Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:14

Собиқ жосус Андижон қирғини учун Каримовни айблади


Икром Ëқубов Озодлик мухбирлари билан бевосита суҳбат чоғида. Июл¸ 2008.
Икром Ëқубов Озодлик мухбирлари билан бевосита суҳбат чоғида. Июл¸ 2008.

Ўзбек разведкасининг собиқ офицери “Каримов ўз халқини қирғин қилди” дея душанба куни Лондон аэропортида баëнот берди. Ойларча давом этган ëт эллардаги саргардонликдан кейин собиқ офицер¸ Британиядан қочқинлик мақоми сўрашга қарор қилди. Лондонга келган Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматисобиқ майорининг исми Икром Ëқубов.

Озодликка маълум бўлишича¸ Икром ўз ҳаëтига хавф бўлгани учун Ўзбекистонни тарк қилган. Бундан олдин у Ўзбекистон ташқарисидаги бир мамлакатда яшириниб юрган.

Қочиш қарори Икром учун узоқ иккиланишлар ва зиддиятли мулоҳазалар маҳсули бўлди.

Бу бевосита Каримов ëнида ишлаган зобитнинг собит қарори эди.

Жаллодга хизмат қилишни истамаслик учун ҳам Икром Ëқубов қочишни маъқул кўрди.

Унинг тахминлари¸ Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматида кечган ўн йил ва Президент миллий хавфсизлик кенгаши аъзоси сифатида ўтган икки йиллик тажрибага таянади.

“Мен Каримов ҳокимиятида ишлаб¸ қонунга зид бўлган даҳшатли воқеалар гувоҳи бўлдим. Миллий хавфсизлик кенгаши аппаратида ишлаганман.Ўзбекистон республикасининг ахборот хавфсизлиги бўйича куратори бўлганман. Мен уларнинг бегуноҳ одамлар¸ оддий намозхонлар зиммасига ноҳақ айбловлар юклашига гувоҳ бўлдим. Уларнинг қотиллигига гувоҳ бўлдим. Уларнинг қай тарзда аҳоли орасида қўрқув ва ҳадик туйғуларини ëйишини кўрдим.Мен ҳам улар яратган улкан жазо машинасининг бир мурувватига айлангандим”¸ - дейди 27 яшар Ëқубов¸ Озодлик билан суҳбатда.

Ëқубов: Намойишчиларни отишга Каримов буйруқ берди

Ëқубовга кўра¸ 2005 йил 13 май куни шахсан Каримовнинг ўзи Андижондаги тинч намойишчиларни отишга буйруқ берган.

“Андижонда президент буйруғига кўра¸халққа қарши ўқ отилганда ҳукумат тасдиқлаганидай 187 киши ўлди дегани ëлғон.Ўлганларнинг сони 1500дан ошиқ. Бу факт. Айнан Андижон амалиëтида иштирок этган битта МХХ зобити “Ўликларни ташиб тугата олмай қолдик,” деб айтганини ўзим эшитганман”.

Айни пайтда Каримов доимо “Мен Андижонда отишга буйруқ бермадим”, деган иддаони илгари суриб келади.

“Андижондаги халқни отган армия бу Маҳмуд Худойбердиев бошчилигидаги армия эди”.

Шу билан бирга Ëқубов ўзбек ҳукуматининг терроризм ва исломий хатар ниқобидаги ëлғон иддао соябони тагида мухолифат ва диндорларни ëмон отлиқ қилганини айтади.

Ричард Конройнинг сирли ўлими

Ëқубовга кўра¸ Каримов нафақат ўз фуқароларини балки чет эллик дипломатларни ҳам ўлдирган.

БМТ мулозими Ричард Конрой (Richard Conroy) тушган учқич¸ Ëқубовга кўра¸ 2004 йилда Каримов буйруғига кўра ҳалокатга учратилган.

“Ричард Конрой (Richard Conroy) ўлдириб юборилди.Керак бўлмаган маълумотларга эга бўлиб қолгани учун ўлдириб юборилди.У ҳаддан ташқари кўп нарсани билиб юборди. Конрой жомадонида Каримовнинг наркотиклар савдосига алоқадорлиги ҳақидаги фактлар бор эди” - дейди Ëқубов.

