Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:36

"Кўчада милиция¸ уйда қайнона"


Дунëнинг Марказий Осиë каби минтақасида ëйилиб бораëтган қашшоқлик¸ ишсизлик ва ижтимоий адолатсизлик¸ БМТ нинг хотин-қизларга қарши зўравонликни тўхтатиш уринишларига соя солмоқда.
Дунëнинг Марказий Осиë каби минтақасида ëйилиб бораëтган қашшоқлик¸ ишсизлик ва ижтимоий адолатсизлик¸ БМТ нинг хотин-қизларга қарши зўравонликни тўхтатиш уринишларига соя солмоқда.

25 ноябр – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши халқаро кураш куни. Аксар дунë аëллари бундай зулмдан озод бўлаëтган бўлса¸ ўзбек аëли зўравонликнинг янги хуружига учрамоқда.

БМТ бош ассамблеясининг 1999 йил 17 декабр кунги резолюциясига мувофиқ ҳукуматлар, нодавлат ташкилотлари халқаро жамоатчиликни бундай зўравонликни тўхтатиш йўлида чора кўришга чорлайди.

Зеро, аёлларга нисбатан зулмни ҳар қадамда ва дунёнинг ҳамма нуқтасида учратиш мумкин. Бу зулмни тўхтатиш масъулияти ҳам ҳар бир инсоннинг, яъни ҳар биримизнинг зиммамиздадир, дея курашга чорлаб келади ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар.

“Аёллар ва қизларга нисбатан зулм ҳеч сусаймаган ҳолда дунёнинг барча қитъалари, давлатлари ва жамиятларида давом этмоқда. Оқибатда, аёллар ҳаётида, оилада, жамиятда ва умуман барча жабҳаларда мисли кўрилмаган қурбонларни беряпмиз. Кўплаб давлатлар бундай зулмни таъқиқлаган. Аммо, асл вазият шуки, бундай зулм яширилади ёки бунга кўз юмилади”.

Бу - БМТ бош котиби Бан Ки Муннинг дунё давлатлари ҳукуматларини аёлларга нисбатан зўравонликни тўхтатишни чорлаб сўзлаган нутқидан парча.

Бош котибнинг нутқига илова қилинган ҳисоботда айтилишича, дунё бўйлаб ҳар уч аёлнинг бири зўравонликнинг қайсидир бир тури — катлакланиш, зўрланиш ёки ҳақоратланиш аламини тортган. Аксар ҳолларда¸ аёл бу зулмни ўз яқинларидан тортган, дейилади ҳисоботда.

Кўз ўнгимизда, бизга таниш ва яқинларимиз бўлган аёллар ҳаётида рўй бераётган бундай зўравонлик, охир-оқибатда, аёллар ҳаётига қўшиб, жамиятлар ҳаётини ҳам заҳарламоқда. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар бир овоздан: “Аёлларга нисбатан зулм, тараққиётга тўсиқ бўлмоқда”, деб жар солганда, қанчалик ҳақ эканини фақат статистика аниқ ифодалаб бериши мумкин.

Дунё бўйлаб, 15ëшдан 44 ёшгача бўлган аёллар ўлими ёки ногиронлигининг асосий сабаби¸ айнан зўравонликдир. Ўтган йилларда Жаҳон банки ўтказган тадқиқотлар натижасида шу ёшдаги аёллар ҳаётига таҳдид солувчи 10 муҳим омил ичида энг биринчилари аёлларни зўрлаш ва оиладаги зулм экани аниқланган. Бунинг оқибатида вафот этган аёллар сони саратон хасталиги, автоҳалокат, уруш ва малария хасталигидан вафот этган аёллар сонидан анча баланд.

Аëлларга нисбатан зулм, деганда замонавий дунё Африка қитъасининг уруш ичида қолган ўлкалари ва асосан, учинчи дунё давлатлари, деб юритиладиган камбағал мамлакатларни эслайди. Аммо аёллар умрини қирқаётган икки муҳим омил: аёлларни зўрлаш ва оиладаги зўравонлик ҳозир дунёнинг барча давлатларида мавжуд.

Дунёнинг энг ривожланган давлати АҚШ да аёлларга нисбатан зўравонликдан кўрилаётган иқтисодий зарар ҳисоблаб чиқилган. Мамлакат бўлаб, интим ҳаётдаги шериги зулмидан хаста бўлган аёллар соғлигини тиклаш учун йилига 5 миллирад 800 миллион доллар маблағ сарфланар экан. Бу ҳали фақатгина иқтисодий зарар. Аёллар тортган маънавий зарар эса аёл, унинг болалари ва бутун оила ҳаётини йиллар давомида ортга суриши мумкин.

1996 йилда БМТ Бош ассамблеяси аёлларга нисбатан бу қадар қимматга тушадиган зулмни тўхтатиш чораси сифатида халқаро ишонч жамғармасини тузган эди. ЮНИФЕМ ташкилоти тузилганидан бери дуёнинг 115 давлатида зулм тортган аёлларни ҳаётга қайтариш дастурларини амалга ошириб келади. Бу давлатлар сирасида Марказий Осиё давлатлари ҳам бор.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонликни кўпроқ оилада, деб ҳисоблайди ва уларнинг ҳимоя дастурлари ҳам, асосан, оиладаги зўравонлик тўхтатишга қаратилган.

Бироқ, ҳозир ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда зулмнинг “ижтимоий экстремизм” номли янги тури ҳақида гапирмоқдалар ва бу зулмнинг қурбони айнан аёллар, яна ҳам аниқ айтилса, мардикор аёллар бўлмоқда.

Мардикор аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса Ўзбекистонда йўқ.

