Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:23

Яшиллар ЕИ қарорини қоралади


Германия собиқ ташқи ишлар вазири Йошка Фишер яшиллар партияси етакчиларидан.
Германия собиқ ташқи ишлар вазири Йошка Фишер яшиллар партияси етакчиларидан.

Ғарбда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи икки йирик гуруҳ —Европадаги Яшил партиялар иттифоқи ҳамда Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти Ўзбекистонга нисбатан санкциялар енгиллатилганини кескин танқид қилмоқда.

Европарламентдаги Яшиллар иттифоқи фаоллари бу санкциялар, асосан, геостратегик мақсадларга асосланиб енгиллатилди, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида минимум талабларни ҳам бажаргани йўқ, деб ҳисобламоқда.

«Ҳюман Райтс Вотч» ташкилоти эса бундай қарорнинг қабул қилиниши Европа иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсатда юз тутган шармандали мағлубияти ифодасидир, деб баҳолади.


Европарламентдаги Яшиллар иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Паоло Бергамаски Озодлик билан суҳбатда 2005 йил Андижонда содир бўлган қонли воқеалардан сўнг Европа томонидан Ўзбекистонга қўйилган талаблар, ҳатто, минимал даражада ҳам бажарилмаганини таъкидлайди.

«Мен умумий масалалар ва ташқи ишлар кенгашининг Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни бекор қилиш ёҳуд қисман бекор қилиш қарорига қаршиман. Бу Ўзбекистонга нотўғри муждани англатадиган қарор бўлди. Ўзбекистон дунёнинг энг репрессив давлатларидан бири ва Европа парламенти қатор масалалар муҳокамасидан буни аниқ ифода қилиб келган. Агар биз Ўзбекистон билан ишлайдиган бўлсак, бу давлатга аниқ айтиш керак: инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятлар ҳеч бўлмаганда минимум даражада ҳурмат қилиниши шарт. Ҳозир эса бу қадриятлар ҳурмат қилинаётгани йўқ», дейди Паоло Бергамаски.

У Ўзбекистон Европа иттифоқи қўйган асосий талаб Андижон воқеалари бўйича халқаро текширув ўтказиш талабининг қабул қилинмаганини тилга олиб: «Бу воқеалар 500 нафардан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Бунга ҳали жавоб берилгани йўқ. Менимча, Европа иттифоқининг қарори, биз Ўзбекистонга қўйган асосий талаблар эмас, балки асосан, геостратегик мақсадларга таянган», деди.

Шу мазмундаги фикрни Ҳюман Райтс Вотч ташкилотининг Европа ва Марказий осиё бўлими директори ўринбосари Рейчел Денбер ҳам билдириб, буни Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсатида юз тутган шармандали мағлубиятидир, деб баҳолади.

«Агар сўнгги бир неча йил Ўзбекистонда содир бўлган воқеаларга ва Европа иттифоқи бошлаган янги сиёсат мезонига назар солсангиз, бу санкциялар Ўзбекистон арзигулик иш қилгани учун енгиллатилди, деган хулосага қўшилолмайсиз. Яъни, бу қарор инсон ҳуқуқлари ҳимоясига асосланган қарор эмас», дейди Рейчел Денбер.

Европа иттифоқининг 2005 йил Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонга нисбатан қўллаган санкцияси, бу санкцияни ушлаб турган асосий талаб – воқеа юзасидан халқаро текширувга рухсат берилиши талаби бажарилмай туриб енгиллаштирилгани Ғарб ва албатта, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлар ҳамда либерал кучлар томонидан кескин танқид қилинмоқда. Айниқса, Андижон воқеаларига масъул кўрилган яна 8 ўзбек мулозимига қўйилган виза чекловининг бекор қилиниши ҳақида, ҳуқуқ фаоллари ва кузатувчилар, аслида санкция нега жорий этилган эди-ю, нега бекор қилинди, мазмунида таассуф билдирмоқда.

Бундан ташқари, Европа иттифоқи жазо чораларини енгиллатишимизга жиддий асос, дея Ўзбекистонда бир неча инсон ҳуқуқлари фаолларининг озод қилинишини тилга олди. Ўзбекистондаги мухолиф кучлар ва ҳуқуқ фаоллари буни ҳам жиддий асос, деб ҳисобламайди. Зеро, Ўзбекистон режими озод қилган сиёсий маҳбуслар айнан Ғарб билан юритаётган бугунги сиёсати учун ҳукуматнинг ўзи ясаган сохта қурбонлар, дея баҳоланмоқда. Бу режимнинг асл қурбонлари эса ҳануз панжара ортида қолмоқда.

Бу мазмундаги танқидлар Ўзбекистон режимига нисбатан жазо чоралари илк бор енгиллаштирилганда ҳам билдирилган эди. Танқидлар баланд овозда, тўхтовсиз айтиб келинганига қарамай, виза чеклови буткул бекор қилинди. Шундай экан, Андижон воқеаларини бирдек унутишга интилаётган Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳукумати қачонгача шу руҳдаги олди-бердисини давом эттиради? Халқаро либерал кучлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар қачонгача бунга томошабин бўлиб қолаверади?

Европа парламентидаги Яшиллар иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Паоло Бергамаски бу саволларган анчайин оптимистик руҳда жавоб берди. Унинг фикрича, гарчи бошданоқ фақат рамзий маънода қўлланди, дея баҳоланаётган бўлса-да, қурол-яроғ эмбаргосининг бекор қилинмагани жуда жиддий аҳамиятга эга.

«Сизга эслатмоқчи эдимки, бир ойгина муқаддам Европа кенгаши Марказий осиё мамлакатларининг Европа банкларидан қарз олиш имконияти тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилинди. Бу ҳужжатда аниқ битилдики, санкция қўлланган мамлакатлар Европа сармоя банкларидан қарз олиш ҳаққига эга эмас. Бу эса жуда муҳим. Яъни, Ўзбекистон гарчи рамзий маънодаги қурол-яроғ эмбаргоси бўлса ҳам, барибир санция остидаги давлат ва бу давлатга нисбатан санкция бекор қилинмаслиги керак», дейди Европарламентдаги Яшиллар иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Паоло Бергамаски.
XS
SM
MD
LG