Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:38

“Жаҳолат чангалида” “Фитна”га жавобми?


Ўзбекистон ҳукуматининг диний озчиликларга қарши тоқатсизлик кампанияси оммавий ахборот воситаларига кўчди. Бу эса эркин матбуоти бўлмаган мамлакатда таҳликали оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

“Ўзбеккино” томонидан тайёрланиб телевидение орқали намойиш этилган “Жаҳолат чангалида” ҳужжатли фильмида насроний миссионерлар қораланади. Унда “Иегова гувоҳлари”, “Тўлиқ инжил черкови” ва “Фаровонлик” каби оқимларнинг миссионерлик фаолияти диний ақидапарастлик, терроризм ва наркомания каби глобал муаммолардан бирига айлангани ҳақида гапирилади.

Бироқ бу Ўзбекистон матбуотининг насронийлар фирқаларига қарши бир томонлама ҳаракати эмас. Айни пайтда Ғарб матбуотида ҳам Исломга қарши нафрат қўзғатувчи ҳужжатли фильмлар ва пайғамбар САВ карикатуралари нашр этилаётгани бор гап.

Ҳар икки ҳолатда ҳам томонлар бу ҳаракатларини маҳаллий диний урф-одатларни асраб қолишга қаратилгани билан оқлайди. Жумладан, Қуръон ва мусулмонларга қарши “Фитна” фильми муаллифи, Нидерландия парламенти аъзоси Герт Вилдерс “Фокс ньюс” телеканалига берган интервьюсида: “Биз ксенофоб ёки ирқчи эмасмиз, лекин биз ўзлигимиздан, исломий давлат бўлмаганимиздан фахрланиб қолишни истаймиз. Одамларимизнинг исломийлаштириш оқибатларидан тоқати тоқ бўлди. Келинг, мусулмонларнинг бу ерга кўчиб келишини тўхтатайлик ва келиб қолганларни ўзимизнинг қоидаларимизга мувофиқ тарзда жамиятга сингдирайлик”,- деганди.

Айни пайтда “Жаҳолат чангалида” фильми иштирокчиларидан бири, Тошкент Ислом университети аспиранти Жасур Нажмиддинов насроний миссионерлар муаммосининг долзарблигини наркомания ва терроризм билан қиёслаб, Исломга маломат ёғдираётган Герт Вилдерсдан унча қолишмади.

“Миссионерлик Европа давлатлари учун таҳдид бўлмаслиги мумкин. Чунки европаликларнинг аксари насронийликка эътиқод қилади. Ўзбекистон бошқа дунё. Бу анъанавий Ислом юрти. Миссионерларнинг бу ерга келиши жамиятни парокандаликка олиб келиши мумкин”,– деди Ж.Нажмиддинов.

Турли динлар ва конфессиялар ўртасида қайси бири ҳақу қайсиси ноҳақлиги борасидаги мунозараларга мутлақо берилмаймиз. Бунинг ўрнига ушбу ўзаро нафрат уйғотувчи ва хавфли ҳаракатларда оммавий ахборот воситаларининг ўрнини белгилаб олишга ҳаракат қиламиз.

“Озодлик” билан суҳбатда бўлган тошкентлик талаба Ўзбекистон телевидениеси ва айрим олий ўқув даргоҳларида намойиш этилган “Жаҳолат чангалида” фильмини нафақат кўришга, балки ундан хулоса ясашга улгурган.

“Видеоларини қўйишди, ота-онасини ўлдириб қўйган, деб. Биттасини боғлаб психболницага тиқиб қўйишганини кўрдик. Биз ҳам энди огоҳ бўлдик. Бизга бир-биримизни ёлғизлатиб қўймаслигимиз кераклиги айтилди”,- деди суҳбатдош.

Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, телевидениеда намойиш этилган фильмдан сўнг насроний динидаги озчиликлар вакиллари ўз уйларини тарк этишга мажбур қилинган.

Бироқ биз билан суҳбатда бўлган талаба телевидениеда кўрсатилган фильм уларга қарши зўравонлик қўллашни уқтирмаслигини таъкидлайди.

“Бизга айтишдики, бошқа динларга ўтиб қолганларни асабимизни бузмасдан, куч қўлламасдан қайтаришга ҳаракат қилишимиз керак. Нафратимизни қўзғатса ҳам асабимизни жиловлаб олиб уларга ёрдам бериш керак-да!” –дейди талаба.

Ўз нафратини жиловлай олмайдиганлар бўлсачи? Бунинг оқибатлари учун яна мусулмонлар жавобгарми ёки нафратни қўзғатган оммавий ахборот воситалари? Шундай ҳолларда Ўзбекистон матбуоти ўзининг гўё сўз эркинлиги ҳуқуқига эга эканини пеш қилиши мумкин-ку...

Диний эркинликлар ҳимоясига йўналтирилган “Форум 18” ахборот агентлиги бош муҳаррири Феликс Корли бунга кескин эътироз билдиради.

“Ҳа, ҳамма сўз эркинлиги ҳуқуқига эга. Лекин Ўзбекистондаги муаммо бутун оммавий ахборот воситалари давлат томонидан бошқарилишидир. Ҳукумат биз бу одамларни ёқтирмаймиз ва керак бўлса, уларни мажақлаб ташлаймиз, деяпти. Ўзбекистон матбуоти эса мана шу зўравон ҳукуматнинг бир қисмидир”,- деди Ф.Корли.

Шундай қилиб, Ўзбекистондаги диний озчиликларни таъқиб этаётган Ўзбекистон ҳукумати бу амалиётга ўзига тегишли матбуотни ҳам жалб этмоқда. Ғарб оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлаётган аксилисломий мазмундаги чиқишларчи?

“Улар бу ердаги алоҳида шахсларнинг шахсий ташаббусидир. Дейлик, “Фитна” фильмини Нидерландия ҳукумати чиқаргани йўқ. Аксинча ҳукумат бу кинони қоралади. “Фитна” эркин матбуот гуллаб-яшнаётган давлатда эълон қилинди. Шунинг учун бу фильмдан таҳқирланган мусулмонлар унга очиқдан-очиқ қарши чиқиш имкониятига эга. Ўзбекистонда эса нишонга олинган миссионерлар ўзларини ёқлаб ҳеч нарса қила олмайди”,- дейди Ф.Корли.

Бир сўз билан айтганда, сўз эркинлиги эътиқод эркинлигини ҳимоя қилувчи катта бир кучдир. Эҳтимол насроний диний озчиликларнинг ўзларини оқлаб матбуотда ва телевидениеда пайдо бўлишини кўпчилик истамайди ҳам, бироқ Ўзбекистонда экстремист ёки террорчи сифатида қораланган минглаб мусулмонларчи?!

Сўз ва эътиқод эркинлиги нафақат насроний диний озчиликларни, балки мавриди келганда Ўзбекистондаги кўпчиликни ташкил этаётган мусулмонларни ҳам ҳимоя қилади. Диний эътиқодларнинг тўқнашуви глобализация жараёнининг натижасидир. Шунинг учун Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳам, дейлик, Европанинг бир бурчагида мусулмонларга эркинлик бериляпти-ку, қабилида глобал фикрлашни ўрганиши керак.
XS
SM
MD
LG