Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:54

АҚШ генерали Тошкентга келди


Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафар қилаётган АҚШ армияси Марказий қўмондонлигининг қўмондони генерал Мартин Демпси 28 август куни Тошкентга етиб келди.

АҚШ армиясининг юқори мартабали мулозими президент Ислом Каримов билан учрашмайди.

Ташриф доирасида унинг фақатгина Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали расмийлари билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик масалаларида сўзлашув ўтказиши режалаштирилган.

Генерал Демпси Халқаро қизил хоч ташкилотининг Тошкентдаги вакили билан ҳам учрашади.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси тарқатган хабарга кўра, ўзбек расмийлари билан сўзлашувларнинг диққат марказида, шунингдек, минтақий хавфсизлик, Афғонистонни қайта қуриш, инсон ҳуқуқлари ва наркотикларга қарши кураш каби масалалар ҳам бўлади.

Элчихона таъкидича, М.Демпсининг ташрифи АҚШ армиясининг Когонга ёрдам бериш миссиясининг сафари билан бир вақтга тўғри келган.

АҚШ элчихонасининг ташқи алоқалар масалалари бўйича мутасаддиси Кэрол Фаҳардонинг “Озодлик”ка айтишича, генерал Демпсининг сафари Ўзбекистон расмийлари билан мунтазам маслаҳатлашувлар доирасида амалга оширилмоқда.

“Биз ўзаро манфаатларимиз доирасида доимо ҳамкорлик қилиш йўлларини излаймиз. Биз вакуум ҳолатида бирор ишни бошлашни режаштирмаймиз. Ўзбекистон билан муносабатимиз кўп қирралидир. Ҳарбий алоқаларимиз эса муносабатларимизнинг бир қисми, холос”,- деди элчихона расмийси.

Генерал Демпсининг минтақа давлатлари бўйлаб сафари кўпроқ танишив ҳарактерига эга. Айни пайтда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик АҚШ ҳарбийлари ва ҳарбий юкларини Германия тасарруфидаги Термиз аэропорти орқали Афғонистонга ўтказиш билан чекланган.

АҚШ расмийлари Ўзбекистонда ҳарбий базани қайта очиш масаласи мутлақо кун тартибида турмаётганини қайта-қайта таъкидлаб келади.

Россиядаги нуфузли “Коммерсант” газетасининг ёзишича, Европа Иттифоқи ва АҚШ расмийларининг Ўзбекистонга жадаллашган ташрифлари ва Ўзбекистоннинг Ғарб билан яқинлашиш эҳтимоллари Кремлни ташвишга солмоқда.

“Нима учун америкаликларнинг эътибори руслар учун қийинчилик туғдираётганини улардан сўраш керак,- деди Кэрол Фаҳардо. - Муносабатларимизда секин-аста илиқлик пайдо бўляпти. Ўзбекистон расмийлари бир қатор масалаларда ҳамкорлик қилиш ниятини кўрсатмоқда. Биз ўзбек раҳбариятини кўпроқ қўллаб-қувватлаш имконига эга бўлиш учун уларга бир қатор масалаларда ҳамкорлик таклиф этдик. Муносабатларимизни қийинлаштирган айрим жиҳатлар ўтмишда қолганидан мамнунмиз”.

Айрим таҳлилчилар фикрича, Россиянинг Грузияга нисбатан кўрсатган адовати постсовет республикаларнинг АҚШ билан алоқалари аҳамиятини оширади. Бироқ АҚШ томони, хусусан, Ўзбекистонга келганда ҳақиқий маънодаги қизиқишни намойиш этмагани учун танқид остига олинади. Кэрол Фаҳардо бундай айбловларни рад этиб, Ўзбекистонни Грузия борасидаги АҚШ позициясини қўллаб-қувватлашга даъват қилди.

“Ўзбекистон томони бу борада Грузияни нима учун қўллаб-қувватлаётганимизни тушунишига умид қиламиз. Марказий Осиёни ўзимиз учун жуда муҳим минтақа, деб биламиз. Грузиядаги воқеаларга жавобан Ўзбекистон раҳбариятининг қилажак баёноти ҳам биз учун аҳамиятлидир”,- деди Кэрол Фаҳардо.

Марказий Осиёнинг аҳамияти ҳақида таъкидлаб келаётган АҚШ расмийларининг гапи рост бўлса, генерал Мартин Демпсининг мунтазам маслаҳатлашувлар доирасидаги ташрифидан сўнг тез орада Тошкентда бошқа Вашингтон расмийлари ҳам меҳмон бўлади.
XS
SM
MD
LG