Конройнинг Каримов учун исталмаган маълумотларга эга бўлгани¸ унинг ҳаëтига нуқта қўйган.

Ëқубов илгари сурган айбловлар бугун 17 йиллик мустақиллигини Россия Бош вазири Владимир Путин билан бирга тўйлаëтган Тошкент режимини қийин аҳволга қўяди.

Ëқубов айтаëтган гапларни бундан олдин инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ўзбек диссидентлари ҳам билдиришган эди. Бу танқидчилар орасида Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей (Craig Murrey) ҳам бор.

“Ëқубовнинг тахминлари¸ Тошкент режими табиатидан келиб чиқилса¸ жуда ишонарлидир” - дейди Мюррей.

Айни пайтда Мюррей бундай тахминларга бир оз эҳтиëтли муносабат билдириш лозимлигини ҳам эслатади.

"Агентлар бор.Бундан ташқари икки ëққа ҳам бирдек ишлайдиган жосуслар бор. Буларнинг фарқига бормоқ лозим. Ҳар икки тараф майдонида ўйнайдиган ва ҳар икки тарафга маълумот сиздирадиган жосуслардан нари юрмоқ лозим”.

Ëқубов ўзининг икки тарафга ҳам ишлайдиган жосус эмаслиги¸ балки ҳақиқатни жамоатчиликка етказиш¸ режим қирғинлари ҳақидаги муждани дунëга айтишни мақсад қилганлигини таъкидлайди.

Ғарб дунëсидаги дипломатик манбалар Ëқубов айтган гапларни қисман тасдиқлади.

Ëқубовнинг шахси ва унинг Президент хавфсизлик кенгашида ишлаганини Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам тасдиқлашди.

Икром Ëқубов президент аппаратида 2002-2004 йиллар давомида ишлаган. У президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашида эксперт лавозимида ишлаган.

Сарбадор юзидан пардани кўтарди

Икки нафар Озодлик журналисти¸ Фаррух Юсуфий ва Абдулла Искандар¸ шу йилнинг июл ойида мухолифатга тегишли нашрлардан бирида Абдуллоҳ Сарбадор номи билан чоп қилинган мақолаларга эътибор қаратишди.

Бу мақолаларда ўзини собиқ хавфсизлик хизмати ходими эканини атаган муаллиф Каримов режими тафсилотларини ëзар эди.

Баъзи манбалар орқали бу кишининг телефони топилди. Аввалига у ўз исмини айтмаслик шарти билан фақат телефонда интервью беришга рози бўлди.

Аммо июл ойида унинг Ўзбекистонда қолган амакиси автоҳалокат қурбони бўлди. Бу автоҳалокатда махсус хизматларни айблаган муаллиф ўз исми билан чиқишга розилик берди.

“Шахсимни тасдиқлайман. Икром Ëқубовман”.

Ëқубов Лондонга келгунича ўзи беркиниб яшаган мамлакатида Озод Европа/Озодлик мухбирлари билан учрашди.

Ëқубовнинг айтишича¸ режим унинг оила аъзоларига ҳужум қилмоқда.

“Мен ўз оила аъзоларим ¸ яқинларим ва қариндошларим хатар остида эканлигини биламан .Аммо мен нафақат ўз оиламнинг балки ватанимнинг ҳам фарзандиман. Мен Каримовнинг ноқонуний босқинчи ва қотил эканлигини айтиш учун қалқдим. Мени ҳеч ким тўхтата олмайди” - дейди Ëқубов.

“Аввало ўзимни нафақат ота-онамнинг балки ўзбек халқининг фарзанди деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳам қариндош уруғларим учун таҳдидли бўлган баëнотларни беришга қарор қилдим”.


Озодлик мухбири билан суҳбатда Ëқубов ўзи қўлга киритган¸ ҳамкасбларидан ва бошқа давлат мулозимларидан эшитган гапларга асосланиб¸ жиддий айбловларни илгари суради.

“Бу баëнотни мен ноқонуний равишда Ўзбекистонда ҳокимиятни эгаллаб олган диктатор Ислом Каримовнинг жиноятларини қайсидир маънода фош қилиш мақсадида бердим”.

