Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:48

Расмий Тошкент эркин матбуот муҳокамасидан қочяпти


Европа Иттифоқи ҳомийлигида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган матбуот эркинлигига оид халқаро семинар иккинчи бор номаълум муддатга қолдирилди.

Нуфузли халқаро ташкилотларнинг 15 вакили таклиф этилган ушбу анжуманда Андижон воқеасидан кейин Ўзбекистондаги сўз эркинлиги аҳволи энг кескин тарзда муҳокама этилиши керак эди.

Аввалига ушбу тадбир май ойининг охирига белгиланганди. ЕИ санкциялар масаласида расмий Тошкентда ён босганидан сўнг ўзбек ҳукумати кутилмаганда семинарни қолдирди.

Энди эса Ўзбекистон томони 9-10 июнга белгилаган янги муддатга қадар ЕИ ташкилий ишлар билан улгурмаслиги сабабли анжуман яна номаълум муддатга кечиктирилмоқда.

Анжуманнинг кечиктирилаётгани Ўзбекистон ҳукуматига шундоқ ҳам анча танқидий руҳда бўлган “Ҳьюман райтс уотч”, “Чегара билмас мухбирлар” ва Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакилларининг ҳафсаласини пир қилмоқда.

Тошкент учрашувига таклиф қилинган Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Стролайн ўз қарашини АҚШдаги етакчи газеталарда ифода этди.

“Ўз қилмиши учун Ғарб танқидлари борасида хавотирланган ҳар бир диктатор Ислом Каримовдан ўрнак олса бўлади”,- деб ёзди Э.Стролайн “Wall street journal”даги мақолада.

“Озодлик” билан суҳбатда бўлган Эндрю Стролайн расмий Тошкент ҳали бўлиб ўтмаган матбуот эркинлиги семинаридан ўзига кераклигича фойда олиб улгурганини айтди.

“Улар матбуот эркинлиги семинарини аллақачон ишлатиб, ЕИ санкциялари юмшатилишига эришиб бўлди. ЕИ ташқи ишлар вазирларининг санкцияни вақтинча тўхтатиб туриш қарорига Ўзбекистон ҳукумати ушбу семинарни ўтказишга розилик бергани таъсир қилганди. Лекин ҳукумат ўзига керакли қарорни олиб бўлгандан кейин семинарни бекор қилганди”,- деди Э.Стролайн.

Лекин ҳозирча ЕИ ҳомийлигида ўтказилиши режалаштирилган анжумандан ҳеч ким умидини узгани йўқ. Анжуманда иштирок этишга таклифнома олганлардан бири - “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакиласи Элза Видал.

“Нима бўлса ҳам улар қайси кунни белгиламасинлар, мен барибир бораман. Чунки бу мамлакатдаги матбуот эркинлиги аҳволи борасидаги хавотирларимизни етказиш учун яхши имкониятдир. Биз бирор натижаларга эриша олишимиз борасида шубҳалансак ҳам бунинг учун барча имкониятлардан фойдаланганимиз борасида шубҳадан холи бўлишимиз керак”,– деди Э.Видал.

Тошкент анжуманига таклиф этилган халқаро ташкилотлар вакиллари ўзларининг Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги борасидаги хавотирларини расмийларга қатъий тарзда етказишга шай турибди. Лекин ҳамма анжуман қуруқ танқидлардан нарига ўтиб, муайян натижага йўналтирилган бўлишини истаётир. Шу жумладан, анжуманга таклиф этилган Уруш ва тинчликни ёритиш институти валили Жон Маклауд ҳам.

“Ўзбекистонда матбуот эркинлиги мутлақо мавжуд эмас. Лекин шунда ҳам ҳукумат қилиши мумкин бўлган кўпгина нарсалар бор. Ўзбекистон ҳукумати ўз журналистик фаолияти учун қамалган журналистларни озод этиши ҳамда эркин ва мустақил матбуот фаолиятини енгиллаштириши мумкин. Шунингдек, ҳукумат хориж оммавий ахборот воситалари, “Озодлик” ва “Би-би-си” радиоларининг мамлакатда қайта фаолият юритишига рухсат бериши керак. Бу ишларни расмий Тошкент осонлик билан қилиши мумкин ва бундай қадамлар, шубҳасиз, ижобий қабул қилинган бўларди”,- дейди Жон Маклауд.

Айни пайтда Ўзбекистонда сўз эркинлигининг йўқлиги энг кескин тарзда муҳокама этилиши лозим бўлган анжуманнинг кечиктирилаётгани, бир томондан, Ўзбекистон ҳукумати ва ЕИ ўртасидаги алоқалар аслида бир маромда эмаслигини, бошқа томондан, сўз эркинлиги масаласини муҳокама этишга Ўзбекистон ҳукуматининг унча мойил эмаслигини кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG