Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:55

"Қачон ўзимизнинг осуда ҳаëтга қайтамиз?"


Озодликка мурожаат қилувчи аксар ўзбекистонликлар адлия ва ҳуқуқ тизимларидаги адолатсизлик ҳамда порахўрликдан шикоят қиладилар.
Озодликка мурожаат қилувчи аксар ўзбекистонликлар адлия ва ҳуқуқ тизимларидаги адолатсизлик ҳамда порахўрликдан шикоят қиладилар.

Бугунги дастуримизда тилга олинадиган мавзулар мазмуни: - қамоққа ташланган милиционер ўғлини ҳимоя қилаётган она ўғлининг ҳамкасблари томонидан тазйиққа олинаётганидан арз қилмоқда; - сирдарёлик нафақахўр ота ҳарбий билим юртидан ноҳақ ҳайдалган, дея 3 ярим йилдан буён ўғлининг ҳаққи учун курашмоқда; - Россияда юрган қашқадарёлик мардикорлар оғир меҳнатга кўмилган даврнинг адоғига кўзи етмай, хуноб бўлмоқда.

Биз аввалги дастурларимизда Жиззах шаҳрида участка нозири бўлиб ишлаган Дилмурод Исломовнинг беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилгани ва суднинг бу ҳукмидан унинг онаси Мукаррам опа Исломова норози бўлганлиги ҳақида хабар берган эдик. Куни кеча Мукаррам опа Озодлик радиосига қўнғироқ қилиб, радиода бу ҳақда гапиргани учун унга нисбатан тазйиқлар бошланганини айтди.

“Тергов пайтида биринчи марта чиққанимда прокуратура терговчиси Эркаев Улуғбек “Озодликка чиқиб нима қиласиз? Озодлик сизга қанақа ëрдам беради опа?” деди. Менга бу гапни яна шаҳар ИИБ бошлиғи ҳам айтди. “Мана битта ортиқча ҳаракат қилиб шундай аҳволга тушиб ўтирибсиз. Мен сизга айтганман: Жиззахда нима арзон, одам арзон. Болангиз калла-почаси билан неча пул туради? Мана барибир ҳеч қаëққа қадамингиз етмади. Ҳеч қаерда ҳақиқат топа олмайсан. Ҳамма нарса пул билан ҳал қилинади” деб қўлини қарсиллатиб кўрсатди”.

Мукаррам опанинг айтишича, унинг озодликдан маҳрум этилган ўғли ҳозир Ховосдаги қамоқхонада сақланмоқда. Лекин ўғлини унга кўрсатишмаяпти ва улар минган машина милиция ходимлари томонидан таъқиб қилинмоқда:

“Ўзимнинг машинам билан борсам, шунақа қувлашди. Катта йўлга чиқиб базўр қутулдик. Рулда хўжайиним эди. Тазйиқ роса кучли бўлаяпти. Эшитишимга қараганда, боламни хлор сепилган изоляторга киритиб қўйган экан. Эшик ва деразалари очилмас экан. Фақат овқатини бериб турган экан. Энди овқатини берадими, бермайдими уни ҳам билмайман. Ўлмайдиган қилиб сув билан карам шўрвасини бериб турган бўлса керакда. Унинг иши нима бўлди, уни қанча дўппослашган. Каллаларига уришганлиги тўғрисида суднинг хулосаси бор. Лекин барибир ҳеч нарса бўлмаяпти-да”.

Мукаррам опа адолат излаб бош урмаган идораси қолмаганини айтади:

“Тошкентга бориб, президент девонига кирдим. Ҳамма вазиятни тушунтирдим. Олий сенатга бордим, ариза бердим. Ўғлимнинг ҳаëти хавф остида эканлигини, аҳвол шунақа эканлигини айтдим. Республика МХХга бордим. Лекин ҳеч нарса бўлмаяпти-да барибир. Жиззахда “Ўғлимни кириб кўрай. Рухсат бер” десам, “Озодликдан сўранг. Ëрдамни Озодлик беради опа” дейди”.

Мукаррам опа агар ҳақиқат тикланмаса, ноҳақ қамалган ўғли озодликка чиқарилмаса, Ўзбекистон Олий Суди ва бош прокуратураси бинолари олдида пикет қилишга мажбур эканлигини айтади:

“Мен ҳозир норозилик акциямни ëзиб тайëрлаб турибман. Энди шуни тарқатиб чиқишим керакми. Менга деса энди отиб ўлдирмайдими. Менинг энди қўрқадиган жойим йўқ. Болангиз шу аҳволда ëтса ҳаëтнинг қизиғи йўқ экан. Туҳмат бўлаяпти-да. Далиллар аниқ турибди¸ фақат шуни айтадиган мард йўқ. “Ҳей ҳақиқат бундай. Бу болага туҳмат бўлаяпти. Мана бу моддаларни қўшиб бераяпти. Онаси ҳақиқат сўрагани учун 5, 6 моддаларни қўшиб ташладинглар” деб айатдиган мард йўқ”.

* * *

Таҳририятимизга Сирдарё вилоятидан қўнғироқ бўлди.

“Сирдарë вилояти, Боëвут туманидан Хўлжўраев Эсон бўламан. Ўзим нафақахўрман”.

