Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:33

"Ҳар бир пахта тагида кўз ëшим қолди "


Президентнинг телевизордан гапирадиган гапларига ишониб¸ фермерликка қўл урганларнинг кўпи¸ бугун бор-будидан айрилиб¸ эски капада чув тушиб ўтирибди..
Президентнинг телевизордан гапирадиган гапларига ишониб¸ фермерликка қўл урганларнинг кўпи¸ бугун бор-будидан айрилиб¸ эски капада чув тушиб ўтирибди..

Тингловчи минбари дастури одатдагидек¸ Озодлик таҳририятига келган мактублар¸ қилинган қўнғироқлар асосида ҳозирланди. Тингловчиларимиз Озодликдан эшиттирилишини истаëтган мавзулар ҳам яна одатдагидек - адолатсизлик ва йўқчиликдан шикоят.

“Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги сонида:

- Икки йил кутиб, зўрға олган кредитни қандай сарфлашни билмай боши қотган ногирон арзи:
2006 йили ариза топширган бўлсам ўша пайтда олганимда иккита мол олса бўларди. Ҳозир бу пулга битта мол ҳам бермайди;

- Бор будини сотиш эвазига зўрға тиклаган фермер хўжалиги ёпилиб, фарзанди билан шийпонда қолган деҳқон оила мурожаати:
уй-жойларимизни сотиб икки хонали дала шийпонда қолиб кетдик. Фермерликни кўрайлик, бир нарса бўлармикин деб фермерликка ëпишдикда. Қаëқдан ҳам ëпишдик. Мана яхшигина уй-жойларимиз бор эди, ҳаммасини сотиб юбордик;

- Шифокорларга ишончини йўқотган аёл гўдаги хаста бўлиши-ю, шифохонага иши тушишдан безиллайди:
бу нарсани эшитгандан кейин докторларга мурожаат қилиб, текширтиришга ҳам қўрқиб қоламиз. Албатта хоҳлаймиз медицина биринчи ўринда яхши бўлишини, текин бўлишини.


Нажот президентдан...

Шу кунларда таҳририятимизга Сирдарё вилоятидан икки мактуб келди ва “Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги сонида, дастлаб, сидарёлик тингловчиларимизнинг мурожаатлари билан таништирмоқчимиз.

Вилоятнинг Мирзаобод туманида яшовчи Назаровлар оиласи номидан Махфират Назарова мактуб йўллаган. Бу аёл 2004 йилда тендер асосида 40 гектар ерни қўлга киритган ва пахта етиштириш билан шуғулланган. Аммо катта умидлар билан бошланган фермерлик Назаровлар оиласига, умуман, даромад келтирмаган.

Мактубда кўрсатилган телефон рақамлари орқали Назаровлар оиласига боғланганимизда, Махфират Назарова қўнғироғимизга жавоб бериб, ўз ташвишини шундай ҳикоя қилиб берди.

- Тендерда ютиб чиқиб¸ фермер бўлганман. 40 гектар ер ютиб олганман. Бу 2004 йил 20 январдан ҳисобланади. 24 гектар пахта қўйиб беришди, 16 гектар ерни чўл ер бўлгани учун ўзлаштиришга беришган. Ўша вақтда Ибодуллаев ҳоким бўлган. У киши менга размешениени чиқариб бермаган. Размешение чиқмагандан кейин менга кредит берилмас экан. Кредит берилмагандан кейин ер билан ишлаш жуда ҳам қийинлашиб қолди. Кейин ëқилғи беришмади. Мен жуда ҳам қийналганим учун уй-жойимни сотишга мажбур бўлдим.

Озодлик: Тушунишимча сиздан фақат меҳнат бўлган. Қолган ҳаммасини улар бериши керак бўлган.

- Ҳа, албатта. Ҳокимият размешение қилмагани учун улар бермаган. Ўзлари шартноманинг шартларини бузиб, менга тушириб бермаганлар.

Озодлик: Тўламаган бўлса, шартномани бузиб, “Менга сизлар ҳеч нарсани тўламай қўяверинглар. Ҳаммасини ўзим қиламан” деб шартномани ўзгартирсангиз бўлмасмиди?

- Йўқ, биз яхши тушунмаганмизми, унга ҳокимият рухсат бермаган. У мажбурий. Шунинг учун уй-жойларимизни сотиб, далада икки хонали шийпон қуриб ўтирганмиз. Ҳозирги кунда ҳам шу икки хона дала шийпонда қолиб кетдик.

