Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:45

Суд эшикларни ëпди


Қирғизистон ҳукумати ҳам кейинги пайтларда Ҳизбут-Таҳрир гуруҳига қарши курашда қўшни Ўзбекистон сиëсатини қўллай бошлади.
Қирғизистон ҳукумати ҳам кейинги пайтларда Ҳизбут-Таҳрир гуруҳига қарши курашда қўшни Ўзбекистон сиëсатини қўллай бошлади.

21 ноябр куни Ўш вилоят судида Новқатдаги тартибсизликларни уюштирган 32 нафар Ҳизбут-Таҳрир аъзоси устидан маҳкама жараëни бошланди.

Расмийлар тарафидан суд жараёнининг очиқ тарзда ўтказилиши эълон қилинган эди. Бироқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари мустақил телевидиние, радио ва газета журналистларини суд жараёнига киритмадилар. Жараёнга Ўшдаги давлат телеканалларининг журналистларигина киритилди.

Расмийлар бу борада бирон-бир маълумот беришни истамадилар. Бироқ, ўз овозини ёзиб олишимизни истамаган милиция ходимига кўра, суд зали тор бўлгани ва барча журналистлар учун жой етишмаслиги туфайли мана шундай қарор қабул қилинган.

Суд жараёнига Қирғизистон собиқ Омбудсмени, мухолифатдаги “ЭрК” партияси раиси Турсунбой Бакир ўғли ҳам киритилмади.

У жараённи каттароқ хонага кўчириш борасида судья билан гаплашмоқчи бўлгани, бироқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни бинога киритмаганларини айтади:

- Милиция ёрдамида судланувчиларнинг яқин қариндошларини ҳам маҳкама жараёнига киритмадилар. Мен журналистларнинг холис одам эканини биламан. Улар нимани кўрса, шуни гапирадилар. Бироқ уларни ҳам киритишмади. Шу сабабли мен маҳкама жараёни жуда ёмон уюштирилган, деб ҳисоблайман. Мен судья билан жараённи каттароқ хонага кўчириш тўғрисида гаплашмоқчи эдим. Аммо мени ҳам киритишмади. Мен бу ерда ҳеч қандай очиқ суд жараёнини кўрмадим¸ - дейди Турсунбой Бакир ўғли.

Шу йилнинг 1 октябрида мусулмонларнинг Рамазон байрамини марказий майдонда ўтказишга рухсат берилмаганидан норози бўлган мингдан зиёд новқатлик диндорлар туман давлат маъмурияти биносини тошбўрон қилгандилар. Орадан бир неча кун ўтиб, Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси тартибсизликларни Ҳизбут- Таҳрир партияси уюштиргани¸ партиянинг 32 нафар аъзоси қўлга олинганини ҳамда улар қонун доирасида жазоланишларини маълум қилганди.

Лекин айрим судланувчиларнинг қариндошлари маҳкамага тортилган ўз яқинлари беайб қўлга олинганини таъкидламоқдалар. Судланувчи Илғоржон Саидалиевнинг рафиқаси Мавлуда Мадалиева эрининг воқеага тасодифан аралашиб қолганини айтади:

- Куёвим бозорда тарвуз сотаётган эди. Тўполон бошланиб, одамлар қоча бошлаган пайтда менинг уч фарзандим байрамда ўйнагани кетганди. Газ баллонлар отилганидан сўнг куёвим болаларни излаб, ҳокимият биноси олдига борган пайтда видеога тушган экан. У ерда куёвимнинг бирон-бир ножўя ҳаракат қилгани ҳам кўринмайди. Тўртинчи ҳайит куни тарвуз сотаётган пайтда фуқаро кийимидаги милиционер келиб, эримни: “Илҳомжон, менга қараб қўйинг”, деб чақирибди. Шериклари фақат шуни кўрган эканлар. Олиб кетилган бўйича дараги бўлмади. Куёвим Туямўйиндан тарвуз олиб келса, бир-икки кун колиб кетарди. Биз тарвузга кетган бўлса керак, деб ўйлабмиз. Орадан уч кун ўтиб, куёвимнинг милицияхонадалиги тўғрисида қоғоз келди. Шундан сўнг уни ушлаб кетишганини билдик. Куёвимнинг Исломдан илми ҳам йўқ, ваҳҳобий деган нарсаларни билмайди ҳам. Айби бўлмаса-да, шу кунгача қамоқхонада ётибди, - дейди Мавлуда Мадалиева.

Қўлга олинганлардан яна бири - Зарифа Абдумажидованинг қайнонаси Мунаввар Шарипова келини байрамда фарзандларини айлантириб келиш учун чиқиб кетганини ва қайтиб келмаганини айтади. Кейинроқ билса, келинини милиция ходимлари кўчадаёқ ушлаб олиб кетган эканлар. Мунаввар Шариповага кўра, келини қўлга олинган пайтда унинг уч ойлик ҳомиласи бўлган, аёл қўлга олинганидан сўнг эса ҳомиласидан ажраган.

- Келиним фарзандларини айлантиргани келиб, қуруқ туҳматга қолди. Нима қилишни билмайман. Келинимнинг тўрт боласи билан қийналиб кетдим. Келинимнинг уч ойлик ҳомиласи бор эди. Милицияхонада ҳомиласидан ҳам ажради. Келинимни биринчи маротаба суд жараёнига олиб келишганида кўрдим, холос (биринчи суд жараёни қўлга олинганларни қамоқда сақлаш тўғрисида санкция бериш учун ўтказилган эди – таҳр.), ўшанда фарзандларига онасини кўрсатишмади. Ўғлим бир неча йил олдин Россияга ишлагани кетган, ўшандан бери тайини йўқ. Бирор-бир хабар ҳам юбормаган. Қаердалигини ҳам билмайман (маълум бўлишича, ўғли бедарак кетганидан кейин Мунаввар опа келинини ўз қизи қатори бошқа бировга узатган - таҳр.), - дейди Мунаввар Шарипова.

Мустақил журналистлар суд залига киритилмагани туфайли судланувчиларнинг адвокатлари ва ҳакамларнинг маҳкама ҳақидаги фикрларини олишнинг имкони бўлмади.

Ўш вилоят милицияси раҳбарлари, прокуратураси ва вилоят судининг бошқа расмийлари эса журналистлар билан бу борада мулоқот қилишни истамадилар.

Расмийлар Новқатдаги тартибсизлик иштирокчилари сифатида айбланганлар устидан маҳкама жараёни бир неча кунга чўзилиши мумкинлигини айтиш билангина чекландилар.
XS
SM
MD
LG