Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:38

Новқатликлар устидан ҳукм ўқилди


Ҳакам ҳукмни ўқиди¸ аммо судланувчиларнинг адвокатлари ва яқинлари суд ҳукмидан норози эканларини билдирмоқдалар.
Ҳакам ҳукмни ўқиди¸ аммо судланувчиларнинг адвокатлари ва яқинлари суд ҳукмидан норози эканларини билдирмоқдалар.

Ўш вилоятининг Новқат туманида юзага чиққан тартибсизлик иштирокчилари 9 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.

Новқат воқеалари юзасидан 27 ноябр кунги суд жараёни 11 соат давом эди. Маҳаллий вақт билан кечки соат тўққизу ўн бешда Новқат туман судининг ҳаками Бақит Сарибаев айбланувчиларга нисбатан суд ҳукмини эълон қилди.

- Қирғизистон Республикаси Жиноий кодексининг 82-моддаси асосида балоғатга етмаган Аҳмадилло Акбаралиевич Эргашев тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилинсин. Белгиланган жазони у балоғатга етмаган ўспиринлар жазони ўташ муассасасида, кучайтирилган тарзда ўтасин, - деди Бакит Сарибаев.

Шундай қилиб, 32 нафар судланувчидан балоғатга етмаган Аҳмадилло Эргашевга 9 йил, Лобар Саидориповага 15 йил, Зарифа Абдураимовага 16 йил, қолган 29 нафарига 16 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси тайин қилинди.

Уларга оммавий тартибсизликларни уюштириш, ҳукумат вакилларига қаршилик кўрсатиш, соғлиги ва ҳаётига хавф туғдириш орқали ҳукумат вакилига нисбатан куч ишлатиш, мамлакатнинг ҳудудий дахлсизлигига хавф туғдириш, конституциявий тузумни ўзгартиришга ҳаракат қилиш, миллий ва диний низо чиқариш каби айбловлар қўйилди.

Судда иштирок этган 5 нафар давлат айбловчиси маҳкама жараёни одилона, очиқ-ойдин ўтказилди, деб ҳисоблайди:

- Суд жараёни 18 нафар адвокат, судланувчиларнинг яқинлари, оммавий ахборот воситалари иштирокида очиқ-ойдин, ҳаққоний тарзда ўтказилди, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, юздан ортиқ гувоҳлар, жабрланувчилар иштирок этди. Қолаверса, судланувчиларнинг қўшимча гувоҳлари ҳам маҳкама жараёнида тўлалигича иштирок этди. Бундан ташқари, судланувчиларнинг адвокатлари ўзларининг судда иштирок этолмаган гувоҳлари ёзма кўрсатмалари билан бизни таништирди. Бу ҳам суд жараёнининг очиқ-ошкор, одилона тарзда ўтказилганига далил бўлади, - деди давлат айбловчиларидан бири.

Бироқ судланувчиларнинг адвокатлари бу борада бошқача фикрдалар. Айрим адвокатларга кўра, жараёнда 32 нафар одамнинг тақдири ҳал бўлаётганига қарамай, суд ҳукмининг 5 кунда эълон қилиниши ҳукумат тарафидан суд раисига босим бўлди, деган хулосага олиб келади.

Адвокатлардан бири Улуғбек Усмонов жараёнда раислик қилувчи Бақит Сарибаевдан бундай босимларга бўйсунмасликни сўради:

- Ҳурматли судья жаноблари, сиз ўз хонангизда ҳукм чиқараётган пайтингизда ўз виждонингиз ва қонун билан яккама-якка қоласиз. Ўшанда сизнинг ички ишончингиз, сизга бўлаётган сиёсий босимдан устун келишини хоҳлардим. Агарда судланувчиларнинг гуноҳи бўлмаса, уларни оқланг. Ўшанда сизни барча, бутун халқимиз ҳурмат қила бошлайди, - деди Улуғбек Усмонов.

Суд раиси ўз ҳукмини изоҳлар экан, айбловчилар тарафидан келтирилган барча далилларни асосли, деб баҳолади.

- Судланувчиларнинг ўз айбига тўла иқрор бўлмагани ва уларнинг турли кўрсатмаларини суд жиноий жавобгарликдан қутулиш ёки енгил жазо олишга ҳаракат сифатида баҳолайди, - деди Бақит Сарибаев.

Ҳукм ўқиб эшиттирилганидан сўнг судланувчилар “Оллоҳу Акбар” хайқириқлари остида суд залидан олиб чиқиб кетилди.

XS
SM
MD
LG