Ўзини нафақахўр деб таништирган бу тингловчимиз ҳарбий билим юртларидан бирида ўқиган талаба ўғлининг муаммоси юзасидан мурожаат қилаётганини айтди.

“2003 йилда бизнинг ўғилча Тошкент олий ҳарбий божхона институтига ўқишга кирди. Биринчи курсдан муваффақиятли иккинчи курсга ўтди. Иккинчи курсда ярим йиллик имтиҳонни топшириб юрган пайтида химия фанидан реферат ëзишга тўғри келиб қолган. Уни ëзиб, домлага берган. Ўзида нусха қолмаган. Шу сабабли компьютердан кўчириб олиш керак бўлган. Ëтишдан кейин кутубхонага кирган. Илгари ҳам болалар кириб юрган бўлган. Кирса, компьютер хонаси ëпиқ бўлган. Чиқаëтганида, навбатчи қисмга биров хабар берганми ë ўзлари билганми, навбатчи қисм уни ушлаб олган. Кейин текшириб уни қаттиқ интизомий жазога лойиқ деб топган”.

Ўғлим ҳақиқатда тартибни бузган, буни тан олган ва шундан сўнг билим юрти раҳбарлари унга танбеҳ беришган, дейди ўзини Холжўраев Эсон, деб таништирган бу тингловчимиз.

“Кейин факультет декани “Болам сен анча тартиббузарлик қилдинг. Сен энди августда келиб, ариза ëзасан. Комиссия кўриб чиқади ва кейин ўқишни давом эттираверасан” деган. Ректор ҳам чақириб худди шу гапни айтган. Бу ҳайдалмас эканман, яна келсам кирар эканман, деб кетган. Кирадиган эшигингни қаттиқ ëпма дегандай биз ҳам ҳурмат қилиб турдик. Лекин қилган иши тўғрисида уйга хат ҳозиргача келгани йўқ. тўрт йил бўлди”.

Яъни, отанинг сўзларига кўра ўғил тунги соат 12 дан кейин ҳарбий билим юрти кутубхонасига киргани учун ўқишдан маҳрум этилган.

“Адвокат ëлладик. Шунинг орқасидан бир ярим йил юрдик. Шайҳонтоҳур туманида суд бўлди. Мен ўзим 14 марта қатнадим. Лекин суд тўққиз кун давом этди. Ҳар борганимизда 5, 10, 15 минут бир муаммога тақалади. Шаҳар судида назорат тартибида ҳам, суд тартибида ҳам уч марта кўриб чиқилди. Тўртинчисида Олий судга ëзган эдик, яна шаҳар судига қайтарди. Ҳозир яна Олий судга ëзганмиз. Ҳозирча Олий суддан жавоб келгани йўқ. Бир қишлоқдан чиққан одам эдик”.

Холжўраев Эсоннинг сўзларига кўра, ўғли ҳарбий божхона билим юртида ўқиш ҳаққидан ноҳақ маҳрум қилинган. Бу ҳақда қилинган шикоятлар эса салкам уч ярим йилдан буён жавобсиз қолмоқда.

* * *

5-6 йилдан буён Россияга қатнаб мардикорлик қилиб юрган қашқадарёлик йигит таҳририятимизга қўнғироқ қилди. У шунча йиллардан буён Россияга келиб, тинимсиз меҳнат қилади. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай, пул ишлайди. Қора иш, оғир иш, енгил иш – ҳақ яхши тўланса, уйга уч-тўрт сўм бўлса ҳам кўпроқ пул жўнатса. Лекин, дейди бу йигит, мен ва менга ўхшаган минглаб қашқадарёликлар шунча кўп пул жўнатсак ҳам, вилоятимизда аҳвол ҳеч ўнгланиб кетмаяпти. Қачон борсак йўқчилик, қачон борсак қўл қисқалик.

“Сув йўқ, газ йўқ, чироқ йўқ дейди. Ҳатто экинлар қуриб кетган. Ариқлардан сув келмайди. Биз газ йўқ, чироқ йўқ деб маҳалла фуқаролар йиғини раисига, вилоят ҳокимлигига учрашамиз. Ўзимизнинг ҳокимиятга чиқамиз. Ҳеч бир ҳокимият жойидан қимирламайди. Қоровуллари киргани қўймайди.

Бу қанақа шароит бу? Тушунмай қолдик бизлар. Ота-онамизнинг, фарзандларимизнинг олдига боришга ҳеч имконимиз қолмади. Уларнинг суянчиғи биз-да! Улар бизлардан нажот кутади. Агар биз Россияда қул бўлиб юрмасак бизда, умуман, ҳамма нарса ўтириб қолган-да.

Ҳокимията киргизмаса! Маҳалла фуқаролар йиғини раисини ëнига учрашгани борсак, тушдан кейин кел, дейди. У ҳам ўзига ҳеч бир муаммо орттиргиси келмайди. Бизнинг Ўзбекистонга қайтиб бориш тугул, ҳаëтдан кўнглимиз қолиб кетган. Москвада ҳам ишлаш шароитимиз қийин. Ўзбекистонда ҳам қийин. Қачон биз ўзимизнинг осуда давримизга қайтамиз?”

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.



XS
SM
MD
LG