Сирдарёлик Махфират Назарова билан суҳбатлашаяпмиз ва шу ўринда айтиб қўймоқчимиз, Махфират опанинг сўзларини тўғирлаб турган учинчи овоз унинг турмуш ўртоғи Маҳмуджон Назаровнинг овози. Маҳмуджон ака билан суҳбатимизни бироз сўнгра эшитасиз. Ҳозир эса яна Махфират опага қулоқ тутамиз.

- Бу йил учинчи апрелда пахта эккан эдим. 17-18 апрелда қаттиқ совуқ бўлиб, пахталаримни совуқ уриб кетди. Бахтсизликни қарангда. 29 март куни 27 ëшида катта ўғлим оламдан ўтди. Уйлантирганим йўқ эди. Ўғлимни кўмдим, ўша куни пахтани яна қайта экишга мажбур бўлдим. Йиғлаб юриб пахта экдим. Ҳар бир пахтанинг тагида менинг кўз ëшим қолди. Пахтани ўз ëнимдан экдим. Пахтани йиғаëтган кунларим ҳокимият чақириб, республика вазирлар маҳкамасининг қарорига асосан хўжалигингизни ëпамиз, дейди.

Совуқдан қув-қув йўталаётган бу деҳқон аёл фермер хўжалигини ривожлантириш учун яшаб турган уйи, бор мол-мулкини сотиб, дала ўртасидаги бўм-бўш шийпонга кўчиб чиққан эди. Унинг кўз тиккан ерини эса ҳукумат яқинда фермер хўжаликларини кенгайтириш мақсадида қабул қилган қарор асосида тортиб олишди.

Маҳмуджон Назаров буни соддагина қилиб “ўзбек халқига душманлик”, деб атади.

- Давлатни ким билади, бизнинг халқда душманлиги борми, одамларни ишчи қилиб ташлаяпти-да. Мана 60 фоиз ерга ишчиларни камайтираяпти. Ҳар йили ҳокимият режага сал етмай қолса, хўжалигингни ëпаман деб пул олади. Булар жуда муттаҳам бўлиб кетган. Ҳокимият жуда ҳам ëмон бўлиб кетган. Бировнинг кўчада ўтиргани билан нима иши бор. Ўлсанг ҳам иши йўқ ҳозир бизда. Булар Ўзбекистоннинг душманида. Халқни ўйламайди, халқ учун сал бир жони ҳам ачимайдида.

Озодлик: Нечта фарзандинглар бор?

- Бир ўғлимиз қолди ҳозир.

Озодлик: Демак ҳозир учовларингиз шийпонда турибсизларми ҳозир?

- Ҳа шийпонда совуқда турамиз. Ҳозир ҳам чироғимиз йўқ. Қоронғида ўтирибмиз.

Озодлик: Газ ҳам йўқ.

- Йўқ, унақа нарса йўқ. Энди Худо бировга инсоф берса, ëрдам қилса, бир нарса бўлиб қолар. Бўлмаса кўчада қолдик.

Тендерда эгалик ҳуқуқини ютиб олиб, 40 гектар ер олган ва шу ерга бор умидни тиккан оила, ҳеч нарсасиз даланинг қоқ ўртасидаги ҳувиллаган шийпонда қолди.

Ерга шу қадар меҳр берган, шу қадар таваккул қилишга журъат қилган деҳқонни ҳукуматимиз шундоқ қуруқ қўл билан кўчада қолдирмас, деган умидда Махфират Назарова Озодлик радиоси эфири орқали президент Каримов ва бош вазир Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиш истагини билдирди:

- Жаноб президентимиздан, бош вазиримиз Мирзиëевдан илтимос қилган бўлардимки, менинг шу хўжалигимни тиклаб беришса-да, мен яна бор куч-қувватим билан, болаларим билан, ëрдамчиларим бор Худога шукур, улар билан ишлаб, яна ўзимизни бир кўрсатсак. Президентимиз айтганидай куйиб-ëниб чиқдикми ишлашга, ўшани ҳам энди қандайдир меваси бўлиши керакда. Уй-жойимизни Худо хоҳласа тўғирлаб оламиз. Ҳамма нарсага эришаман деган ниятдаман. Фақат президент отамиздан қаттиқроқ илтимос қиламан. Энди аëл фермерларга барибир нима қилишлари керак, ëрдам бераман деганлар. Сўзларининг устидан чиқсалар, менга ëрдам берсалар деган ниятдаман.

“Ночор ногиронга имтиёз йўқ экан”

Сирдарёдан таҳририятимизга мактуб йўллаган яна бир тингловчи Абдумўмин Арсунбоев.

Бу тингловчимиз ногирон экан. Унинг рафиқаси ҳам ногирон. Кам таъминланган оила бўлгани боис, улар мамлакат президентининг “кам таъминланган оилалар учун имтиёзли кредит ажратилсин”, дея телевизорда гапирган фармойишидан умид қилиб, Сирдарё вилояти банкига мурожаат қилишган.

Шу кредитга иккита сигир олиб, тирикчилигимизни юргазиб олармиз, деб ният қилган эдик, бўлмади, дея гап бошлайди Абдумўмин Арсунбоев.

- Президентимизнинг “Кам таъминланган оилаларга чорвачилик билан шуғулланиш учун кредит ажратилсин” деган фармони чиққан эди. Ўшанга мен 2006 йил ариза топширган эдим. Ҳужжатни 2006 йили топширган бўлсам, йўқ қилиб юборишди.

Озодлик: Ким йўқ қилиб юборди?

- Банкдагилар йўқотиб қўйишган шекилли.

Озодлик: Сирдарë вилояти бўйичами?

- Ҳа, Сирдарë вилояти, Гулистон шаҳридаги Ипотека банки. Кейин 2007 йили яна топширдим. Шу билан бир йил деганда яқинда олдим.

Озодлик: Имтиëзли кредит олдингиз?

- Ҳа, имтиëзли кредит олдим. 2006 йили ариза топширган пайтимда олганимда, ўша пайтда иккита яхши мол олса бўларди.

Озодлик: Қанча эди у пул?

- 990 минг эди. Ҳозир бу пулга битта мол ҳам бермайди. Ҳозир мол ҳам ола олмай ўтирибман. Банкдагилар жуда югуртиришди лекин.

Озодлик: Банк раҳбариятидан “Нимага кеч қолдирдинглар?” деб сўрадингизми?

- Сўрадим. Сенинг ҳужжатинг нотўғри бўлган, деб роса чўзишди.

Озодлик: Демак, сиз ҳам ишламайсиз, аëлингиз ҳам ишламайди.

- Аëлим ҳам ишламайди. Битта онам бор 70дан ошган. Улар ҳам ишламайди. Битта қизим бор. Икки ëшдан ошди.

Озодлик: Қандай тирикчилик қилаяпсизлар?

- Тирикчилик пенсиялардан. Мен мол олмай кредитга ҳаракат қилган эдим.

Озодлик: Нимага?

- Айтаяпманку у пайтда кредит пулига иккита мол берарди. Битта мол олган яхшими, иккита мол олган яхшими? Битта мол олганимда ҳам ўшанинг ярим пулига ем олардим. 2007 йилда ҳужжат топширганлар олиб кетди. Унинг тагига етиш учун яхшилаб ҳаракат қилиш керак. Ўзим ногирон бўлсам, уйда ўтирсам, кўчага чиқа олмасам. Масалан аëлим билан чиқсам ўша ҳам банкка олиб бориб, олиб келади. Кўзим яхши кўрмайди. Тагига етишимиз учун қаерларни текшириб юришимиз керак биз? Буларнинг орқасидан текшириб юрмаймизку энди кимга мендан олдин бераяпти, кимга мендан кейин бераяпти деб, тўғрими?

Имтиёзли кредитга иккита сигир олиб, тирикчилигини ўнглаб олишни ният қилган сирдарёлик ногирон, кам таъминланган Абдумўмин Арсунбоев икки йил югура-югура олган кредитига энди битта ҳам сигир ололмай боши қотиб турганидан сўзлади. Вақтида у президент туҳфа қилган битта сигир ўрнига қайтариш шартига кўниб бўлса ҳам кредит олсам, ютаман, деб умид қилган эди. Аммо, бундай бўлмади. “Ночор ногиронга имтиёз йўқ экан барибир” деган хулосага келганини сўзлайди сирдарёлик тингловчимиз.

Шифокорга ишонч қолмади

Эндиги суҳбатдошимиз эса Жиззахлик. У шу кунларда Наманганда касалхонадаги гўдакларга ОИТВ юққанмиш, деган овозаларни эшитган. Унинг ҳам иккита ёш боласи бор ва энди шифохонага боришга юраги дов бермай ўтирибди.

Ҳамкоримиз Меҳрибон бу аёл билан суҳбат асносида, умуман, ёш болали аёлларга республика шифохоналарида қандай имтиёзлар бор, текин даволаниш имконлари борми, ОИТВ болаларга шприцдан юққан, деган овозалар юрибди, бу ҳақда сиз нима дейсиз, деган саволларни берди.

- Ҳозир оддий поликлиникага борсангиз ҳам пул олишадию. Оддий текшириб кўришга ҳам пул олишади. Масалан янги туғилган чақалоқларга биринчи укол БСЖ қилинади. Ҳатто ўшанга ҳам пул олишади. Ҳеч бўлмаса шприцга пул бериб кетинг деб сўраб олиб қолишади.

Озодлик: Бирор марта ҳам бепул хизмат кўрсатишмагана?

- Йўқ, йўқ. Чақалоқларни икки ëшгача поликлиникада эмлаб туришади. Шунда ҳам пул олишади. Бир марта бўлса ҳам текинга қилишганини билмайман. Давлат томонидан текин бўлиши керак.

Озодлик: Лекин улар пул олишади?

- Пул олишади.

Озодлик: Бирор марта нимага олаяпсизлар деб сўраганмисиз?

- Сўраганмиз. Текин бўлиши керак эмасми, десак, “Бизга ҳам пулга беришади. Ҳеч бўлмаганда шприцга пул бериб кетинг” дейишади. Шприцларга 200, 300, 500 сўм ташлаб келамиз.

Озодлик: Демак, сизнингча умуман бепул тиббий хизмат йўқ.

- Йўқ.

Озодлик: Сиз шифокорларга ишонасизми?

- Жиззахдаги аҳволдан мен ҳеч қачон қониқмаганман. Жиззахлик врачларнинг бир касални даволаб соғайтиришганини билмайман. Ўзимнинг синглим ҳам болалар шифокори. Жиззахда кўп болалар касал бўлса, Тошкентга олиб кетишади. Чунки Жиззахнинг врачлари даволаб беришига кўзлари етмайди. Шунинг учун доим Тошкентнинг врачларига мурожаат қилиб, Тошкентда даволатиб келишади.

Озодлик: Худо кўрсатмасину агар бирор кор хол бўлса, сиз нима қилардингиз?

- Мен ҳам¸ албатта¸ Тошкентдаги врачларга мурожаат қиламан. Болаларнинг оëғи чиқишини ҳатто ўзимизнинг Жиззах врачлари эплай олишмайди. Бу мана шу еридан чиққан, мана бу еридан шина қўйиш керак ëки гипс қўйиш керак деб ҳам айтиб беришолмайди. Ўзимизнинг бир нечта қариндошларимиз шунақа бир неча ҳолатларда Тошкентга олиб боришган.

Озодлик: Сиз мана Тошкентга олиб бориб даволатаман деяпсиз. Сизда имкон бор маблағ жиҳатдан. Имконияти йўқ одамлар нима қилишади?

- Имконияти йўқ одамлар албатта даволата олишмайди. Моддий томондан қийналишади. Бошқа иложлари бўлмагандан кейин боласини уй шароитида даволашади. Шифокорга борса, катта пул сўрайди ҳозир.

Озодлик: Уй шароитида даволаш деганда нимани назарда тутаяпсиз?

- Эскичага қаратишади. Уй шароитида қўлдан келгунча даволашга ҳаракат қилишади. Дори-дармонга пул етмагандан кейин, шифокор пул сўрагандан кейин мажбур уйда қарашади. Мана Наманганда болаларга ОИТВ юқтирилганини эшитиб тинчим йўқолди.

Ҳозир шифокорларга нисбатан ишончсизлик бор. Боламиз касал бўлса, шифокорга мурожаат қилиб текширтиришга ҳам қўрқиб қоламиз. Болангизни бир жойи оғриб турса, дунë кўзингизга қоронғи бўлиб кетади. Биринчи ўринда медицина яхши бўлишини, текин бўлишини ¸албатта¸ хоҳлаймиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.

XS
SM
MD
LG