Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:07

МО давлатлари НАТО билан ҳамкорликни сақлаб қола оладими?


Грузия билан давом этаётган можаро сабабли Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар ёмонлашиб борар экан, 25 август куни президент Дмитрий Медведев НАТО билан алоқаларни тўхтатишга тайёрлиги ҳақида маълум қилди.

Д.Медведев 28 август куни Душанбеда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити давомида Марказий Осиё раҳбарларига ҳам НАТО билан ҳамкорликни тўхтатишни таклиф этиши кутилмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, ҳам Ғарб, ҳам Россия билан алоқаларни сақлаб қолишни ҳамда НАТОнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини ўз миллий манфаатлари доирасида деб биладиган Марказий Осиё давлатларии мураккаб вазиятда қолиши мумкин.

Бу борадаги НАТО позициясини “Озодлик” радиоси билан эксклюзив интевьюсида НАТО бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказдаги махсус вакили Роберт Симмонс ойдинлаштирди.

Озодлик: Жаноб Симмонс, Россия томони Марказий Осиё давлатлари раҳбарларидан НАТО билан алоқаларни чеклашни ёки тўхтатишни талаб қилса, уларнинг вазиятдан чиқиш имкониятлари қанчалик, деб ўйлайсиз?

Р.Симмонс: Марказий Осиё давлатлари ўзларининг Россия билан ва Россиянинг НАТО билан муносабатлари ҳақида мустақил фикрларига эга, деб ўйлайман. Ўтмишда ҳам таъкидлаб келганимиздек, НАТОнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалари Россия билан рақобатлашиш асосига қурилмаган. Марказий Осиё давлатлари Грузиядаги вазият борасида ташвишга тушганини кузатдим. Шунинг учун улар НАТО билан муносабатларни сақлаб қолиш фойдаси ҳақида ўзлари учун хулоса қилган бўлиши керак. Менимча, уларнинг сўнгги қарори тўғри бўлади.

Озодлик: Сиз Марказий Осиё раҳбарларининг Россия таклифига қандай муносабат билдиришини кутмоқдасиз?

Р. Симмонс: Улар аввал айтган гапларига содиқ қолса, ўзларининг НАТО билан алоқаларини оқлашга ва унинг Россияга қарши йўналтирилмаганини исботлашга уринади. Уларнинг НАТО ва Россия борасида ўз миллий манфаатларига таяниб қарор қабул қилишига ишонаман. Марказий Осиё давлатлари Россиянинг Грузиядаги ҳаракатлари борасида эҳтиёткорлик билан баёнот берди. Шу билан улар Россиянинг позициясини тўлиқ қўллаб-қувватламаслигини кўрсатди.

Озодлик: Сизнингча Россия НАТО билан алоқаларни тўхтатиб, Афғонистонга юк транзитини ёпиб қўйса, НАТОнинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигига бу қанчалик зарба бўлади?

Р.Симмонс: Тушунишимча, Россия транзитни тўхтатиш ниятида эмас. Шунинг учун, менимча, биз транзит йўлларини ишга тушириш бўйича Марказий Осиё давлатлари билан музокараларни давом эттираверамиз.

Озодлик: Россия охир-оқибат постсовет давлатларни ўзининг Грузия борасидаги позициясини қўллаб-қувватлашга мажбур қила оладими?

Р.Симмонс: Россия ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбур қилмайди, деган умиддаман. Бу давлатлар мустақил давлатлардир, уларни ҳеч ким мажбур қилишга ҳақли эмас. Масалан, биз Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз. Лекин ҳеч кимни биз билан ҳамкорлик қилинглар, деб мажбур қилаётганимиз йўқ-ку. Шунинг учун Россия нима деса деяверсин. Лекин бу мустақил давлатлар ўзи учун қарор қабул қилиши керак.

Озодлик: Жаноб Симмонс ҳозирги вазиятни кўпчилик сиёсатшунослар совуқ урушнинг янги кўриниши, деб атамоқда. Сизнингча ҳам Россия постсовет давлатларни ўз таъсирига олиб бир фронтдан ҳаракат қилишга уринаётгандек туюлмаяптими?

Р.Симмонс: Мен “совуқ уруш” сўзини ишлатмаган бўлардим. Албатта, Россия раҳбарияти биз номақбул, деб ҳисоблайдиган баёнотларни қилмоқда. Мисол учун, улар НАТО аъзоси Польшага таҳдид қилди. Яна уларнинг Грузияда қилган ишлари анча чегарадан ўтиб кетди, деб ўйлаймиз. Лекин ишонишимизча, Россиянинг таъсири бу қадар кучли эмас. Шунинг учун айтганимдек, Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари Россия билан муносабатлари ҳақида ўзлари қарор қабул қилиши керак.

Озодлик: Ҳозир Марказий Осиё давлатлари ҳам Россия, ҳам Ғарб билан алоқаларни бузишни истамайди. Улар НАТОнинг Афғонистондаги амалиётларини ҳам юқори баҳолаши ҳақида айтиб келади. Лекин Россиянинг кучли таъсири остида улар мувозанатни сақлаб қола оладиларми?

Р.Симмонс: Улар шу вақтгача мувозанатни сақлаб қола олди. Ҳозирги вазият бир қадар мураккаброқ, лекин улар бу вазиятдан ҳам чиқа олиши керак. Ҳарқалай улар шу мувозанатни сақлаб қолишни истайди ва айтганимдек уларнинг Грузия борасидаги баёнотлари буни кўрсатди.

Озодлик: Бу масалада НАТО Марказий Осиё давлатларига қандай ёрдам бера олади?

Р.Симмонс: Биз, албатта, муносабатларни мустаҳкамлаб боришда давом этамиз. Биз улар билан бошлаган дастурларимиз доирасида ишлаймиз. Ҳатто мана шу ҳафта охирида НАТО вакиллари Ўзбекистонда мудофаа тизимини режалаштириш масаласида иш бошлайди. Ўзим ҳам Марказий Осиёга бир неча ташрифни режалаштириб қўйганман. Бу ишларимизни давом эттирамиз...
XS
SM
MD
LG