Ўзбекистонлик минглаб мардикорлар мамлакатнинг ичида ва хорижда меҳнат қилмоқда ва бу аёлларга нисбатан зўравонликни ўз юртида ҳам, хорижда ҳам учратиш мумкин.

Оиладаги зўравонлик мавжуд, у ҳаттоки, иқтисодий қийинчиликлар туфайли ортган ҳам. Аммо, бунинг устига ўзбек аёли энди кўчада ҳам зулм тортаяпти.

Россияда мардикорлик қилаётган ўзбек аёлларидан бири Дилфуза сўзлайди.

- Ҳозир мен яшаëтган уйнинг (дом) атрофида тўйи бўлганига бир йил бўлмаган келинлар саккизта. Учтаси далага чиқишади. Тиззасигача лой. Иккитасининг қорнида боласи бор. Совуқ, ëмғир.

Бу ҳомиладор ёш ўзбек аёллари келин бўлиб тушган хонадонида, яқинларининг ҳимоясида ва албатта, шифокор кўриги остида бўлиши керак эди аслида. Лекин бунга уларнинг имкони йўқ ва ўзларини шу кўйга солаётган яқинларининг ҳам имкони йўқ, - дейди суҳбатдошимиз.

- Айнан бизга, Ўрта Осиëнинг аëлларига, жуда ҳам қийин бўлиб кетди. Келинни олиб¸ уни эри билан жўнатиб юбораяптими? Бу ерга келгандан кейин иши бўлаяптими, бўлмаяптими қизиқишмайди. Қайноналари телефон қилади: пул жўнатинглар! Қаердан олиб жўнатади? Ундан сўрайди, бундан сўрайди, фоизга олаяпти. Туғруқхонага борса, эри яна пул тўлаши керак.

Қани эди, бу азобларни тугатиб, эмин-эркин яшашнинг имкони бўлса эди, дейди Дилфуза.

- Қани эди бизларда шунақа бир ташкилот бўлса. Нима дейди ташкилот дейдими, уюшма дейдими. Шахсан менинг ўзимнинг бошимдан қанча ўтган. Россияга қайнонасидан қочди деб ўйлашади. Йўқ қайтанга бу ерга келиб кўп қийналишаяпти. Кўчага чиқса милиция, уйга пул жўнатмаса қайнонаси.

Ўзбек мардикор аёли рўзғоридаги йўқчиликдан куйиб, иложсизликдан тирикчилик учун остона ҳатлаб кўчага чиқиши биланоқ машаққат бошланади, дейди Гулсум.

Россия ёки Қозоғистонгача бўлган йўлдаги машаққатлар устига аввал ўзбек, кейин қозоқ, кейин эса рус милиционери зуғуми қўшилади. Одатан, дағдаға-зуғум номусга тажовузгача бориб етади, дейди Гулсум. Унга кўра, бундай ҳоллар кейинги пайтда кўп учрамоқда.

- Албатта бор, лекин айтишмайди. Номусимга тегди дейишга уялишади. Чунки гап тарқаб кетиши мумкин, уйигача бориб етиши мумкин. Ўзингиз биласизку бу бизларнинг ўзбекчилик. Мана яқинда бир қиз телефон қилди. Иш берувчиси “Мен билан бирга бўласан” деб тортқилаганми нима қилган. У кейин ўзбек болаларига айтган. Ўзбек болалари келиб бу русни уришмоқчи бўлган. Ўртада бир низо чиқиб¸ қиз қочишга мажбур бўлганку¸ лекин барибир олдидан чиқиб, уч-тўртта йигит бўлиб уришган. Ишқилиб аëл кишига қўл кўтарилган. Бу ҳозир оддий нарса бўлиб қолди.

Мардикорчиликка чиқаётган аёлларнинг аксарияти шундай азоблар тортиши мумкинлигини билади. Уларни шундай олис сафарга жўнатаётган яқинлари ҳам бундай хўрлик бўлиши мумкинлигини билади. Аммо иложсиз.

- Кўйлак эскирса, уни ямаб кийса бўлади, аммо, томоқни ямашнинг имкони йўқ. Одамнинг барибир егиси келади, ичкиси келади. Имкон бўлгандаку¸ келишмас эди. Россияга мажбуран келишади. Аëллар хўрликка ҳам чидаяпти, бундан ташқари бузилиб кетган аëллар қанчадан-қанча, - дейди ҳозир Москвада яшаётган ўзбекистонлик аёл Гулсум.

Гулсум тилга олган аёлларнинг барчаси ижтимоий экстремизм қурбонлари, дейди ўзбекистонлик мухолифат фаоли Нигора Ҳидоятова.

- Ижтимоий экстремизмнинг янги тури бўлди ва у айнан аёлларга нисбатан муносабатда яққол намоён бўлмоқда. Мардикор аёлларга нисбатан зулм жуда кучайган. Қозоғистон далаларида юрган мардикор аёлларга нисбатан ҳайвоний муносабат одамни даҳшат солади.

Бунинг устига оиладаги зўравонликнинг кўлами ҳам ортган. Иқтисодий қийинчиликнинг ҳамма юки охир-оқибатда келиб, аёлнинг зиммасига тушмоқда. Аммо афсуски, уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар йўқ Ўзбекистонда.

Вазият, ҳатто, 3-4 йил аввал ҳам бундай бироз яхши эди. Ҳозир ўша вақтдаги аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилотларнинг деярли ҳаммаси ёпилган.

Мардикор аёллар ва умуман, ўзбек жамиятида аёлларга нисбатан зулм – бугунги Ўзбекистон учун ўта оғриқли масалалардан биридир, дейди мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова.
XS
SM
MD
LG