Каримовларнинг полковниги

Унинг МХХ даги йўли узун ва муракаб бўлди. Ҳали ЎзМУ (собиқ Тошкент Давлат Университети) талабаси эканлигидаëқ Икром МХХга хабар етказувчи бўлиб ëлланди. Ëқубовга кўра¸ Андижон ҳақидаги маълумотларни у ўзи билан бирга ишлаган МХХ зобитидан олган.

Бу маълумотларга кўра¸ 2005 йил 13 майдаги воқеаларда асосий ролни тожикистонлик исëнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев ўйнаган.

“Эътибор беринг¸ мудофаа вазири Қодир Ғуломов ишдан кетди. У президент билан жуда яқин эди.Биласизми¸ у президентга “Мен олимман. Мен халқни отишга буйруқ бера олмайман” деган. Зокир Алматов ҳам жонбозлик кўрсатмади. Тўғри у айбдорлардан бири¸ лекин халқни отишга буйруқ берган шахс айнан Ислом Каримов ва ижрочи Маҳмуд Худойбердиев бўлади”.

Худойбердиев жангарилари бугун Каримов ва унинг қизи Гулнорани қўриқлашмоқда¸ дейди Ëқубов.

“Гулнора Каримованинг имижмейкерлиги билан шуғулланар эканмиз¸ бир вақтлар президент томонидан буюрилган ва имзоланган энг ëпиқ ҳужжатларга ҳам рус тилида айтганда “доступ”имиз бўлган”.

Ëқубовга кўра¸ айнан Худойбердиев жангарилари кўмагида Гулнора Каримова ҳокимият тизгинини лейкемия касаллигидан азоб чекаëтган 70 яшар отаси Ислом Каримовдан олмоқчи.

“Шундай бир ҳолат бўлиб қолиши мумкин: Ҳамма ҳам физиологик тузилишга эга. У ўлиши мумкин. Ўша вақтда Гулнора Каримовага нисбатан таҳдид пайдо бўлиши мумкин.Бу таҳдид ҳозир Каримовни атрофидаги одамлардир. Уларни изоляция қилиш учун буйруқни бажарадиган харизматик бир шахс керак. Бу шахс Маҳмуд Худойбердиевдир. Маҳмуд Худойбердиевнинг бошқа қочиб борадиган жойи йўқ. Буни Ислом Каримов жуда яхши билади. Шунинг учун ундан максимал даражада фойдаланаяпти”.

“Аммо¸ дейди Ëқубов¸ жангарилар кўмагида ҳам Гулнора ҳокимиятни ола олмайди. Чунки у ўз атрофига нафрат уруғини экиб бўлди”.

Каримовлар оиласидан норозилик¸ куч ишлатар тизимларда ишлайдиган зобитлар ичида кучаймоқда.

“Президент Каримов қанча ҳаракат қилмасин дейлик вафот этгандан ëки тахтдан кетгандан кейин нафақат биргина Маҳмуд Худойбердиев балки йигирмата Маҳмуд Худойбердиев бўлса ҳам¸ халқни бир чеккага қўйиб турайлик¸ хизматнинг ўзини жиловлаш қийин бўлиб қолади. Нимага? Чунки ичкарида норозилар кўп. Айниқса энди ишга кирган ва энди фаолиятини бошлаëтган ëшлар орасида норозилар жуда ҳам кўп”.

Ëқубов ҳам режим ичидаги ана шундай норозилардан бири эди.

Каримовнинг Тошкент ва Бухоро портлашлари

2002 йил бошида Ëқубов мамлакатдаги ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун масъул қилиб тайинланди. Уни вазифаси халқаро ОАВ¸ диссидентлар ва мухолифатчиларнинг оëқ олиши ҳақида шахсан Каримовни хабардор қилишдан иборат эди.

Аммо орадан икки йил ўтгач¸ Ëқубов ишдан ҳайдалди. Унинг айтишича¸ ëзган ҳисоботлари Каримов таъбига ўтирмаган.

