Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:38

Халқаро ташкилот президентга чақириқ йўллади


Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Андижон воқеаларининг 3 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига чақириқ йўллади.

Ташкилот ўз тадқиқотларига таяниб, Андижон воқеалари содир бўлганидан буён мамлакатда матбуот ва фикр эркинлиги аянчли равишда бузиб келинмоқда, дея хулоса қилади.

Шу боис, Ўзбекистон президентига у томонидан имзоланган қатор халқаро ҳужжатларни эслатар экан, ташкилот мамлакатда матбуот ва фикр эркинлиги аҳволини ўнглашга зудликда киришиш, хусусан, қамоқдаги журналистларни озод қилиш, фаолияти тўхтатилган халқаро ахборот воситалари фаолиятига руxсат бериш, Интернетга тўсиқ қўйиш ҳамда маҳаллий журналистларни таъқиб қилишни тўхтатишга чақиради.

“Озодлик” қўмитанинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Нина Огниянова билан суҳбатлашди.

Озодлик: Ташкилотингиз президент Каримов номига йўллаган чақириқ хатида жазога тортилган 5 мустақил ва мухолифатчи журналист ҳақида гапирилган. Ана шу журналистлар ҳақида кенгроқ маълумот бера оласизми? Улар ким ва нега қамалган?

Нина Огниянова: Журналистик фаолият билан шуғулланган 5 журналистнинг номини қайд этганмиз. Улар орасида Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов бор. Улар мухолифатдаги “Эрк” газетаси мухбирлари бўлган. Яна бошқа журналистлар эса Ғайрат Михлибоев ва Ортиқали Намозов. Улардан бири “Поп тонги” газетаси, бошқаси “Қишлоқ ҳаёти” газетаси мухбири бўлган. Яна бир журналист эса И.Каримовниг жияни Жамшид Каримов. У ҳозирги вақтда руҳий хасталар шифохонасида мажбуран сақланмоқда. Биздаги маълумотларга кўра, бу журналистларнинг ҳаммаси журналистик фаолияти учун таъқиб қилинган ва жазога тортилган. Биз уларни зудликда озод қилишга чақирамиз.

Озодлик: Бундан ташқари, ташкилот олиб борган кузатувларга таяниб, норасмий цензура ўрнатилгани айтилади ва ундан зудликда воз кечишга чақирилади. Ўзбекистонлик маҳаллий журналистлар билан суҳбатлар чоғида аниқланган тақиқланган мавзулар рўйхати борлиги келтирилади. Ана шу мавзуларга тўхталсангиз.

Нина Огниянова: Айтиш лозимки, биз бу ҳақдаги маълумотларни исмини ошкор этмаслигимиз сўралган манбалар, яъни маҳаллий журналистлар билан суҳбатлар чоғида олганмиз. Бунинг ўзи ҳам матбуот эркинлиги чекланганига бир далил. Тақиқланган мавзуларга келсак, булар И.Каримов ва оиласи ҳақидаги, Андижон воқеалари, мухолиф партиялар, инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мавжуд иқтисодий ва ижтимоий муаммоларнинг танқиди каби мавзулардир. Биз президент Каримов ҳукуматини норасмий цензурани бекор қилишга чақирамиз.

Озодлик: Шу каби мавзуларда маълумот берадиган мустақил Интернет нашрлар эса Ўзбекистонда мудом тўсилиши сир эмас. Шундай экан, ана шу чекловни ва умуман Ўзбекистонда матбуот эркинлиги аҳволини зудликда ўнглаш бўйича чақириқлар сиз ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан кўп бор янграган. Айтингчи, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан бундай чақириқларингизга расман қандай жавоб келади ёки жавобсиз қоладими?

Нина Огниянова: Афсуски, аввалги йиллардаги бундай чақириқларимизга биз Каримов ҳукуматидан жавоб олмаганмиз. Аммо айтиш жоизки, бу каби чақириқлар Каримов ҳукумати билан бирга қатор халқаро ташкилотлар номига ҳам йўлланади. Шу йўл билан биз жиддий муаммоларга халқаро ҳамжамият эътиборини тортиш ва уларни ҳам Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги аҳволининг яхшиланиши йўлидаги саъй-ҳаракатларга чорлашни ният қилганмиз. Халқаро ҳамжамиятнинг бундай ҳаракати, албатта, натижа беришига умид қиламиз.
XS
SM
MD
LG