Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:09

Дадахон Ҳасан: "Ўзбек ўз талантлари елкасидан ўзи итаради "


Ўрхон Памук¸ ҳозрча турк дунëсининг Нобел мукофотига сазовор бўлган ягона ижодкоридир.
Ўрхон Памук¸ ҳозрча турк дунëсининг Нобел мукофотига сазовор бўлган ягона ижодкоридир.

Кейинги бир-икки ой мобайнида оммавий ахборот воситаларида адабиëт ва санъат намоëндалари диққат марказга чиқди. Француз ëзувчисининг Нобел мукофоти олгани ва таниқли мусиқа арбоби Муслим Магамаевнинг вафоти муносабати билан санъаткорнинг жамиятда тутган ўрни ҳақида гапирилди.

Нобел мукофотини олган ëзувчининг адабиëтдаги мавжуд қуюшқонни синдириб¸ катта асарлар яратгани айтилган бўлса¸ Муслим Магамаев ўзга сайëрадан учиб келиб¸ ерликлар қалбини забт этган кометага менгзатилди.

Агар тарихга назар солсак¸ Толстой ва Шаляпин каби рус адабиëти ва санъат намоëндаларининг халқ дарди билан яшаганига гувоҳ бўламиз.

Эл нетиб топгай мениким¸ мен ўзимни топмасам¸ деган Навоий сатрлари эса бугунги ўзбек ëзувчиларига 500 йил қатидан келган таънаю надоматдай туюлади.

Биз ëзувчию санъаткорнинг ўрни қаерда¸ ўзбек ëзувчиларидан қайси бирини масалан Букер ëки Нобел мукофотига тавсия қилишимиз мумкин¸ деган саволлар билан таниқли ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасанга мурожаат қилдик.

- Ўзимизнинг замондошлардан¸ мен масалан ¸ мана Абдулла Қодирийни¸ тавсия қилардим¸ Чўлпонни тавсия қилардим.

Озодлик: Тириклардан бўлиши керак-да.

- Тириклардан бўлса Рауф Парфини-да. 20¸ 21 асрнинг энг етук шоири. Элим¸ халқим¸ юртим деб шеъриятда¸ адабиëтда курашган ва фаоллик кўрсатган Рауф Парфи деб биламан.

Озодлик: Рауф ака ҳам оламдан ўтган. Ҳозирги тириклар ҳақида нима дея оласиз? Масалан Мамадали ака ëки Юсуф Жумани кўрсатса бўладими?

- Уларнинг талаби жуда баланд-ку. Уларда талаб жуда катта. Булар Нобел даражасига жавоб берадиган асарлар ëзмади ҳали. Катта асарлар ëзиш керак. Оламшумул аҳамиятга эга бўлган бадиий савияси юксак асарлар ëзсагина¸ у Нобел бўлади.

Озодлик: Нега шу пайтгача ўзбеклардан ҳеч ким Нобел мукофоти олмади? Ўтган йил мана турклардан Ўрхон Памук деган ëзувчи олди.

- Хабарим бор. Туркийлардан¸ масалан¸ Чингиз Айтматовга бериш керак эди. Энди у киши ҳам вафот этди. Шунга ҳам бермади негадир. Бу дунë қизиқ-да. Биз томонлардан ўзбеклардан ҳали ҳеч ким Нобел мукофотини олгани йўқ. Туркистондан ҳам. Шуни афсус-надомат билан айтаман-да. Демак¸ кейинги пайтларда бизда катта талантлар¸ дунë талабига жавоб берадиган ëзувчи чиқмаяпти шекилли-да.

Озодлик: Кейинги пайтда Ўзбекистонга капитализм системасининг кириб келиши¸ пул ҳукмронлиги адабиëтни чеккага суриб қўйди деган гап бор. Лекин пул ҳукмронлик қилаëтган Ғарбда катта қироллар катта ëзувчиларнинг бўйнига орден тақаяптику!

- Мен уларни биламан. Қорни оч бўлса ҳам кўнгли тўқ¸ дийдаси тўқда уларнинг. Масалан¸ бизга ўхшаган ночор эмас улар. Ҳаëтда ҳеч қачон қул бўлмаган. Улар ҳамиша озод яшаган. Шунинг таъсири бўлса керак¸ улар катта талантга алоҳида аҳамият беради. Бизда¸ айниқса¸ катта талантга¸ етук¸ мукаммал талантга эътибор берса¸ масалан бугун энди Қодирий¸ Чўлпонларга эътибор бериш керак. Шуларга ҳам эътибор йўқ. Мактабларда ўқитилмайди¸ болалар танимайди¸ халқимиз китобхон эмас.