Каримов таъбига ўтирмаган ҳисобот¸ 47 киши ҳаëтига нуқта қўйган 2004 йил Бухоро ва Тошкентдаги портлашлар ҳақида эди.

Ҳукумат портлашларни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Ҳизб-ут-Таҳрир зиммасига юклади.

Ëқубов юқори мартабали МХХ мулозими билан суҳбатлашганидан сўнг¸ портлашлар расмий Тошкент тарафидан уюштирилганлигини билди.

Каримов режими уюштирган портлашлар оқибатида 47 бегуноҳ кишининг ўлгани Ëқубовни даҳшатга солди.

Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Мюррей ҳам ана шундай хулосага келган эди.

Портлашлар изларини кузатган Мюррей ўзининг “Самарқанддаги қотиллик” асарида мана буларни ëзади.

“Мен бу ҳақда яъни ўзбек мухолифатини ëмон отлиқ қилиш мақсадида портлашлар уюштирилгани ҳақида¸ Лондонни хабардор қилдим”.

Аммо сал ўтмай Мюррей дипломатик лавозимлардан четлатилди.

Тоҳир Йўлдош режим таянчими?

Озодлик мухбири билан суҳбатда Ëқубов¸ Тоҳир Йўлдош ва Акрам Йўлдошларнинг МХХ билан ҳамкорлиги ҳақида гапиради.

“Мен Тоҳир Йўлдошнинг Ислом Каримовга ишлашига ишонаман. Балки бу одамларга ғалати туюлиши мумкин. Лекин менТоҳир Йўлдош Ислом Каримов билан ҳамкорлик қилади¸ деган фикрга аллақачон келганман”.

Ëқубов Каримов номига ëзилган ҳисоботлардан бирида¸ Тоҳир Йўлдошнинг Жума Намангонийни ўлдиргани ҳақида маълумотга кўзи тушганлигини айтади.

“Жума Намангоний деган шахсни америкаликлар эмас балки кучайиб кетишидан хавотирга тушган Тоҳир Йўлдошнинг ўзи портлатиб ўлдириб юборган¸ деган тахминий маълумотномага кўзим тушган эди. Бу тахминий маълумотнома Ўзбекистон республикаси президентига ëзилган эди”.

Абдували қори тирик

Ëқубов яна бошқа айбловларни ҳам илгари суради.Унга кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўғирлаб кетилгани айтилаëтган Абдували қори ўлган эмас¸ тирик.

“Биласизми¸ мен у одамнинг ўғирланганлигини билмайманку лекин у одамни ўзбек махсус хизматлари олиб кетганлигини биламан. Бевосита Абдували қорини тергов қилган терговчилардан бири¸ у киши ҳозир МХХда ишлайди¸ ҳарбий унвони полковник¸ биз Абдували қорини ўлдириб юбордик¸ кислотага ташлаб юбордик деган эди. Лекин бироз муддат олдин бунга қарама-қарши бўлган гапни эшитдим. Албатта буни ҳам МХХни тергов бошқармаси ходимидан эшитдим.Унинг гапига қараганда Абдували қори тирик. Бир қўли кесиб ташланган ва аҳволи оғир”, - дейди Ëқубов.

МХХдан четлаштирилганидан кейин Ëқубов матбуот қўмитасида бироз вақт ишлади.

Аммо Икром Ëқубов энди авалгидай ҳукумат одами эмас эди. Ëқубовнинг тасарруфида Каримов режимининг аëлларни фоҳишаликка мунтазам равишда сотаëтгани ҳақида маълумотлар бор эди.

Икром Ëқубовни билган бир МХХ зобити “Кет¸ Икром¸ тезроқ кет.Сени ўлдириб юборишмасидан бу ердан кет” - деб ўтинди.

Икром Ëқубов мамлакатдан чиқиб кетди. Орқага йўл йўқ эди.

“Мен Ўзбекистонда ўзгаришлар бўлишини истайман. Каримов эса ноқонуний президент. Шуни жаҳон жамоатчилигига етказиб қўйинглар”¸ - деди суҳбатимиз сўнггида И.Ëқубов.

Собиқ жосус Икром Ëқубов
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:34 0:00



XS
SM
MD
LG