Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:13

Ҳаж йўлида....


Ўзбекистонда Ҳаж йўли погонлилар чиғириғидан ўтишдан бошланади...
Ўзбекистонда Ҳаж йўли погонлилар чиғириғидан ўтишдан бошланади...

Ўзбекистондан бу йил ҳам 5 минг мусулмон ҳаж сафарига йўлга чиқди. Ўзбекистон вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хабар қилишича, шу билан сўнгги мустақиллик йиллари ичида Ўзбекистондан Ҳаж зиёратига борган фуқароларнинг сони 60 мингга етди.

Аслида йилига зиёратга бораман, дегувчи ўзбекистонликларнинг сони 5 мингдан кўплиги, аммо, негадир Ўзбекистон ҳукумати зиёратчиларнинг сонини нега бундан оширмаётгани сабабларини изоҳламаслигини аввалги дастурларимизда ҳам айтган эдик.

Бугун яна бир бор шу масалага қайтар эканмиз, аслида, Ўзбекистондан қанча одам Ҳаж зиёратига бориши мумкин, асосан, кимлар Ҳажга боряпти, нега Ўзбекистонлик ҳожилар сафида ёшлар йўқ, деган саволларга олинган жавобларни тинглаймиз.

Шунингдек, бу борада қўшни давлатлар, хусусан, Қирғизистондаги вазият билан танишамиз. Бундан ташқари, Саудия Арабистонида юрган юртдошларимизнинг ўзбекистонлик ҳожилар ва уларнинг зиёрати ҳақида кузатувларини ҳавола қиламиз.

Аслида Ўзбекистондан йилига қанча одам Ҳаж зиёратига бориши мумкин?

Бу саволга Ўзбекистон расмийларидан олинган аниқ расмий жавоб бизда йўқ. Аммо, ҳаж зиёратига бориш орзусида юрган ўзбекистонликлар тахминий жавобни билади:

- Ўзи аслида бир миллион аҳоли бўлса¸ 1000та одам бориши керак дейилади.

Бу тартиб Саудия Арабистонида Ҳаж зиёрати масалалари билан шуғулланувчи вазирлик томонидан белгиланган. Вазирлик ҳар бир мамлакатга аҳоли сонига нисбатан квота ажратган: ҳар минг кишига бир киши. Бу 27 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистон 27 минг кишини ҳажга жўнатиш имконига эга дегани.

Яъни, шундай имконият борлигини йиллаб навбат кутадиган ўзбекистонликлар жуда яхши билади. Аммо, Ўзбекистоннинг фуқароларни ҳаж зиёратига жўнатишга масъул бўлган Диний ишлар бўйича давлат қўмитаси йилига 5 минг кишини ҳажга жўнатади ва биз каби оммавий ахборот воситаларининг “Нега атига 5 минг?” деган саволига жавоб бермайди.

Ўзбекистонда эса ҳажга бораман, деган ва бунга қодир бўлганлар, эҳтимол, 27 мингдан ҳам ошар. Фарғона, Андижон, Наманган каби аҳолиси динни маҳкамроқ ушлаган вилоятларда зиёратга боришни кўнглига тукканлар 2010-2013 йилларга навбатга тургани ҳақида маълумотлар бор.

Икки йилдан бери зиёрат учун навбатда турган ўзбекистонлик ёш йигитлардан бири¸ ҳажга бориш ва навбатга туриш тартибининг ўзи узоқ вақтларга чўзилувчи югур-югурдан иборатлигини айтади:

- Ҳажга боришни ният қилган одам маҳалла комитетига учрайди. Маҳалла комитети унга “Маҳалламиздаги шу одамни ҳажга боришига қаршилигимиз йўқ” деган маълумотнома беради. Кейин бу маълумотномани олиб ҳокимиятга борасиз. Ҳокимиятда диний масалалар билан шуғулланадиган шахслар бўлади. Улар сизни маълумотномангизни олиб қолиб¸ сизни рўйхатга киргизишади.

