Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:25

Эрик МакГлинчи: “Ўзбекистондан ислоҳот талаб этишнинг навбатдаги қулай фурсати етди”


Вашингтонда АҚШ конгрессмен ва сенаторларидан таркиб топган махсус гуруҳ, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нуфузли ташкилотлар вакиллари ва Марказий Осиё масалаларини тадқиқ этувчи етакчи таҳлилчилар Андижон воқеасидан 3 йил ўтиб АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларини муҳокама этди.

Конгресс эшитувларида иштирок этган Жорж Мэйсон университети профессори Эрик МакГлинчи Андижон фожеасини ўзидан сўнг мерос сифатида қолдираётган Ислом Каримов ўз келажагига ҳам қўрқув билан қараётган бўлиши мумкинлигини айтади.

Андижон воқеалари демократик инқилоблардан қўрқиб кетган И.Каримов режимининг АҚШ билан орани очиқ қилишига сабаб бўлганди. Бироқ энди И.Каримовнинг тарихий қиёфаси ва сиёсий мероси масаласига келганда Андижон фожеаси уни Ғарб билан яқинлашишга ундаши мумкин.

Эрик МакГлинчи фикрича, Ўзбекистондан ислоҳот талаб этишнинг навбатдаги қулай фурсати етди.

“1991 йилда Совет Иттифоқи қулагандан кейин ҳокимиятга келган президентлардан фақат иккитаси қолди. Назарбоев ва Каримов. Уларнинг хаёлида нима кечаётганини тасаввур қилиш мумкин. Каримов Туркманистон ва Қирғизистонга қараса, у ерда аввалги раҳбарларнинг мероси ўчириб ташланаётганини кўряпти. Қирғизистонда Ақаев фамилияси қарийб ҳақоратли сўзга айланди, Туркманбошининг эса ҳайкаллари олиб ташланяпти. Ҳозир Каримов ўзининг президентлик даври абадий эмаслигини англай бошлаяпти ва айнан ҳозир у ўзидан кейинги мерос қандай бўлишини белгилаб бериши мумкин”, – дейди таҳлилчи.

Унинг таъкидича, И.Каримов ворисни Путин-Медведев сценарийси асосида танлаши мумкин, у Ғарб билан яқинлашсагина ўзидан кейинги меросни яхшилай олади.

“Ливияда Каддафий қилганини кўринг. Каддафий режими террорчиликни давлат миқёсида қўллаб-қуввватловчи даҳшатли режим сифатида танилган эди. Лекин у Ғарб билан яқинлашиб ўз имижини ўзгартириб юборди. Бу биргина мисол эмас, бир қатор автократик раҳбарлар Ғарб билан яқинлашиб, ўз сиёсатини ўзгартирганидан кейин ўзларига бўлган муносабатни яхшилай олган”,- деди Эрик МакГлинчи.

Бироқ Андижон фожеаси ҳар доим И.Каримов исми билан боғлиқ тарзда эсланишини айтган таҳлилчи президентнинг бу фожеадаги иштироки қай тарзда эсланиши муҳимроқлигини таъкидлади.

“Агар Каримов чиқиб бу даҳшатли хато бўлганини ва давлат Андижон ғалаёнини бостиришда меъёридан ортиқ куч қўллаганини айтса, Андижон воқеасига бу фожеа борасида тўлиқ жавобгарлик бор, деган нуқтаи назардан ёндашган бўлардик. Бу воқеага қараш мутлақо ўзгарган бўларди. Яъни Каримов Андижон ғалаёнини бостириш усули хато бўлганини эътироф этса, бу воқеага қарашимиз унинг бугун мутлақо ўз хатосини инкор этаётганидан келиб чиқаётган қарашимиздан тубдан фарқ қила бошлайди”, – деди Эрик МакГлинчи.

Айни пайтда АҚШ ҳукумати ҳам бир вақтнинг ўзида Андижон фожеаси юзасидан Ўзбекистон халқига ўз ҳамдардлигини билдирмоқда ва Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борилаётган мулоқот давом эттирилишини айтаётир.

“Бундай фожеали воқеалар бошқа ҳеч қачон қайтарилмаслиги учун давомли мулоқот, жавобгарлик ва ярашиш лозимдир”,- дейилади АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси тарқатган баёнотда.

Вашингтонда ўтказилган Конгресс эшитувларига Ўзбекистон вакиллари ҳам таклиф этилганига қарамай, улардан ҳеч ким кўриниш беришга журъат этмади.
XS
SM
MD
LG