Китобларни ўқимайди. Уларнинг китоблари ҳам жуда катта тиражларда чиқмайди. Масалан¸ мен Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаëн”и кейинги пайтларда нашр этилдими ëки йўқми билмайман. Айниқса¸ китоб чиқариш пул билан боғлиқ бўлиб қолди. Китоб чиқариш учун энг муҳими пул бўлиши керак. Ҳомий бўлса¸ китоб чиқиб ëтибди. Кутубхоналарда бир нечта китобларни кўрдим. Қалашиб ëтибди. Биров олмайди.

Озодлик: Совет пайтида жаҳон классикаси¸ жаҳон адабиëти таржима қилиниб¸ нашр қилинарди. Бугун шу нарса борми?

- Таржима қилиш ҳақиқатан ҳам совет даврида айтайлик¸ 1990 йилларгача бўлган. Масалан¸ Чингиз Айтматовнинг китобларини таржима қилган таржимонлар бўларди. Қачон нашр қилинаркин деб нашриëтнинг эшигининг олдида кутиб ўтирардик. Адабиëт ва санъат газетамиз ҳафтанинг жума куни чиқарди. Жума куни киоскаларнинг (газета дўконлари) олдида қайси ëзувчининг шеъри чиқаркин¸ қайси ëзувчининг асари чиқаркин деб пойлаб ўтирардик. Шов-шув бўладиган асарлар¸ албатта¸ чиқарди. Қўлма-қўл бўлиб ўқирдик. 1975-1980 йилларда мен бир неча юз сўмлик газеталарга обуна бўлардим. Ҳозир энди обунанинг ўзи йўқ. Газеталар ҳам чиқадими-йўқми билмаймиз.

Озодлик: Жаҳон адабиëтидаги оқимлардан хабардорлик масаласини сўраяпман-да.

- Шу билан ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ-да. Чиқадими-йўқми ҳеч ким билмайди. Ҳамма тирикчилик билан банд. Китобга қарамайди¸ газета ўқимайди¸ журнал ўқимайди. Чет эл адабиëтига ҳам аҳамият йўқ менинг назаримда.

Озодлик: Совет даврида эсингизда бўлса¸ Маркес ëки Хемингуэйнинг асарлари чиқса¸ ўзбек зиëлилари ўқирди.

- Айниқса¸ зиëли ўқирди. Ëзувчилар уюшмасида фалончанинг шеъри чиқибди¸ Расул Гамзатовнинг шеърлари чиқибди¸ Маркеснинг китоби чиқибди деган гап бўларди. Биз шуни қидириб топардик¸ ўқирдик. Ҳозир ундай гаплар йўқ. Ҳозир қаерда¸ ким билан кўришасиз? Ëзувчилар уюшмаси йўқ. Бирон марказ йўқ.

Озодлик: Дадахон ака Европада уй кира қилсангиз¸ сизга вақти-вақти билан уйни шамоллатиб туриш вазифаси ҳам юкланар экан. Ўзбекистоннинг деразалари дунë шамолларига очиқми?

- Деразалар берк. Эрта билан бир очамизу¸ кейин пашшалар кирмасин деб бекитиб қўямиз.

Озодлик: Жамиятда ëпиқликнинг оқибати қанақа бўлади?

- Оқибати нима бўлади ëмон бўлади-да. Саводсиз халқ бўлади¸ саводсиз авлод бўлади. Жамият саводсиз қолиб кетади. Ҳамма ëқ ëпиқ бўлса энди қамоқхонага ўхшаб қолади-да. Ҳозир Ўзбекистоннинг қамоқхонадан нима фарқи бор?

Озодлик: Бир пайтлар совет даврида ëзувчи Абдулла Қаҳҳор Шароф Рашидовнинг душмани деган гап-сўзлар юрар эди. Аммо Шароф Рашидов ўз душманини қамоққа тиқмаган¸ юртдан ҳайдамаган. Душманлик ҳам қизиқ бўлган экан-да.

- У пайтда ҳозиргидай душман бўлмаганда. Ўша замон одамларининг олижаноблик томонлари жуда кўп эди. Шароф ака¸ масалан¸ жуда буюк бўлмаса ҳам яхши ëзувчи эди. Жуда одобли эди¸ унда маданият¸ одамийлик¸ инсонийлик бор эди. Шунинг учун ҳам у Абдулла Қаҳҳор билан қандайдир келишмовчилик бўлса¸ уни қатағон қилиш шарт деб ўйламаганда. У катта шахс эди. У ҳозирги замоннинг одами эди.

Озодлик: Бугунги адабиëтни қарасангиз хайрли бир нуқта борми? Дод деб чиқаман дейдиган даҳоларнинг қулоқлари кўринмаяптими?

- Битта-яримта шоирлар бор. Лекин ўзи шунақа бўлади: Худо унга талант берадию¸ ғайрат¸ шижоат бермайди-да. Масалан ўзини у ëқ бу ëққа урмайди. Минбарга интилмайди¸ газетага интилмайди¸ китобини нашр этишга шошилмайди. Шунақа одамлар ҳам бор. Адабиëтда ҳам¸ санъатда ҳам шунақа. Битта-иккита шунақа шоирларни биламан.

