Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:50

Мўътабар Тожибоеванинг озод этилгани олқишланмоқда


2 июнь куни ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг қамоқдан озод қилинишини ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат вакиллари ҳамда халқаро жамоатчилик олқишламоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроев фарғоналик ҳамкасби М.Тожибоеванинг кутилмаганда озодликка чиқарилганини олқишлар экан, асосийси: “Унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги курашдан қайтмаганидир. У бу йўлда собитқадам бўлган жасур аёл”,- дейди.

Айтиш жоиз, Мўътабар Тожибоева Андижон воқеаларидан сўнг қамалган ва сўнгги қисқа давр ичида озодликка чиқарилган еттинчи ҳуқуқ ҳимоячисидир.

Ўзбекистондаги “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятова воқеаларнинг бу тариқа ривожини олқишлар экан, озод этилганлар сафи яна-да кенгайишига умид билдирди.

“Мўътабар Тожибоевадек ҳуқуқ ҳимоячисини озодликка чиқаришгани биз учун зулматдаги салтанатга тушган бир тола нурдай бўлди. Шуниси муҳимки, бу жасоратли аёл мамлакатимиздаги босимлардан синмаган ягона ҳуқуқ ҳимоячисидир. Унинг яна сафимизга қайтганидан хурсандмиз ва умид қиламизки, қамоқда ётган бошқа сиёсий маҳбуслар ҳам тез орада озод этилади”,- деди Нигора Ҳидоятова.

М.Тожибоеванинг озод этилишини талаб қилиб келган халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг бу ҳаракатини олқишламоқда. Шуниси эътиборлики, воқеага муносабат билдираётган суҳбатдошлар унинг кутилмаганда содир бўлгани боис, дарҳол сабабларга эътибор қаратмоқда.

Аксарият ўзбекистонлик суҳбатдошлар воқеа, шубҳасиз, АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Ричард Баучернинг Ўзбекистонга сафари билан боғлиқ, деган фикрда.

“Авваллари нозик меҳмонлар оёғи остига қўй сўйилиб, қурбонлик қилинар эди. Энди бу маросим такомиллашиб, Ғарбдан келадиган меҳмонлар шарафига сиёсий маҳбуслар битта-битта озод қилинадиган бўлди”,- дейди суҳбатдошлардан бири.

Унинг бу фикрини инкор қилмаган ҳолда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроев 1992 йилда содир бўлган воқеани ёдга олди.

“Бу тадбир 1992 йилда Пўлат Охундан бошлангани эсимизда. Ўшанда шахсан Каримов ўзи рухсат бериб, қоғоз имзолаган. Тожибоева вазиятида ҳам шундай ҳужжат берилгандир. Аммо бу жамоатчиликка ошкор қилинмайди”,- деди Б.Ҳамроев.

Шундай қилиб, ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари М.Тожибоеванинг озод этилиши сабабларини мутлақ Ўзбекистон ҳукуматининг манфаатларидан кўрмоқда. Бу ҳукуматни Ғарб билан муносабатларда айнан инсон ҳуқуқлари фаолларини савдо предметига айлантирганликда айбламоқда.

Айни вақтда Ўзбекистон ҳукуматини М.Тожибоевани озод этишга муттасил равишда чақириб келган халқаро ташкилотлар ҳам бу воқеани олқишлар экан, ҳозир унинг қай сабабларга кўра озод этилгани муҳим эмас, муҳими унинг озод этилганидир, деган фикрни билдирмоқда.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева эса М.Тожибоеванинг озод этилиши халқаро жамоатчилик, асосан, Ғарбнинг босими таъсири натижасидир, деган фикрни тасдиқлаш билан бирга бу фақатгина ана шу босимларга жавобан Каримов ҳукуматининг ён беришидир, деган фикрдан йироқ.

“У бир-бирига мутлақо зид 16 та модда билан, адолатсиз қамалган эди ва у бу адолатсизликка қарши мардона туриб берди. Сиёсий ўйинларнинг турлича сценарийларини қабул қилмади, яъни синмади. У Ўзбекистондаги энг муносиб ҳуқуқ ҳимоячисидир ва назаримда, умуман олганда адолат тантана қилди”,- дейди Надежда Отаева.

Ўз вақтида бу ташкилот М.Тожибоеванинг озод этилиши талаби билан имзо йиғиш акциясини ўтказган эди. Ўзбекистон ҳукуматини М.Тожибоевани озод этишга чақириб келган “Халқаро амнистия” ташкилоти вакили Мейзи Вейчердинг эса ҳуқуқ ҳимоячисининг озод этилиши бажарилиши керак бўлган талабларнинг ҳали дастлабкиси эканини билдирди.

“Табиийки, у шартларсиз озод этилмади ва ҳануз унинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи чекланган. Биз Ўзбекистон ҳукуматини бу каби чекловларни тўла бекор қилиш ва М.Тожибоевани ҳеч қандай шартларсиз озод қилишга чақиришда давом этамиз”,- деди Мейзи Вейчердинг.

Худди шундай чақириқни ҳуқуқ ҳимоячиларни ҳимоя қилувчи “Фронтлайн” ташкилотининг Марказий Осиё масалалари бўйича вакиласи Мэри Лолас ҳам таъкидлади. Эслатиш жоиз, М.Тожибоева 2005 йил кузда шу ташкилотнинг Дублин шаҳрида ўтадиган тадбирига кетаётган чоғида қўлга олинган эди.

“Шу боис, биз унинг қийноқларга маҳкум бўлганидан қаттиқ азият чекдик ва унинг озод этилиши учун қўлдан келган ҳамма ишни қилишга ҳаракат қилдик. Эндиликда унинг озод этилганидан жуда мамнунмиз”,- деди Мэри Лолас.

У М.Тожибоевани озод этиш билан Ўзбекистон ҳукумати Ғарбнинг арзон-гаров олқишига сазовор бўлишни истадими ёки бу ҳукумат учун ҳали-ҳануз Ғарб босими қандайдир жиддий аҳамиятга эгами, деган саволга жавоб бериб:
“Фикримча, Тожибоеванинг озод этилиши сабаби ана шу каби омилларнинг қоришмасидир. Ўйлашимча, 2005 йилдан буён вазиятдан хабардор ҳамма-ҳамма унинг озод этилиши учун астойдил ҳаракат қилгани, албатта, жиддий омил. Бироқ Ўзбекистон ҳукуматининг бугунги кайфиятида тайин сабаб борасида бир гап айтиш қийин. Лекин ҳозир муҳими унинг нега ва қай сабабларга кўра озод этилгани эмас, озод этилганидир”,- деди.

М.Тожибоеванинг ўзи эса озод этилишга беш дақиқа қолганда унинг қўлига “қамоқхона шароити соғлиғига мос келмагани учун озод қилинди” мазмунидаги қоғоз берилганини билдирди. Аммо бошқа юзлаб сиёсий маҳбуслар ўта оғир шароитда қамоқхонада сақланаётган бир вақтда унинг айнан шу сабаб билан озод қилингани ўзбекистонлик ва хориждаги ҳуқуқ ҳимоячилари ишончини қозонгани йўқ, афтидан.
XS
SM
MD
LG