Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:31

Ўзбекистон Медведевга анча вақтдан буён тайёрланган


7 май куни инаугурация маросимидан сўнг Россия президенти курсисига ўтирган Дмитрий Медведов қасамёд қилганидан бир неча соат ўтибоқ собиқ президент Владимир Путин номзодини бош вазирликка тавсия қилди.

Россия президенти матбуот хизматидан олинган хабарларга кўра, эндигина ваколатларини топширган В.Путин шу куниёқ Кремлда Давлат думасидаги сиёсий фракциялар етакчилари билан учрашган. 8 май куни эса парламентнинг қуйи палатаси унинг номзодини муҳокама қилади.

Мамлакат конституциясига кўра, Дмитрий Зубков етакчилигидаги аввалги ҳукумат янги президент инаугурация маросими ўтказилган кунда, яъни 7 майда истеъфога кетди.

Эндиликда Давлат думасидаги 450 ўриндан 315 тасини эгаллаган “Ягона Россия” партияси вакиллари натижаси аввалдан маълум “муҳокама” отлиқ тадбирни ўтказиб қўйишга ҳозирлик кўрмоқда.

Россия президентлигига сайлов ва сайланган президентнинг ўз ваколатини бажаришга киришгунича ўтган 2 ой собиқ президент В.Путиннинг бош вазирлик лавозими учун тайёргарлик кўришига етарли муддат бўлган. Бу муддат давомида В.Путин иккита муҳим ҳужжатни имзолади – губернаторларнинг бундан буён президент эмас, ҳукумат олдида ҳисоб бериши тўғрисидаги фармон ҳамда ҳукуматни майда-чуйда масалалар муҳокамасидан озод қилиб, ваколатларнинг бир қисмини вазирлик, федерал агентликларга топшириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси. Бу ҳужжатлар, кутилганидек, мамлакат бошқарувидаги муҳим ричагларни президент маъмуриятидан ҳукумат қўлига ўтказиб берадими?

“Аслини олганда, бу Россия бошқарувидаги муҳим нуқта ҳисобланади. Хусусан, губернаторлар ҳамиша воқеалар ривожи қаёққа қараб кетаётганини биринчи бўлиб биладиган ва кимга қуллуқ қилишни тез илғайдиган амалдорлардир. Агар аввалги тартиб сақланиб қолганда, улар ҳам президент ва ҳам ҳукумат олдида ҳисоб беришга мажбур бўлар эди. Эндиликда улар тўғридан-тўғри ҳукумат олдида ҳисоб беради. Аммо бу шу кунга қадар Россия ичкариси ва хориждаги таҳлилчилар кутганидек, бошқарув ваколатлари, асосан, ҳукумат раиси қўлига ўтмади. Қабул қилинган ҳужжатлар ёхуд содир бўлган айрим ўзгаришлар бундан далолат бермаяпти”,- дейди москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова.

Аммо, унинг айтишича, шундай мустаҳкам бир сиёсий тандем дунёга келдики, афтидан, бундан буён асосий сиёсий қарорлар, албатта, баҳамжиҳатликда қабул қилинади. Расман, омма олдида эса манзара худди ҳозиргидек акс этади. Яъни ваколатлари ўзгаришсиз қолган президент ва аввалги ваколатларига яна бир неча сезиларсиз ўзгаришлар киритилган ҳукумат фаолият юритади. Хуллас, Россия сиёсий саҳнасида катта ўзгаришлар бўлиши кутилмаяпти.

У ҳолда янги президент Д.Медмедов бошқаруви остидаги Россиянинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан муносабатларида ҳам жиддий ўзгаришлар бўлмайдими, хусусан, Каримов ҳукуматининг Д.Медведов бошчилигидаги Россия раҳбарияти билан муносабатлари ҳам ўзгаришсиз қоладими, деган саволга жавобан С.Шерматова: “Фикримча, катта ўзгаришларни кутмаётган таҳлилчилар ҳақ. Эътибор қилиш керак, Д.Медведовнинг президент сифатидаги илк ташрифи Қозоғистонга бўлиши маълум қилинган. Собиқ президент В.Путиннинг ҳам президент сифатида илк ташрифи Марказий Осиё, Тошкентга бўлганини инобатга олсак, янги президент бошқарувидаги Россия ва Марказий Осиё давлатлари муносабатларида катта ўзгаришлар бўлмайди, деб ҳисоблаш мумкин”,- деди.

Унинг айтишича, Д.Медведов Марказий Осиё давлатлари учун янги, нотаниш одам эмас. У бунга қадар бир неча бор минтақага сафар қилган. МО давлатлари президентлари, хусусан, Ислом Каримов билан ҳам яхши таниш. Шу ўринда айтиш мумкин, у Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан анча яхши муносабатларда. Гулнора Каримова Тошкентда уюштирган тадбирларнинг кўпчилигида иштирок этган.

Шу ўринда С.Шерматова Д.Медведовнинг бундан икки йил муқаддам Тошкентга қилган сафари ва 9 май танталаридаги иштирокини ёдга олди.

“Ўшандаёқ Ўзбекистонга тегишли айрим мустақил Интернет нашрларида Медведов Путининг бўлғуси вориси экан, дейилган овозлар пайдо бўлган ва Ўзбекистон раҳбарияти уни шунга муносиб тарзда қарши олган эди. Яъни Д.Медведов бошчилигидаги янги раҳбариятга, айниқса, Ўзбекистон раҳбарияти анчадан буён тайёргалик кўриб келган, дейиш мумкин”,- деди Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG