Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:41

Расмий рақамлар жамоатчиликни ишонтираётгани йўқ


Ўзбекистонда 2008 йилнинг дастлабки 4 ойида ўсмирлар ва болалар ўртасида жиноятчилик кўлами 3,5 фоиз, ўз жонига қасд қилиш ҳоллари эса 25 фоиз қисқарган.

“Жаҳон” ахборот агентлиги тақдим қилган бу рақамлар президентнинг 2008 йилнинг 1 майида имзолаган “Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармонининг ижросига намуна сифатида тиркалган.

“Бироқ бу расмий маълумотлар жамоатчилик ишончини қозонгани йўқ. Чунки ёшлар ва болалар ўртасида жиноятчилик камаймаган, аксинча кўпайган, ўз жонига қасд қилганлар эса, айниқса, ёшлар орасида кўпайган,- дейди Тошкент вилоятида истиқомат қиладиган педагог Улуғбек Усмонов. - Бунинг сабаблари эса, асосан, ишсизлик, йўқчилик, илмсизлик ва ҳоказо етишмовчиликлар. Мен ўзим кичкинагина қишлоқда яшайман. Сўнгги йил ичида 4–5 та ёш йигит-қизнинг жонига қасд қилганига гувоҳ бўлдик. Маҳаллий аҳоли буни вос-вос касалига йўлиқиб, ўзини осиб қўйган, деб қўя қолади. Аммо менимча, бу ёшларнинг руҳий ҳолати ва айни вақтда ижтимоий муаммолар билан боғлиқ. Чунки турмуш тарзи ошиб боряпти. Моддий эҳтиёж катта. Жамиятда кучли табақаланиш кетяпти. Кўп ёшлар бунга кўника олмаяпти, менимча”.

Ёшлар ва ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш ёки жиноятга қўл уриш ҳоллари жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев фикрича ҳам кўпайиб бормоқда.

“Одамлар орасида бировнинг қўл телефони, магнитофони, мис ёки алюмин қозони, товуғи, қўйини ўғирлаш жиддий жиноят саналмай ҳам қолган. Кўп ёшлар ўғирликка берилган. Мол ўғирлашдан тортиб, магнитофон ўғирлигига қадар бўлган жиноятларга берилган. Айниқса, рангли металл пул бўлганидан кейин бировнинг қозонини, симёғочдаги симларни ўғирлаш оддий ҳол бўлиб қолди. Йўқчиликда бунинг сабаби”,- деди Ў.Пардаев.

Андижонлик бошқа бир суҳбатдош эса ёш-ёш йигитлар, ўсмир болалар ўртасида гиёҳвандлик кўпайгани, лекин янада аянчлиси, майда ўғирлик эмас, балки ҳуқуқ-тартибот ходимлари қўлига тушганидан сўнг катта жиноятчига айланаётган ёшларнинг кўпаяётгани хавотирли эканини билдирди.

“Яқинда эшитдим: биров қўшнисининг мобил телефонини ўғирлаб қўлга тушган. Телефон эгаси қўшничилик қилиб, даъвосидан кечса, у болани битта қўй ўғирлаган, деган айб билан қамаб юборишди. Ёшгина йигитча. Бу милиция зоти бировни эплаб қўлга илинтириб олса бўлди, қўйиб юбормас экан”,- дейди суҳбатдош.

Худди шу ҳолатни Ўктам Пардаев ҳам алоҳида таъкидлади. Яъни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари орасида жиноятчиликнинг олдини олиш билан эмас, балки ёш-ёш фуқаролардан ҳам асл жиноятчилар ясаш фаолияти билан шуғулланадиганларнинг сафи кенгайган.

“20 ёшлардаги бир йигит таниш ўртоқларидан магнитофон сотиб олган. Бу болалар эса ўғирлик билан милицияга тушган ва милиция магнитофонни сотиб олган болани ҳам чақиртирган. Ҳалиги бола ўғирлик қилмагани учун қўрқмасдан милицияхонага борган-у, шу бўйи қайтиб келмаган. Ўғрига чиққан у ҳам. Бу минглаб ҳолатлардан фақат биттаси, афсуски. Жиноятчилик камайди, дейди. Аслида бунинг ҳаммаси қуруқ сафсата. Асли вазият аянчли”,- деди Ў.Пардаев.

Мен ўғри эмасман, деб комили ишонч билан ички ишлар бўлимига борган 20 ёшли йигитнинг у бинодан қайтиб чиқмагани унинг атрофидаги ҳалол ёшларни яна-да мустар, тушкун қилади. Табиийки, ўғирликни йўлга қўйиб олган ёшларни эса дадиллаштиради.

“Аммо ёшлар орасида жиноятчилик камайди, дея бонг ураётган матбуот ҳам, ҳуқуқ-тарибот идоралари ҳам йўқчилик ҳақида гапираётгани йўқ. Ишсизлик, иш ҳақи эса энг кам харжли тирикчиликка ҳам етмаслиги ҳақида гапираётгани йўқ. Худди шу ҳол ёшларни ҳар кўчаларда сарсон қилаётгани ҳақида ҳеч ким гапираётгани ҳам, қайғураётгани ҳам йўқ”,- дейди Ў.Пардаев.

Халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари муттасил поймол этилиши ҳақидаги танқиди кучайиб бораётган бир пайтда мамлакат Бош прокуратураси ЮНИСЕФ билан бирга “ёшлар ва миллий озчилик вакиллари ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда” қабилида тадбирлар ўтказмоқда. Расмий матбуот эса бу каби тадбирларни мамлакатда инсон ҳуқуқлари устивор, дейилган шиорни яна бир бор такрорлаш имкони ўлароқ қўлдан бой бераётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG