Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:30

Милиция ўқувчиларни мактабга қайтармоқчи


Қирғизистон ички ишлар вазирлиги мактаб ўрнига масжидга бораётган ўқувчиларнинг радикал диний оқимларга қўшилиб кетиши мумкинлигидан хавотирда.
Қирғизистон ички ишлар вазирлиги мактаб ўрнига масжидга бораётган ўқувчиларнинг радикал диний оқимларга қўшилиб кетиши мумкинлигидан хавотирда.

Қирғизистон ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиев қарорига биноан мамлакат бўйлаб “Ўспирин” рейди ўтказилмоқда.

Ўш шаҳар ўспиринлар адаптация ва реабилитация маркази раҳбари Мамат Бектемиров ўтказилган рейд чоғида ўнлаб ўқувчиларнинг мактабга бормаётгани аниқланганини айтади:

- “Ўспирин” рейди чоғида мактабга бормай юрган 39 нафар бола қўлга олинди. Бугунги кунда мактабга бормай, масжидга қатнаётган болалар кўпайиб кетаяпти. Шу сабабли бизга республика ички ишлар вазирлиги тарафидан масжидларда диний таълим олаётган болалар тўғрисида - улар масжидгагина боряптими ёки мактабга ҳам боряптими - шуларни аниқлаш тўғрисида топшириқ берилган. Қўлга олинган болалар эса асосан қаровсиз қолиб, кўчаларда тиланчилик қилиб юрган болалардир. Уларнинг ота-оналари чақирилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, - деди Мамат Бектемиров.

Расмийларга кўра, бундай тадбирлар ёшларнинг турли диний оқимларга қўшилмаслигини олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда. Қирғизистон хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Тўқўн Мамитов кўрилаётган чора-тадбирлар динни ниқоб қилиб олган одамларга қарши кураш эканини айтган эди.

- Биз динга қарши эмасмиз. Ислом диними, христиан диними, буддизмми – дунёдаги қайси дин бўлмасин - барчасини ҳурмат қиламиз. Шу динга ишонган одамнинг ўзини ҳам, ишончини ҳам ҳурмат қиламиз. Бироқ айрим одамлар динни ниқоб қилиб олиб, ноқонуний ишлар қилаётгани бизни ташвишлантирмоқда, - деган эди Тўқўн Мамитов.

Айрим диндорлар эса¸ расмийларнинг сўзларига қўшилмайдилар. Исми ошкор қилинишини истамаган диндорлардан бири бундай ҳаракатлар мусумонларнинг диний эътиқодларини чеклашдир, деб ҳисоблайди:

- Бундай ҳаракатлар мусулмонларга қарши бўлмоқда. Қўпол қилиб айтганда, демократиянинг жаноза намози ўқилмоқда, асосий принципларга, эътиқод эркинлиги, фикр эркинлигига тўсқинлик қилинмоқда. Бизда ишлаб чиқариш йўқ. Менимча, бу террорчилик ва экстремизмни баҳона қилиб бюджетга пул туширишнинг йўлидир, - деди исмини айтишимизни истамаган диндорлардан бири.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатилло Раҳматуллаев мактабга бормай, масжидларга бораётган болаларнинг аксарияти Ҳизбут-Таҳрир партияси аъзоларининг фарзандлари эканини, уларнинг ота-она изидан бормаслигини олдини олиш учун мактабларда Ислом дини дарсларини киритиш зарурати туғилганини айтади.

- Мен мактабларда Ислом таълими дарслари киритилишини хоҳлардим, чунки Исломдан озмунча хабардор бўлган инсон жамиятда ажралиб туради. Болаларга мактабда дин асослари ўргатилса, улар катталарга эргашиб, нотўғри йўлларга кириб кетмаган бўларди, - дейди Иззатилло Раҳматуллаев.

XS
SM
MD
LG