Масалан¸ биз турадиган маҳалла анча катта маҳалла. Бешта¸ ўнта одам ҳар йили хоҳлайди¸ лекин шаҳардан 500та одам кетадиган бўлса¸ шуни бутун маҳаллаларга тақсим қилиб чиқишади. Масалан кимдир 2009 йилда боради¸ ундан кейингиси 2010 йилда¸ ундан кейингиси 2011 йилда ва ҳоказо.

Бу йигитнинг ўзида ҳам Ҳаж зиёрати орзуси бор. Аммо, ҳозир бундан ҳам муҳим қайғуси 90 ёшга кирган бувисини ҳажга жўнатиш.

- Ҳақиқатан ҳам одамнинг ичи хоҳлайдида. Масалан менинг бувим 90га кирди. Бошқа йўллар билан бўлса ҳам анча ҳаракат қилдим. Бошқа давлатларда бунақа нарсалар йўқда. Масалан¸ Германия¸ АҚШ каби мусулмон бўлмаган давлатларда керак бўлса бир ой олдин сал қиммат бўлса ҳам озгина ҳаракат қилсангиз бориб келасиз. Ўша йилнинг ўзида бориб келасиз. У қолиб кетмайди.

Дейлик Россия¸ Қирғизистон ëки Қозоғистон орқали чиқиб келаман десангиз¸ унга ҳам қаршилик қилишади. Ҳаж зиëрати бўйича ўзаро келишувга асосан¸ Ўзбекистон фуқароси фақат Ўзбекистон орқали ҳаж қилиши мумкин деган тартиб бор.

Унга бу тартиб ҳақида ўзи яшайдиган шаҳар ҳокимиятида айтишган. Тамом, шу тартиб бу йигит ва унинг 90 ёшли орзуманд бувисининг йўлини¸ мана икки йилдирки¸ тўсиб турибди.

Аммо, мусулмончиликнинг 5 асосий фарзидан бири бўлган ҳаж зиёратига бориш – бунга қодир бўлган ҳар бир ўзбекистонлик учун жуда муҳим масала.

Шу ўринда, кимлар ҳаж зиёратига боришга қодир, деган саволга ҳам қисқача тўхталиб кетсак. Қарийб 15 йилдан бери йилига 300-400 зиёратчини ҳажга олиб-бориб келаётган ҳожибоши – Шаробиддин ҳожи гапиради:

- Биринчидан¸ Ҳажга борадиган одам олдин ўзини Оллоҳ таолони ихтиëрига топшириши керак. Иккинчидан¸ ўзини поклаши керак. Учинчидан¸ оиласига етарлик маблағ қолдириши керак. Тўртинчидан¸ саломат бўлиши керак. Бешинчидан¸ Ҳажга бориб келадиган пули¸ маблағи бўлиши керак.

Озодлик: Бу йил бу маблағ қанча бўлди?

- Бизда ҳозир 2400 доллар бўлди.

Озодлик: Бу Қорасувдан чиқиб кетиб¸ Қорасувга қайтиб келишгача бўлган харажат.

- Албатта. Самолëтники¸ автобусники¸ меҳмонхоналарнинг пули¸ озиқ-овқатнинг пули – ҳаммаси шунинг ичида.

Бу – Қирғизистоннинг Қорасув туманидан зиёратчиларни ҳажга юборадиган ҳожибоши – Шаробиддин ҳожининг сўзлари. У киши 20 ноябр куни 160 кишини ҳажга жўнатди. Зиёратчилар ҳожибошини қўлига 2 минг 400 АҚШ доллари миқдорида пул берди ва ҳожибошининг командаси ана шу пулга зиёратчини шундоқ уйидан зираётга бошлаб олиб кетди.

Бу ҳақда “Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг кейинги саҳифасида бафуржа гаплашамиз. Ҳозир эса яна Ўзбекистондан бу йил ҳажга отланганлар масаласига қайтамиз.

Бу йил Ўзбекистонда Ҳаж зиёрати сафари харажатларига кетадиган сумма қанча бўлди?

Расмий идора яна жим. Яна ўзбекистонлик орзумандлардан аниқладик: 3 минг 500 АҚШ доллари. Бу соф харажат. Аммо, бу билан иш битмайди. Чунки, талабгор кўп, жой оз ва бунақа вазиятда ўзбек жамиятида энг самарали восита — пора. Поранинг миқдорини эса “фалон сўм”, деб айтиш қийин. Чунки бу миқдор уни оладиган ДИНИЙ идоралардаги ДИНДОРларнинг нафси билан боғлиқ.

