факт шуки, Алишер Соипов ўз ҳудудида ишлаётган ягона, ёш, иқтидорли ва холис ўзбек журналисти эди”.
XS
SM
MD
LG