Озодлик: Кимлар улар?

- Масалан бизнинг Фарғона водийси бўйича иккита шоирни биламан. Мақсуда Эргашева ва Маъмур Ҳамид Қайрағоч деган шоир бор.

Озодлик: Ўшалар ривожланиб кетса¸ улар ҳам 68 ëшга бориб Нобел мукофотини олиши мумкинми?

- Нобелнинг талаби даражасида асарлар ëзса¸ албатта. Лекин буларда интилиш йўқ-да. Уларда шеъримни чиқарай¸ гонорар олай¸ китобимни чиқарай деган гап йўқ. Айтсангиз “Мен мукофот учун ëзмайман. Китобим чиқмаса чиқмас. Мен ëзувчилар уюшмасига аъзо бўлиш учун шоир эмасман” дейди. Уларда шунақа ўта камтарлик бор-да. Уйда ўтиришади¸ бола-чақа дейди¸ тирикчилик қилишади.

Масалан¸ Маъмур Ҳамид Қайрағоч Фарғона вилояти¸ Риштон тумани¸ Қайрағоч қишлоғидан. Шунақа зўр шеърлари бор. Афсус. “Бир-иккита шеърингни бер. Мана бу газетага берай” десам йўқ дейди. Ўзи Эски Жўва бозорида қовун сотади. Чўлдан қовун олиб келиб сотиб¸ бола-чақа боқади. Буларга эътибор йўқ-да. Эътибор бўлиб¸ ëзувчилар уюшмасининг котиблари халқнинг ичига кириб топиши керак буларни. Илгари шунақа фестиваллар¸ семинарлар бўларди. Ëш-ëш ëзувчи шоирларнинг семинарлари бўларди.

Санъат ҳам шундай эди. Шаҳарма-шаҳар¸ вилоятма-вилоят талантларни қидириб юришарди. Унақа нарса ҳозир йўқ. Ҳозир ўзинг учун ўл етим. Ноталантлар¸ аммо¸ китобини пайдар-пай чиқариб ëтибди. Улар халқ шоири ҳам бўлаяпти¸ биттаси яқинда қаҳрамон ҳам бўлар экан. Қаҳрамонлик ҳам¸ шоирлик ҳам сув текин бўлиб кетди. Ғафур Ғулом айтмоқчи беш тийин бўлиб кетди-да. Китобни хор бўлгани шуда.Сомсаларни ўраб сотаяпти¸ носвой ўраб сотаяпти.

Мен масалан битта бошимдан ўтган воқеани айтиб берай. Бундан беш-олти йил олдин бир семичка (писта) сотиб ўтирган аëлнинг олдида бир тахлам компьютердан чиққан ëзувларни кўрдим. Бундай қарасам 1940¸ 1950¸ 1960 йиллари Боймирза Ҳайитнинг¸ Вали Қаюмхон отанинг Америкадаги¸ Саудия Арабистонидаги ўзбекларга ëзган хатлари ва улардан олган жавоб хатлари экан. Менинг назаримда¸ қаердадир чиқаришга тайëргарлик кўришган¸ компьютердан чиқаришган¸ корректурадан чиққан¸ лекин у нарса босилмаган. Мен унинг ҳаммасини олиб келдим. Ҳозир ҳаммаси ëнимда турибди. Семичкафуруш ҳам бечора билмаганда кимнинг асари булар. Билса¸ семичка ўраб сотмас эди.

Озодлик: Ниятинг йўлдошинг¸ деган гап бор. Суҳбатимиз сўнггида умид берувчи бирор гап айта оласизми?

- Энди бу яхшилик бўлиши мумкин албатта. Халқингиз курашса яхши бўлади-да. Курашмаса¸ толе¸ тақдир осмондан тушмайди. Ғафур Ғулом айтганку:

Тақдирни қўл билан яратур одам¸
Ғойибдан келажак бахт бир афсона.

Курашмаса нима бўлади? Баттар бўлаверади. Бизда кураш йўқ. Зиëлиларнинг аҳволини кўраяпмиз мана. Шўрпешона халқмизда. Ният қилаверамиз. Пешонамиз ярқираган дейди. Тарихда ҳам ҳеч қачон ярқирамаганда. Минг йиллик тарихни ўйлаб кўринг. Қачон ярқираган? Қачон озод¸ ҳур яшаганмиз? Ўзбек халқи қачон фаровон яшаган? Ҳеч қачон¸ ҳеч қачон¸ ҳеч қачон.

Озодлик: Ташқарида юрганларга ҳам беришганку. Мана Иван Бунинга¸ Солженицинга беришган.

- У русда¸ рус. Рус халқи катта халқ. Бир-бирини қадрлайди¸ талантни қадрлайди. Бизда қадрлаш йўқ. Қани қадрлаш? Ҳатто танимайди. Талантларнинг елкасидан итаради.
XS
SM
MD
LG