Афсус, халқимиз ҳозир пора бериб бўлса ҳам зиёратга боришга рози бўлаяпти, дейди фарғоналик ҳожи.

- Масалан Қувага бешта¸ каттароқ туманларга тўртта¸ иккита жой берган. У жойлар энди талаш бўлиб қоладида. Шунинг учун одамлар ҳажга устига бериб бўлса ҳам кетишаяпти. Ўтган йили Ҳажга жўнаëтган кунлари 5000 долларга чиққанини ҳам эшитган эдим. Пораси шунақа. Ўшанақа бўлса ҳам халқимиз бораман деяптида. Тузум шунақа бўлиб кетди. Бермаса юбормаяпти. Буни Оллоҳ билади.

Яъни, пора эвазига қилинган зиёрат – бориш шартларидан бири покланиш бўлган Ҳаж зиёратининг бу тариқа амалга оширилгани ҳукми Оллоҳнинг ихтиёрида, демоқда бу суҳбатдошимиз. Чунки, пора бериб бораётганлар бундан бошқа имконни тополмаяпти. Аммо, 27 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистонда ҳаж зиёрати учун ҳукумат белгилаб қўйган 5 минг кишилик ўрин – жуда, жуда, жуда оз. Шунинг учун, поранинг ўзи ҳам кифоя эмас, дейди ўзбекистонлик суҳбатдошларимиз. Яна бошқа йўллари бор.

Ўзбекистонда ҳаж зиёратига кимлар бораяпти?

Мухбиримиз ана шу савол остида кичиккина сўров ўтказди. Жавоблар жуда қизиқ.

- Албатта ҳукуматда ишлаб бунча пулни тўплай олмайди. Масалан фарзандлари бизнес билан шуғулланади. Ëки дейлик чет элларга бориб ишлаб келаяпти. Шунақалар ота-оналарини юбораяпти.

- Биринчи навбатда иқтисодий томони кўтарган одамлар бораяпти. Иккинчидан¸ ҳукуматга мойил бўлган одамлар бораяпти.

Озодлик: Булар кимлар бўлиши мумкин?

- Касбидан қатъий назар¸ “қулоқ” деган гап борку. Ана шу “қулоқ” одамлар соқол қўйиб¸ бемалол юраверади. 100 фози шунақа деб айта олмайман¸ лекин кўпчилиги шунақа ҳолатда.

- Ўзбекистонда Ҳаж сафарига бориш учун шароитлар яратилган. Масжидга бормайди¸ намоз ўқимайди лекин пули¸ маблағи бор. мени “ҳожи” десинлар деб ҳажга бориб келаëтганлар ҳам бор. Обрў учун бораëтган одамлар ҳам бор. Орада ҳалол меҳнат билан ҳажга бораëтганларни ҳам биламан. Савдогарлик учун борадиган одамлар ҳам бор.

Мен бир ҳожи бобо билан гаплашганман. У одам беш марта ҳажга бориб келибди. “Мен таниш-билиш орттириб олганман. У ëқдан видеокамера ва шунга ўхшаган электротехника олиб келаман. Ҳажни қилиб бўлганман. Асосан¸ савдогарлик билан шуғулланаман” дейди.

Демак, Ўзбекистонда ҳаж зиёратига бораётганлар сафи жуда ранг-баранг: астойдил Ҳаж зиёратини ният қилган ва пешона тери эвазига ҳалол пул йиққанлар, бола-чақаси топган пул туфайли бориш имконига эришганлар билан бир сафда ҳукуматга мойил бўлганлар, қулоқлар, обрўталаблар, савдогарлар.

Бу ҳажга бориб келаётганларни кузатаётган баъзи ўзбекистонликларнинг хулосалари ва уларнинг ҳаммаси бир овоздан ўзбекистонлик ҳожиларнинг орасида бундайлари озлигига, астойдил зиёратни ният қилган ва покланиб қайтган ҳожиларнинг кўплигига умид қилади. Ҳар ҳолда Исломдаги беш муқаддас фарздан бирини бажариб қайтишди ахир.

Нега ўзбекистонлик ҳожилар орасида ёшлар кам?

Шу савол “Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришини шу лаҳзаларгача тинглаб келаётган тингловчиларнинг кўнглидан ўтган бўлса, ажабмас. Бу саволга Озодликнинг аввалги эшиттиришларида ҳам тўхталган эдик.

Фарғоналик ҳожи ака ўзбекистонлик мусулмонлар қалбини шу нарса ҳам ўртайди, дейди. Чунки, Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган ва муҳими, ёшлардан иборат бўлган мамлакат. Негадир, эл орасида Ўзбекистоннинг Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳажга борувчиларнинг ёши 45 ёшдан юқори бўлсин, деган чеклов қўйган, деб гап юради. Афсуски, бу ростми ёки йўқ, буни қўмитанинг ўзидан аниқлашнинг имкони йўқ.

Бироқ, ўзбекистонлик ҳожиларнинг деярли ҳаммаси кекса ёшли фуқаролар экани бу гап-сўзларни тасдиқлайди. Фарғоналик ҳожи ака гапиради.

- Ҳар йили Ҳажга борганлардан 25 фоизи оламдан ўтиб кетади. Ëши ўтган 60¸ 70¸ 80дагиларни жўнатмасдан ëшларни жалб қилиш керак. Ëшлар ҳажга боришга жалб қилинса¸ яхши бўлади. Оилада¸ жамиятда¸ тузумда ҳалоллик¸ поклик бўлади. Ҳалоллик бўлса¸ мамлакат тезда ривожланиб кетади.

“Ёшлар ҳажга борса, жамиятда ҳалоллик кўпаярди, давлат ҳам тез ривожланиб кетарди”…

Фарғоналик ҳожи ака каби бундай орзуда юрганлар кўп. Зеро, ҳажни орзу қилганлар фақат катталар эмас. Бошқача айтилса, бугунга келиб “Ҳажга бола-чақасининг ташвишидан қутулган кексаларгина боради, ёшларга нима бор?” деган қарашлар хато экани, бу амал қодир бўлган ҳаммага фарз эканини тушунганлар ўзбекистонлик ёшлар орасида ҳам кўпайган.

Улардан айримлари билан мухбиримиз суҳбатлашди:

- Менда имконият бўлганда мен ҳам борардим. Лекин биласизми Ўзбекистонда бунақа имконият йўқ. Ўзбекистон ëшлари ҳажга бориш истагини ошкора айтишдан қўрқишади. Масалан¸ диндорликка алоқадорлик¸ ваҳҳобийликка алоқадорлик ëки бўлмаса акромийликка алоқадорлардан бири деган айбловлар қўйилиши мумкин. Водийда яшайдиган кўпгина ўзбек ëшлари Қирғизистон ҳудуди орқали ҳужжатларни тўғирлаб¸ ҳажга бориб келишади. Мен ўзим бунга шахсан гувоҳ бўлганман¸ дейди биринчи суҳбатдош.

- Албатта хоҳлардим. Энди Ўзбекистонда имкон борку лекин кимгадир пул бериб ҳаж сафарига илашиши мумкин. Пулсиз қийин масала экан¸ дейди иккинчи суҳбатдош.

Ҳажга энди бормоқчиман¸ Худо хоҳласа¸ дея гап бошлади учинчи суҳбатдош.

Озодлик: Хоҳлаган одамнинг боришига имкон борми?

- Ҳа¸ ҳокимиятга бориб ариза топширади. Керакли ҳужжатларни тўғирлаб келади.

Озодлик: Демак хоҳлаган одам маблағни топса¸ бемалол бора олади?

- Ҳужжатларини тўғирлаб¸ ҳамма нарса жойида бўлса¸ насиб қилган бўлса¸ бора олади.

Демак, зиёратга бориш орзусидаги ёшлар кўп. Аммо, аввало, моддий имконият ва кейин қўрқув уларнинг йўлини тўсади. Ҳажга бориш орзусини ошкор қилиш — айрим зиёли ўзбек ёшлари назарида — ҳукуматнинг радикал диндорлар учун тузган қора рўйхатига тушиш билан баробар экан. Аммо, бундай хавфни кўрмайдиган ва бу масала фақат молиявий имкониятгагина боғлиқ деб ҳисоблайдиган охирги суҳбатдошимиз айтганидек, Оллоҳ насиб қилган бўлса, ният қилган киши Ҳаж зиёратига, албатта, боради.

Ўзбекистонга қўшни давлатларда Ҳаж зиёратига бориш имкони қандай?

Ўзбекистонда мусулмонларнинг Ҳаж зиёратига бориш тартиби ва бу йўлдаги муаммолар ҳақида гапирар эканмиз, эшиттиришимизда иштирок этган суҳбатдошларимизнинг куйиб-пишганида жон борлигини яна-да аниқ исботловчи қўшни Қирғизистондаги вазиятга тўхталмасак ҳеч ҳам бўлмайди.

Ўзбекистонлик зиёратчи билан қирғизистонлик зиёратчиларнинг сафарга чиқиш имконлари ўртасидаги фарқ куйинишга арзигулик. Йилига 300-400 зиёратчини ҳажга олиб-бориб келаётган қирғизистонлик ҳожибоши – Шаробиддин ҳожи билан суҳбатлашдик. Зиëратчиларнинг 160 кишилик биринчи гуруҳини сафарга юборган ҳожибошининг бу йилги мавсум олдидан кайфияти ëмон эмас.

- Кайфият ëмон эмас. Менинг ўзимга Қорасув туманидан 400 одам жўнатишга лицензия берилган. Кеча 160тасини жўнатдим. Яхши етиб боришиб¸ “Ҳозир автобусга чиқиб¸ Мадина шаҳрига кетаяпмиз” деб телефон қилишди. Ҳали вақт эрталиги учун ҳеч шошилиш йўқ. Чунки ҳайит еттинчи ëки саккизинчи декабрда бўлади. Бу йил жуда қийинчилик бўлгани йўқ. Муфтият томонидан эркинлик бўлиб¸ визаларни ҳам очиқ-ойдин беришди.

Озодлик: Бир пайтлар ўзбекистонликлар Қирғизистон томонга ўтиб борарди. Ўша 1990 йилларда.

- Уни эшитганмиз. У маҳалда бизнинг Қирғизистонда одамларга берилган квота ошиб қолгандан кейин¸ учинчи давлат одамлари бизнинг квотамиздан фойдаланиши мумкин деган рухсат ҳукумат томонидан берилган. Ҳозир 4¸ 5 йилдан бери бу нарсани таъқиқлаб қўйган. Таъқиқ қўйилганлигига сабаб¸ Ўзбекистон томондан бизнинг фуқароларимиз Қирғизистон орқали кетмасин¸ деган хатлар келган.

Бу йил виза очиш электрон вариантда бўлди. Қирғизистондан 4500та одам компьютер орқали визага жўнатилди. Консул келиб тайëр визани очиб бериб кетди. Биз бундан жуда хурсандмиз. Ҳаж дегани бу ибодат. Ибодатга кетаëтганлиги учун ҳаждаги анча-мунча икир-чикирларни биз ислом одамлари кечирувчи бўламизда.

20 ноябр куни Ўзбекистон¸ Қирғизистон ва дунëнинг бошқа давлатларидан ҳам зиëратчилар Саудия Арабистонига жўнаб кета бошладилар. Эртароқ йўлга чиққанларнинг дастлабки гуруҳлари етиб ҳам борди. Шу тариқа кичик-кичик гуруҳлар билан зиëратчилар еттинчи декабрга қадар етиб борадилар. Кейин эса зиëрат маросими бошланади.

Илло¸ зиëратга боргунча тортилган машаққатлар аксар ҳожиларнинг сўзларига кўра¸ Масжид ул Ҳарамга оëқ қўйилиши биланоқ мутлоқ унут бўлар экан. Ундан уëғи дунëнинг бошқа нуқтасида ҳис қилиш имконсиз бўлган кечинмалар олами.

Биз албатта ана шу кечинмалар яъни Ҳаж зиëрати маросимининг ўзи ҳақида “Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг кейинги сонларида суҳбатлашамиз.
XS
SM
MD
LG